Рамзан Қодиров: Мен учун намойишга чиқманг!

Сурат манбаси, AP

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров ўзининг ваколатини узайтириш мақсадида намойиш ва пикетлар ўтказмасликни сўраган.

Менинг ҳокимиятда қолишимни талаб қилган митинг ва акциялар ўтказиш таклифлари айтилмоқда. Албатта, мен халқимнинг дастагидан хурсандман, лекин ҳеч қандай намойиш керак эмас. Мен бунинг учун ўз фикримни айтмаган эдим", деб ёзган жаноб Қодиров Инстаграмдаги саҳифасида.

Рамзан Қодиров ҳокимиятга ёпишиб олмаслиги, тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун "керак бўлса қора ишчи бўлиб ишлашга тайёр"лигини билдирган.

Шанба куни Қодиров Россиянинг НТВ каналига берган интервьюсида ўзининг раҳбарлик даври ниҳоясига етганини айтган.

Мухбирнинг "Чеченистон раҳбарлигини бошқага бериши мумкинми?" - деган саволига "Бажонидил", деб жавоб берган.

"Ҳозир менинг исмимни халқимга қарши қўлламасликлари учун раҳбарият бошқа одам топиши керак деб ҳисоблайман. Менинг вақтим ўтди. Ҳамма инсоннинг чегараси бўлади. Қодиров ҳозир чўққига етган пайти", деб айтган Рамзан Қодиров.

Шу ҳафта бошида Би-би-си Рус хизмати билан интервьюсида ҳам Рамзан Қодиров ўзининг миссиясини бажариб бўлганини қайд этган ва давом эттиришни истамаслигини билдирганди.

Интервью мухолифатчи Илья Яшиннинг Қодиров кескин танқид қилинган "Миллий хавфсизликка таҳдид" ҳисоботи тақдимоти билан бир кунга тўғри келган.

"Чеченистонда Рамзан Қодиров томонидан тузилган сиёсий тизимни шахсий ҳокимият сифатида таърифлаш мумкин. Унинг республикадаги ҳокимияти ҳеч нима билан чекланмаган. Парламент, оммавий ахборот воситалари, маҳкама тизими минтақа раҳбарининг тўлиқ назорати остида", дейилган ҳисоботда.

Бироқ таҳлилчилар Рамзан Қодировнинг ўз ихтиёри билан истеъфога чиқиши тўғрисида турли фикрдалар.

"Кавказский узел" веб сайти раҳбари Григорий Шведовга кўра, "Қодировнинг кетиши ҳақидаги қарор қабул қилинишига ишонч камроқ бўлсада, бу мумкин. Чеченистонда ўз халқига террор усулини қўлламасдан ҳам уни бошқаришга қурби етадиган одамлар кўп".

Қийноқларга барҳам бериш қўмитаси раиси Игор Каляпиннинг айтишича, бундай бўлиши мумкин эмас.

"Қодиров очиқдан-очиқ ўзини "тарозига солмоқда". У буни оммавий ахборот воситалари учун қилмоқда. Аслида унинг амалдорларга қаратилган барча ички чиқишларида ҳар доим "бу ерда мен бошқараман, мен бу ерда бошлиқман!", деб кескин гапиради", деб айтган Игор Каляпин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon