Россия учоғи қулашига бомба сабаб бўлган бўлиши мумкин

Сурат манбаси, AFP
АҚШ ва Британия расмийларининг айтишларича, қўлга киритилган жосуслик маълумотлари Россия учоғининг Мисрда ҳалокатга учрашига бомба сабаб бўлганига ишора қилади.
"Биз ҳалокатни катта эҳтимол билан учоқ бордидаги портловчи восита келтириб чиқарган деган хулосага келдик", деб айтган Британия Ташқи ишлар вазири Филипп Ҳаммонд.
31 октябр куни Россиянинг "Когалимавиа" ширкатига тегишли Аirbus A321 учоғи Синай яримороли устида қулаб тушиши оқибатида борддаги 224 инсон нобуд бўлганди.
Аммо, расмийларга кўра, ҳалокат борасида ҳали тўлиқ расмий хулосага келингани йўқ.
Бироз олдин Британия Шарм аш-Шайх оромгоҳидан парвозларни тўхтатиб қўйди. Ҳалокатга учраган Россия учоғи айни оромгоҳдан кўкка кўтарилган.
Миср тарафи эса, учоқни ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган жангари гуруҳ уриб туширгани борасидаги даъволарни рад қилган.
Россиялик мутахассислар бу ҳақда ҳали гапириш эрта эканини айтишганди.
Чоршанба куни Миср расмийлари ҳалокат натижасида Аirbus A321 учоғи "қора қутиси"га қаттиқ шикаст етганини билдиришганди.
Шунга қарамай, Миср Фуқаровий авиация вазирига кўра, улар қутидаги аудиоёзувларни олишга муваффақ бўлишган ва таҳлил қилиш учун текширувларга беришган.
Шанба куни Шарм аш-Шайхдан Санкт-Петербург учаётган самолёт осмонга кўтарилганидан 23 дақиқа ўтгач, Синай чўлига қулаб тушганди.
"Когалимавиа" ширкатига тегишли учоқда бўлганларнинг аксари россияликлар бўлишган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












