Қирғизистоннинг яна бир собиқ президенти жиноятчи деб топилди

Сурат манбаси, Sochi. Mikhail Metzel/TASS
Қирғизистон маҳкамаси собиқ президент Алмазбек Атамбоевни коррупцияда айбдор деб топди ва 11 йиллик озодликдан маҳрум этиш ҳукмини эълон қилди.
"Суд Атамбоевни айбдор деб топди ва давлат мукофотлари ва мулкини давлат мусодара қилиб 11 йил икки ойлик озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади", дейилади Бишкек шаҳрининг Первомайский тумани суди чиқарган ҳукмда.
"Суд Алмазбек Атамбоевни коррупцияни ташкил этишда айбдор деб топди", деб айтган Россиянинг Интерфакс ахборот агентлигига судья Эмилбек Каипов.
Давлат айбловчиси собиқ президентни 15 йилга қамашни сўраган.
Собиқ президент Алмазбек Атамбоев 2019 йил августида Бишкек яқинидаги қароргоҳида қўлга олинган, бундан олдин уни ҳибсга олишга келган махсус кучлар ходимларига Атамбоев тарафдорлари қуролли қаршилик кўрсатган эди.
Орадан бир кун ўтиб Атамбоев ўзини ҳуқуқ-тартибот органлари ихтиёрига топширишга рози бўлган эди.
Собиқ президентга уни қўлга олишга борган ходимларга қарши ўқотар қуролдан ўт очишга буйруқ бериш айби ҳам қўйилди.
Бундан олдин Алмазбек Атамбоевни қўзғатилган жиноят иши доирасида гувоҳ сифатида сўроққа чақиришган, бироқ у боришдан бош тортган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Айблов томонига кўра, собиқ президент жиноий авторитет Азиз Батукаевни қонунга зид равишда қамоқдан чиқариб юборилишига алоқадор бўлган.
Қирғизистондаги колонияда узоқ йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Азиз Батукаев 2013 йилда саломатлиги важидан озод қилинган, кейин Чеченистонга чиқиб кетган.
Батукаевнинг озод этилиши бўйича ташкил этилган парламент комиссияси келган хулосага кўра унинг қўйиб юборилишига ҳукуматдаги юқори мулозимдаги амалдорлар алоқадор бўлганлар.
Бу иш бўйича тергов ниҳоясига етказилмай қолиб кетган, бироқ 2019 йили Ички ишлар вазирлиги текширишни қайта бошлаган. Ушбу иш юзасидан собиқ бош вазир ўринбосари Шамил Атаханов, соғлиқни сақлаш вазири Динара Соғинбоева ва тергов томонига кўра Азиз Батукаев оғир касал деб ташхис қўйган тиббиёт ходимлари ҳибсга олинган.
Алмазбек Атамбоев 2011 йил декабридан 2017 йил ноябригача Қирғизистон президенти лавозимини эгаллаган.
У 2005 йилдаги Қирғизистондаги "Лола инқилоби" раҳбарларидан бири бўлган.
Атамбоевнинг партиядоши Сооронбай Жээнбеков 2017 йилги демократик сайлов билан қудратга келди ва Атамбоев сиёсатининг давомчиси деб кўрилди.
Би-би-си экспертларига кўра, Атамбоев билан Жээнбеков ўртасидаги шахсий можаро сиёсий қарама-қаршиликка айланиб кетган, Атамбоев командасидаги бир неча киши жиноят иши қўзғатилиб ҳибсга олингани ортидан бу очиқ душманликка айланган.
Президент Сооронбай Жээнбеков собиқ президентларни жиноий жавобгарликка тортишга изн берадиган қонунни имзолаган.
Бу қонун имзоланишидан кўп ўтмай Алмазбек Атамбоевга қарши коррупция айбловлари илгари сурилди.
Қирғизистон парламенти Атамбоевни дахлсизликдан маҳрум этиш ҳақидаги қарорни қабул қилган.
Алмазбек Атамбоев ўзини сиёсий сабаблар билан таъқиб этилаётганини айтиб келган ва тергов савол-жавобига боришдан бўйин товлаган.
Алмазбек Атамбоев Қирғизистон мустақилликка эришилганидан кейин жиноий жавобгарликка тортилган учинчи президент бўлди.
Қирғизистонни 1990 йилдан 2005 йилгача бошқарган академик Асқар Акаев 2005 йилги "Лола инқилоби" туфайли ҳокимиятдан ағдарилган ва мамлакатдан қочишга мажбур бўлган эди.
Қирғизистон Бош Прокуратураси Асқар Акаев ва унинг қариндошларига нисбатан жиноят ишлари очган ва Россиядан Акаевни топширишни талаб қилган.
Асқар Акаевдан кейин 2005 йилдан 2010 йилгача президентликни эгаллаган Қурманбек Бакиев ҳам ҳокимиятдан ағдарилган ва Беларусга қочишга мажбур бўлган.
2013 йили суд Қурманбек Бакиевни қатор жиноий бандларда айбдор деб топган ва сиртдан 24 йиллик қамоққа ҳукм этган.
- Қирғизистон: Алмазбек Атамбоев қўлга олинди
- Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоев уйи қандай штурм қилинмоқда?
- Марказий Осиё: қудратда энг узоқ қолаётган ким?
- Атамбоевга қарши жиноий иш очилди - Қирғизистонда вазият қандай?
- Атамбоев иши: Масжиддан "Апрел"гача. Қирғизистон собиқ президентини нимада айблашмоқда?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek















