Грознийда Қодиров тарафдорлари намойишга чиқишди

Сурат манбаси, AFP
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг тарафдорларидан иборат ўн минглаб намойишчилар Грозний майдонига йиғилишган.
Улар Рамзан Қодиров ва Россия президенти Владимир Путинни қўллашларини изҳор этишмоқда.
Айни намойиш, ташкилотчиларнинг айтишича, “мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринаётганларга” қарши норозилик чиқишидир.
Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари аввалроқ Россия ҳукумати ва президент Путинга мурожаат қилиб, Қодировнинг “таҳдиду пўписалари”га қарши чора кўришга чақирганди.
Рамзан Қодировнинг Россияда тутган ўрни борасида баҳсу мунозаралар авжига чиқар экан, Чеченистон раҳбарининг тарафдорлари ҳам “қўлингни торт” қабилида ўртага чиқишмоқда.
Россиядаги бир неча кўзга кўринган шахслар ижтимоий тармоқларда “Қодиров Россиянинг ватанпарвари” деган ўзига хос флешмобни бошлаб юборишди.
Бу Россия мухолифатининг “Қодиров Россия учун иснод” номли аввалроқ бошлаган акциясига қарши жавоб эди.
Ўтган ҳафта Қодиров норасмий мухолифатни “халқ душманлари” деб атади, Красноярск шаҳар кенгаши депутати Константин Сенченко эса бунга ғазаб билан жавоб берди.
Кейинроқ Сенченко узр сўради.
Аксарият депутатнинг узр сўраш учун босимлар сабаб бўлганини даъво қилди.
Пайшанбага келиб Чеченистон парламентининг раиси Магомед Даудов ўзининг Instagram саҳифасида бир неча таниқли шахсларнинг суратини эълон қилди.
Бу суратдагилар қўлларида “Рамзан Қодиров –ватанпарвар” деган ёзувни кўтариб олишганди.
Қодировни ҳимоя қилганлар орасида режиссёр Фёдор Бондарчук, қўшиқчи Николай Басков, актёр ва Чеченистонда хизмат кўрсатган артист Игор Верник ҳамда Биринчи каналдаги “Хайрли тонг” дастури бошловчиси Тимер Соловёвлар бор эди.
Би-би-си Қодировни дастакловчилардан Тимур Соловёв билан боғланганида, у Чеченистон раҳбари билан яқиндан бўлмаса ҳам таниш эканини айтди.
"Путин – Қодировнинг “юмшоқроқ” кўриниши”

Сурат манбаси, AFP
Чеченистон сиёсатчиларининг флешмоби айрим интернет ҳазилкашлари томонидан обдон масхара қилинди.
Шеърлар битилди.
Блогер Рустем Адагамов ўз интернет саҳифасида “Кобзон қани, қани Газманов, Расторгуев ва Лепс? Бурановские бабушки қани, нима учун бешинчи колонна билан курашда ўз ўртоғингизни ташлаб қўйдингиз?” дея айни флешмобда Фёдор Бондарчук иштирокини ҳажвга олди.
Борис Акунин тахаллуси билан ижод қиладиган ёзувчи Григорий Чхартишвилига кўра, "Қодировни Россия ватанпарвари деб ҳисоблайсизми ёки акси, бу бир маънода сиз қанақа Россияни севишингизни кўрсатади. Айримлар Қодиров байроғи остида кўнгилли бўлиб саф тортишмоқда. Эҳтимол, бу одамларнинг ҳол-жонига қўйишмагандир, билмадим...Аслида эса Путин, бу Қодиров-лайт (юмшоқроқ кўриниши демоқчи –таҳ.). Ҳозирги даврга эса ҳардкор керак”, дейди ёзувчи.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












