Қрим татарлари раҳбари:'Ватанга албатта қайтамиз'

Қрим ҳукумати депортация қурбонларини хотирлаш маросимларига чекловлар жорий қилган

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Қрим ҳукумати депортация қурбонларини хотирлаш маросимларига чекловлар жорий қилган

Украина Президенти Пётр Порошенко Россияни Қрим татарларини репрессия қилишда айблаган.

Киевда Қрим татарлари депортациясининг 71 йиллигига бағишланган маросимда гапирган жаноб Порошенко "ишғол остидаги Қрим татарлари Москва режимининг террор ва таъқибларидан азият чекмоқда", деб айтган.

Порошенко Украина эълон қилинмаган уруш ичида бўлса ҳам, барча фуқаролар қатори Қрим татарларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун чоралар кўраётганини урғулаган.

"Ҳозирги қийин даврда бирдамлик муҳимдир", деб айтган Украина раҳбари.

Қримнинг ўзида ҳукумат депортациянинг навбатдаги санасини хотирлаш маросимларига чеклов қўйгани хабар қилинади.

Бу йил депортация қурбонлари бутун Украина бўйлаб хотирланмоқда
Сурат тагсўзи, Бу йил депортация қурбонлари бутун Украина бўйлаб хотирланмоқда

Ўтган йил мартида Қримни аннекция қилган Россия кўп ўтмай, Қрим татарлари Мажлисининг фаолияти ҳамда раҳбарларининг Қримга киришини тақиқлаб қўйган.

Бу йил депортация қурбонларини хотирлаш маросимлари Украина бўйлаб кенг нишонланмоқда.

Қрим татарлари 1944 йилда Сталин тузуми томонидан немис фашистлари билан тил бириктиришда айбланиб, Марказий Осиёга бадарға қилинган эди.

Қрим татарлари раҳбари Мустафо Жамилўғлининг Би-би-сига айтишича, Қримнинг ўзида фаоллар ҳукумат уюштирган тадбирларда қатнашишдан бош тортишган.

Мустафо Жамилўғли: Биласизми, Қримда депортациянинг навбатдаги санасини нишонлашни бутунлай тақиқлаб қўйишди, аммо шунга қарамай, одамлар баъзи ерларда, қишлоқ жойларида тўпланишаяпти. Ҳозирча менда Қрим бўйича тўла ахборот йўқ, кечга томон аниқ бўлади. Қрим ҳукумати Қрим татарлари вакиллари билан биргаликда ёдгорлик пойига гулчамбар қўйишни режалашганди, аммо бизникилар ишғолчи ҳукумат уюштирган маросимда иштирок этишдан қатъиян бош тортишди. Ўзлари улардан аввалроқ бориб, ёдгорлик пойига гул қўйишди. Аммо Киев ва бошқа Оврўпо шаҳарларида бу сана кенг нишонланмоқда. Киевда бугун маҳаллий вақт билан соат 4 да Президент иштирокида расмий йиғин бўлиб ўтади, кейин эса Майдонда катта митинг ўтказилади. Украинанинг бошқа шаҳарларида ҳам турли маросимлар, анжуманлар ўтказиш режаланган.

Би-би-си: Қримнинг ўзида ўтган бир йилдан кўпроқ вақт давомида Қрим татарларининг аҳволи қанчалик ўзгарган? Уйларини ташлаб чиқаётганлар кўпми?

Россия Мустафо Жамилўғлининг Қримга киришини тақиқлаб қўйган

Сурат манбаси, AP

Сурат тагсўзи, Россия Мустафо Жамилўғлининг Қримга киришини тақиқлаб қўйган

Мустафо Жамилўғли: Қанча одам ватанини тарк этгани ҳақида аниқ маълумот йўқ. Аммо кечадан олдин Қрим татарларини Украинанинг бошқа ҳудудларига ерлаштириш билан шуғулланадиган "Крым-SOS" ташкилоти 35 минг деган рақамни берди. Шундан 20 мингга яқини Қрим татарларидир. Улар ҳозирда бутун Украина бўйлаб жойлаштирилган. Кўпчилиги ғарбий Украина вилоятларида. 3-4 минг Қрим татарлари Киевга келишган. Қримдан унча узоқ бўлмаган Херсон вилоятида ҳам кўп одам бор. Албатта, биз биринчи навбатда уларнинг Қримни ташлаб чиқишларини истамаган бўлардик, аммо у ердаги террор муҳити одамларни кетишга мажбур қилаётгани учун бу жараённи буткул тўхтатишнинг имкони бўлмаяпти. Аммо биз уларнинг Қримга яқин минтақаларда жойлашишларини истар эдик. Токи, Қрим озод бўлганидан кейин ватанга қайтиш осонроқ бўлсин.

Би-би-си: Қайтишга умид борми?

Мустафо Жамилўғли: Мен албатта қайтишимизга ишонаман. Фақат бу вақт масаласи. Ҳамма нарса жаҳон ҳамжамиятининг муносабатига боғлиқ. Украинанинг бир ўзи, айниқса, ҳарбий йўл билан яқин орада Қримни озод қилиши қийин масала. Аммо мен жаҳон ҳамжамияти билан биргаликда, биринчи навбатда, санкцияларни кучайтириш йўли билан Россияни халқаро майдонда ўзини яхшироқ тутишга мажбур қила оламиз, деб ишонаман. Санкциялар масаласида ҳозирча ҳамманинг мавқейи бир хил эмас. Айрим давлатлар қанчалик қимматга тушса ҳам, жаҳондаги тартибни тиклаш тарафдори. Аммо вазиятдан фойдаланиб, ўз молларини Россияга қимматроқ нархда сотиб қолишга уринаётган давлатлар ҳам йўқ эмас.

Би-би-си: Қримнинг аннекциясидан сўнг Қрим татарларининг ватанга қайтиш жараёни нима бўлди? Биз биламиз, масалан, Ўзбекистонда ҳали ҳам кўплаб Қрим татарлари бор ва улар ватанларига қайтишни хоҳлашади.

Би-би-си: Бу жараён тўхтаб қолди. Қрим ҳукумати ҳозир қаттиқ квота жорий қилган. Унга кўра, йилига фақат 3 ё-да 4 минг одамнинг келишига рухсат бор. Улар Қрим татарлари бўлишлари шарт эмас. Иккинчи томондан, ишғол остидаги ҳудудга келишни истаётган Қрим татарлари ҳам унчалик кўп эмас. Менинг назаримда, ватанига қайтишни истаётган Қрим татарларининг ҳозирча Қримга яқин Херсон вилоятига келиб, вақтинча ўрнашишлари мақсадга мувофиқ. Қрим озод қилинганидан кейин уларнинг ватанга қайтишлари осонроқ бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio