Афғонистон нега ҳозир ҳар қачонгидан ҳам хавфли?

Вайрона

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Вайроналар: Толибон ҳужуми оқибатлари.

Портлашлар ва ҳужумлар оқибатида ўнлаб, ҳатто, юзлаб одамларнинг ҳалок бўлиши - Афғонистондан келаётган хабарларнинг асосий қисмини ташкил қилаяпти.

Толибон ва бошқа қуролли гуруҳлар АҚШ дастагини олган ҳукумат кучларига қарши фаоллигини кун сайин ошириб бормоқда.

Нега мамлакатни қонли майдонга айлантирган урушнинг охири кўринмаётганлигини Би-би-си Жаҳон Хизмати мухбири Довуд Аъзамий изоҳлаб беради.

Зўравонлик ортмоқда

2001 йили АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Афғонистонга бостириб киргандан буён ўтган вақт ичида мамлакатдаги вазият ҳозиргиданда хавфли бўлмаган.

17 йил олдин халқаро коалиция томонидан ағдарилган Толибон бугунга келиб, янада кўплаб ҳудудларни ўз назоратига олган.

Афғон уруши АҚШ тарихидаги энг узоқ вақт давом этган урушга айланиб улгурди.

Алоқадор мавзулар:

Вақт ўтиши билан вазият кескинлашиб бормоқда. Ҳужумлар сони кун сайин ортмоқда, кўлами кучаймоқда, кенгроқ ҳудудларни эгалламоқда ва кўпроқ қон тўкмоқда.

Ҳар икки томон - Толибон ва АҚШ/НАТО дастагини олган Афғон ҳукумати мамлакатда бўйлаб ўз назоратини ўрнатишга интилаётир.

10 август куни Толибон кучлари Кобул жанубига олиб борувчи асосий йўлда жойлашган стратегик аҳамиятга эга Ғазний шаҳрига кириб келди.

Май ойида эса Толибон Эрон чегараси яқинидаги Фараҳ вилояти марказига ҳам кирган эди.

Ёшлар Толибонга қўшилмоқдами?

Жангларда кўплаб Толибон жангарилари ҳалок бўлган ёки оғир жароҳат олган, аммо бундай йўқотишлар гуруҳнинг жанговар руҳини янада оширган ва кўпроқ ёшларни уларнинг сафига жалб этган.

Бундан ташқари жангарилар қочиб чиқиш давомида шаҳарларда мавжуд қуроллар ва транспорт воситаларини ҳам ўзи билан олиб чиқиб кетган. Яна кўплаб шаҳар ва туман марказлари мунтазам Толибоннинг таҳдиди остида яшамоқда.

Ҳелманд ва Қандаҳор каби каттароқ вилоятлар марказлари - бу ҳудудларда юзлаб АҚШ, Британия ва бошқа хорижий аскарлар ҳалок бўлган - бугунги кунда Толибон назорати остида.

Айни вақтда ҳужумларда ҳалок бўлаётган тинч аҳоли сони ҳам мисли кўрилмаган даражага етган.

БМТга кўра, 2017 йилда 10,000 дан зиёд тинч аҳоли турли ҳужумларда ҳалок бўлган. 2018 йилда бу рақам янада каттароқ бўлиши кутилмоқда.

Трамп сиёсати вазиятни ўзгартира олмаяптими?

Афғон ва Толибон аскарлари

Сурат манбаси, EPA

Сурат тагсўзи, Толибон жангчилари уч кунлик оташкесим пайти Афғон аскарлари билан бирга расмга тушишмоқда.

Президент Трамп маъмурияти Афғонистон учун янги стратегия эълон қилганидан бери орадан бир йил ўтди.

Стратегияда АҚШнинг "ғалаба қозониш учун жанг қилиши" алоҳида таъкидланган эди.

Шу вақт ичида Трамп ҳукумати Толибонга босим ўтказиш, гуруҳни Афғон ҳукумати билан музокаралар столига ўтиришига мажбурлаш йўлида тўрт усулни қўллашга ҳаракат қилиб келди:

1.Ҳарбий босимни имкон қадар кучайтириш, бу йўлда, айниқса, ҳаво ҳужумлари ва махсус гуруҳлар рейдларидан фойдаланиш. Буни амалга ошириш йўлида Афғонистонга яна бир неча минг кишилик ҳарбийлар ташланган ва мамлакатда хизмат қилаётган АҚШ ҳарбийлари сони 14,000 нафарга етган.

2.Толибоннинг молиявий манбаларини нишонга олиш, жумладан, кўкнори етиштириладиган далаларни бомбалаш ва гуруҳ ҳисобига хориждан келадиган пул оқимини тўхтатиб қолиш;

3.Толибон олиб бораётган уруш қонунийлигини оммавий муҳокама қилиш, айниқса, бу масалани диний гуруҳлар ичида кўпроқ кўтариш;

4.Покистонни ўз ҳудудидан қўним топган Афғон Толибони етакчиларини қўлга олишга ёки мамлакатдан ҳайдаб чиқаришга ундаш.

Чоралар: Натижа ё натижасизлик?

Бироқ юқоридагиларни амалга ошириш ишлари кўп ҳолларда муваффақиятсизлик билан якунланган:

•Кучайтирилган ҳарбий босим Толибоннинг янги ҳудудларни босиб олиш суръатини камайтирган ва ўтган бир йил ичида кўплаб Толибон жангарилари (жумладан, баъзи гуруҳ етакчилари) йўқ қилинган. Шунга қарамай, гуруҳ ўзининг асосий ҳудудини назорат остида ушлаб туришнинг уддасидан чиқа олган ва мамлакат бўйлаб қонли ҳужумларни амалга оширишни кўпайтирган. Бошқа томондан Толибонга қарши ҳаво ҳужумлари тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлаётгани айтилади.

•Кўкнори етиштириладиган майдонлар ва қора дори тайёрланадиган лабораторияларнинг бомбаланишига қарамай, Толибон молиявий қийинчиликларга юз тутаётган кўринмаяпти. Сўнгги воқеалардан хулоса қилинса, гуруҳнинг молиявий аҳволи қайтанга яхшиланган.

•Индонезия ва Саудия Арабистони каби давлатларда исломий олимлар Афғонистондаги вазиятни қоралаб, турли учрашувлар ташкиллаштирдилар ва Толибонни Афғон ҳукумати билан музокаралар бошлашга ундадилар. Бироқ Толибон бу чақириқлар Вашингтоннинг Афғонистонда бошлаган урушини оқлайди, деган важ билан уларни рад этмоқда.

•Трамп маъмурияти Покистонга босимни янада кучайтириб, кўрсатилаётган хавфсизлик бўйича кўмакни вақтинча тўхтатиб қўйди. Толибонни қўлламаслигини иддао қиладиган расмий Исломобод Афғон тинчлик жараёнини бошлашда воситачилик қилишини маълум қилган, аммо Покистон ҳалича бу йўлда бирор сезиларли қадам ташламади.

Уруш нега кескинлашмоқда?

Афғонистондаги вазиятнинг жиддийлашишига сабаб бўлаётган беш асосий омил мавжуд:

1.Ҳам Толибон, ҳам Афғон ҳукумати устунликни қўлга киритишга интилмоқда. Ҳар икки тараф таъсир доирасини кенгайтириш ва янада кўпроқ ҳудудларда ўз назоратини ўрнатиш илинжида.

2.2001 йилдан бери АҚШнинг Афғонистонга нисбатан стратегияси самарадорлиги савол остига олиб келинади, бу йўлда олиб бораётган сиёсати шаффоф эмаслиги таъкидланади. 2001 йилдан буён ўн минглаб Толибон жангарилари йўқ қилинган, яраланган ёки асир олинган, аммо гуруҳ фаолияти сустлашгани кузатилмаган. 10 йил муқаддам АҚШ ва Афғон ҳукуматлари Афғонистондаги Толибон кучлари 15,000 нафар атрофида эканини маълум қилган эди. Бугунги кунда жангарилар сони 60,000 дан ўтиши тахмин қилинади.

3.Афғонистон ва Покистон ҳудудида Исломий Давлатнинг Хуросон фирқасини ташкил этилиши зўравонлик ва қон тўкишларнинг янада авж олишига сабаб бўлди. Хуросон гуруҳи юзлаб тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган айрим ўта қонли ҳужумлар бўйича жавобгарликни ўз бўйнига олган.

4.Тинчлик музокараларини бошлаш масаласи қанчалик тез ўртага ташланса, Толибоннинг бу музокараларда қудратли томонга айланиш истаги шунчалик ортмоқда.

5.АҚШ ва минтақанинг асосий ўйинчилари - айниқса, Эрон, Покистон ва Россия - ўртасидаги жиддийлашиб бораётган зиддиятли муносабатлар ҳам Афғонистондаги вазиятга салбий таъсир ўтказмоқда. Америка ва афғон расмийлари бу уч мамлакатни Толибонни дастаклашда айблайди, улар бу даъвони рад этади.

Афғон кучлари қанчалик кучли?

Афғон тинчлик фаоли

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Урушлардан безган афғонлар тинчлик намойишлари ўтказишмоқда.

Толибон фаолиятининг кучайиши ва гуруҳ томонидан амалга оширилаётган ҳужумлар сони ортиши афғон хавфсизлик кучлари салоҳиятини савол остига олишга мажбур қилади.

Афғон ҳукумати кучлари Толибон хуружини тўхтатиб қолиш учун зўр бериб курашаётган бўлсада, йўқотилаётган аскарлар сони юқори даражада турибди ва, ҳатто, ортиб бормоқда.

Афғон армиясида салоҳиятли раҳбарлар етишмаслиги, таъминотнинг издан чиққанлиги ва коррупциянинг авж олаётганлиги масаласи кўп бор кўтарилган.

Кобулдаги сиёсатчилар ва расмийлар ўртасида тобора ортиб бораётган тортишувлар ҳам ҳукуматнинг равон фаолият олиб боришига тўсқинлик қилмоқда.

2014 йилги президентлик сайловидан сўнг икки фракциянинг қўшилишидан ташкил этилган Миллий Бирлик Ҳукумати ичида, аслида, бирлик йўқлиги тез-тез кўзга ташланмоқда. Тўрт йилдан бери қудратда бўлиб келаётган ушбу ҳукумат ичида баъзи масалалар юзасидан кескин ихтилофлар юзага келган.

Сайловлар ҳақиқий бўладими?

Уч йилдан ошиқ вақт мобайнида кечиктириб келинган парламент сайлови жорий йилнинг 20 октябрида ўтказилиши кутилмоқда. Бироқ қонли хуружларнинг ортиши бу сайловнинг ўз вақтида ўтказилишига нисбатан шубҳалар ортишига сабаб бўлади.

Шунингдек, сайловдаги фирибгарлик ва кўзбўямачилик учун ҳозирдан тайёргарлик бошлангани тўғрисида хабарлар урчимоқда.

Бундан ташқари агар овоз беришлар мамлакатнинг зўравонлик ва таҳдид кучайган ҳудудларида ўтказилмаса, у ҳолда сайланиши кутилаётган парламентнинг вакиллик ваколати қанчалик тан олинади, деган савол ҳам ўртага чиқади.

2019 йил апрел ойида ўтказилиши режаланаётган президентлик сайлови бўйича баҳслар ва тортишувлар бундан ҳам кескинроқ бўлиши кутилмоқда.

Мободо ҳар икки сайловни ўтказишда ақл билан иш юритилмаса ва уларни ўтказишда муваффақиятсизликка юз тутилса, бутун Афғонистондаги сиёсий барқарорлик хавф остида қолиши мумкин.

Тинчлик музокаралари

Мамлакатдаги мавжуд нотинч вазиятга аралашган барча томонлар ихтилофни ҳарбий куч билан бартараф этиб бўлмаслигини англаб етган кўринади. Тинчлик музокараларини бошлаш учун умумий розилик аста-секин юзага чиқмоқда, барча томонлар можарони келишув йўли билан ҳал этиш истагини билдирмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида мисли кўрилмаган уч кунлик оташкесим ўрнатилиши, унинг ортидан - июль ойида АҚШ расмийлари ва Толибон вакилларининг Қатарда учрашиши тинчлик музокараларини бошлаш учун имкониятлар эшигини очган эди. Сўнгги етти йил ичида ҳар икки томон вакиллари илк бор юзма-юз музокара олиб бордилар. Яқин вақт ичида яна бир шундай учрашув амалга ошиши режаланган. Бу, АҚШнинг тажовузкор ҳарбий ҳаракатларига қарамай, ҳар икки томон урушда ғолиб бўла олишига кўзи етмаётганлигидан далолатдир.

Аммо ҳануз тинчлик музокараларини ўтказиш формати, уларнинг доираси юзасидан келишмовчиликлар мавжуд. Музокаралар самарали якунланиши учун барча томонлар бир-бири билан муросага қилиши талаб этилади.

Яна бир масала минтақавий ўйинчиларнинг ўзаро ҳамкорлик қила олиши ёки олмаслигига бориб тақалади. Афғонистон ва минтақадаги хавфсизлик нафақат АҚШ, балки Покистон, Россия, Эрон, Хитой, Ҳиндистон ва Саудия Арабистони каби давлатларнинг ҳаракати билангина таъминланиши мумкин. Бироқ, алал-оқибат, йилларга чўзилган урушга чек қўйиш йўлида қандай ҳаракат қилишни афғонларнинг ўз ҳал қилиши лозим.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek