Украина инқирози: "Оташкесимга риоя қилинмоқда"

Донбассда ўт очишлар тўхтагани эълон қилингандан буён ўтган соатларда "артиллерия сукунати ҳолати" сақланаётгани айтилмоқда.

Олдинроқ Чернухино ва Золотое туманлари томонидан ҳукумат кучларига қарата бир неча марта тартибсиз ўқ овозлари эшитилган, қурбонлар ва ярадорлар йўқ.

Бўлгинчилар вакили Эдуард Басурин жангчилари Украина кучларининг ҳаракатига қарши ўқ очишга мажбур бўлганларини айтган. Айни пайтда вазият тинч.

Сурат манбаси, Reuters

Украина армиясига кўра, жанговар ҳаракатлар сустлашган бўлсада, бутунлай тўхтади деб бўлмайди. Қуршовдаги Дебалцево атрофида 10 марта ўқ отишлар қайд этилган.

Бўлгинчилар Дебалцево яқинида ва Углегорскда ўзларининг позициялари нишонга олинганини билдирган.

Сурат манбаси, AFP

Кузатувчиларнинг айтишича, дастлабки 48 соат ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Душанба кундан бошлаб томонлар оғир артиллерия қуролларини 50-140 км масофа орқага олиб чиқишлари керак.

Жаноб Порошенкога кўра, тинчликка эришиш учун "охирги имконият" ҳали йўқотилмагани ҳақида умид бор.

Оврўпо раҳбарлари Минск келишувининг ҳамма бандлари амал қилинмаса, Россияни қўшимча жазо чоралари кутишидан огоҳлантирганлар.

Инсонпарварлик карвони

Сурат манбаси, EPA

Айни пайтда Россия Донбассга 1,8 минг тонна юк ортилган 170 юк машинасидан иборат янги инсонпарварлик карвонини жўнатган.

Москванинг таъкидлашича, инсонпарварлик ёрдамларини озиқ-овқат, тиббий дори-дармонлар, қурилиш материаллари ва ўқув дарсликлари ташкил қилади.

Бу Россиянинг Украина шарқига етказган 14-ёрдам карвони ҳисобланади.

Сурат манбаси, EPA

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, ёрдам ортилган 90 автомашина Донецкка, 80 дан ортиғи Луганскка боради.

Россиянинг дастлабки карвони ўтган йилнинг августида, охиргиси шу йилнинг 8 февралида чегарани кесиб ўтган.

Сурат манбаси, pa

Украина ҳукумати бундан аввал Россия инсонпарварлик карвони дея бўлгинчиларга қурол-яроғ етказиб бераётганини иддао қилганди.

Россия бу хабарларни қатъий рад этиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002