Украинада россиялик “кўнгиллилар” ҳақида ҳақиқат

Украинада урушган Россия армиясини аскари

Сурат манбаси, Dmitry Sapozhnikov 2

Сурат тагсўзи, Украинада урушган Россия армиясини аскари

Украинада россияпараст исёнкорлар билан ҳамкорлик қилаётган рус “кўнгиллилари” кимлар? Би-би-си мухбири Олга Ившина Россия махсус кучларининг аскари билан суҳбатлашишга муваффақ бўлган. Бу аскар сўнгги жангларнинг бирида Россия қўшинлари қанчалар муҳим рол ўйнаганини айтиб берган. Бу аскар ана шу жангларда контузия олган. У Би-би-си билан Санкт Петербургдаги ётоғидан Skype орқали суҳбатлашган.

Дмитрий Сапожников исёнкорларнинг “Донецк халқ республикаси” гуруҳига ўтган йил октябр ойида қўшилганди.

Аммо феврал ойининг охирларига келиб, Украина қўшинлари Россия дастаклаётган қўшинларни қақшатқич жангларда Дебалтцеводан қувиб чиқарганида жароҳатланади.

Россия мулозимлари эса Сапожников каби аскарлари Украина шарқида жанг қилаётганини мунтазам рад этиб келишади.

Аммо Дмитрийга кўра, “барча амалиётлар, айниқса йирик жанговар режалар Россия зобитлари, генераллари томонидан бошқарилади”.

"Исёнкорлар бизнинг қўмондонлар билан биргаликда режа тузишади. Биз эса ана шу режани бажарамиз”.

Танклар ҳақида

Рус танклари Украинада

Сурат манбаси, Dmitry Sapozhnikov

Сурат тагсўзи, Рус танклари Украинада

Бошланганидан бери қалтислигича қолаётган оташкесим ҳамон давом этмоқда.

Стратегик муҳим саналган Дебалтцево шаҳарчаси оташкесим имзоланганидан кўп ўтмай яна исёнкорлар ихтиёрига ўтди.

“Донецк халқ республикаси”нинг бу шаҳарча учун жангида Россиянинг махсус ҳарбий кучлари энг олдинги ўринларда урушга кирган.

9 феврал куни унинг гуруҳи Украина қўшинлари фойдаланадиган асосий йўлни эгаллаб олган.

Аммо исёнкорлар бу йўлни ўз назоратлари остида тутиб туриша олмаган.

"Аммо кейин Россия танклари етиб келди. Бурятиядан махсус танк қисми ёрдамида биз Дебалтцевони олдик”.

Аввалроқ эса Дмитрий Россия ички ишлар қўшинларида хизматда бўлган.

Санкт Петербургдаги транспорт тизимини қўриқлаган.

Аммо Украинанинг Донецк вилоаятига келиши билан уни Россия махсус кучлари сафига қўшишган.

Ўқув лагерида жанг ҳадисини олган.

Кейинроқ у ўзига уруш ўқишларини ўргатган одам Франсанинг хорижий легионерлари қаторида хизмат қилган шахс эканини айтди.

Қрим қиссаси

Путин Қримни аввалдан "қўшиб олиш" режасида бўлган...

Сурат манбаси, RIA Novosti

Сурат тагсўзи, Путин Қримни аввалдан "қўшиб олиш" режасида бўлган...

Россиянинг мунтазам қисмлари исёнкорларнинг оғир дамларида таянадиган ягона кучга айланган, айниқса ҳарбий амалиётларда тартиб-интизом ва тажриба керак бўлса, дейди Дмитрий.

Ғарб раҳбарлари, НАТО ва Украина ҳукумати жангларда Россия мунтазам қисмларининг иштирокига доир аниқ далиллар борлигини айтишади.

Американинг Оврўподаги ҳарбий қўмондонларидан бири Бен Ҳоджсга кўра, Украина ичкарисида қарийб 12 минг Россия қўшинлари мавжуд.

Россия эса бу айбловларни рад этади.

"Бу ҳаводан олинган сонлар халқаро ҳамжамиятни адаштиради ва ҳафсаласини пир қилади”, дейди Россия Ташқи ишлар вазирлиги воизи Александр Лукашевич.

Дмитрий эса...бундан бир йил аввал Россия Қримни эгаллаш учун ўз ҳарбий қўшинларини ишга солганини ҳам рад қилганини хотирлайди.

Аммо яқинда Россия телевизионида намойиш этилган ҳужжатли филмда Россия президенти Путин Қримни қўшиб олиш учун аввалдан режа қилганини тан олди.

"Менимча, Донбасда ҳам шундай бўлади...аввалига улар рад қилишади, кейин тан олишади”, дейди Дмитрий.

'Русларни ҳимоя қилиш'

Русларни кимдан ҳимоя қилишади?

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Русларни кимдан ҳимоя қилишади?

Дмитрий Ғарбни Россиянинг Украинадаги ҳарбий аралашувига кўз юмишга, айни пайтда Кремл ҳам украиналиклар тарафида Америка ва Оврўпо аскарлари урушаётганига эътибор бермасликка ўзаро келишиб олган деб ўйлайди.

Бу борада ўртада “махсус келишув” бор деб шубҳа қилади.

Украина аскарларини ўқув-машқлардан ўтказиш учун мамлакат жанубидаги Миколаив шаҳарчасига 35 нафар британиялик ҳарбийлар етиб келишган.

Буюк Британия Украина ҳарбийларига тиббий ёрдам ва ҳимоя усуллари бўйича сабоқ бермоқда.

Аммо бу Россия ва Ғарб ўртасида Украинадаги ҳарбий мувозанатни ўзгартирмаслиги аниқ.

Ўтган бир йил ичида Украинадаги уруш 6000 кишининг ҳаётига зомин бўлган.

Бу БМТ рақамлари, алҳол ташкилот мулозимлари қурбонларнинг асл сони бундан юқори бўлиши эҳтимолини рад этишмайди.

Дмитрийга кўра, Украинадаги жангу жадаллар унинг ҳаётга қарашларини бутунлай ислоҳ қилган.

У ҳамон тўғри йўлда эканини, “русийзабон аҳоли ва русларнинг манфаатларини Донбасда ҳимоя қилганини” айтади.

У ҳозир яна Украинага қайтиш-қайтмаслик ҳақида ўйламоқда.

Дмитрийнинг бу қарашларини аксарият россияликлар қўллаб-қувватлашлари аниқ.

Аммо унинг бошидан кечирганлари ва ҳикояси Шарқий Украинадаги зиддият борасида яна бир қанча саволларни ўртага отади...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02