"Исломий давлат" ҳаракатида мусулмон қадриятлари борми?

Сурат манбаси, REUTERS
Исломий давлат томонидан иорданиялик ҳарбий учувчининг шафқатсизларча ёқиб ўлдирилиши мусулмон оламида янги баҳсларни пайдо қилди. Бир томондан у қаттиқ қораланган бўлса, бу иттифоқ кучларининг бомбалашларига Қуръон принципларига асосан қасос амали эканини айтиб ёклаганлар хам бор.
Матбуотда ва ижтимоий тармоқларда Исломий давлатнинг зўравонлик ҳаракатлари замонавий дунёда Ислом қандай талқин килиниши кераклиги ҳақидаги баҳсларни юзага чиқарган.
Лейтенант Муаз ал Касасбийни темир қафас ичига солиб, тириклайин ёқиб юборилиши Исломий давлат шафқатсизлик даражасини кўрсатади.
Бу нафақат бутун Яқин Шарқда ғазабнок қораланди, балки Исломда уруш қандай олиб борилади, ИД Ислом қонунларини урушда кандай ишлатиши ҳақидаги саволларни уйғотди.
Жазоирнинг Ал-Фажр рўзномаси шарҳловчиси бу борада кескин бўлди.
"Тентак ва ахмоқлар ўзларининг руҳиятларидан келиб чиқиб Исломни қайтадан кашф қилмоқдалар", дейди Ҳидаҳ Хизам.
У Ислом бундай ахмоқона ғоялардан озод қилиниши кераклигини айтган.
Ҳарбий учувчининг ёқилишини қоралаган Мисрнинг Ал-Аҳрам газетига кўра, Касасбийнинг ўлими исломдан бехабарликни кўрсатади.
Жиноятчилар ва қотиллар
Рўзномага кўра, кўп асрлар олдин ёзилган ўша давр учун зарур, бироқ вақтлар ўтиб ислом принципларини инкор қилувчи адабиёт, фатво ва қонунлардан тозаланиш лозим.
Ал- Аҳрам шарҳи мамлакатдаги давлат тўнтариши ва Президент ас Сиси томонидан "Мусулмон Биродар"ларни таъқибга олиш воқеаларидан айри бўлолмайди.
Улар ҳам ислом ҳақидаги баҳсларнинг марказидадир.
Январ ойида Жаҳон иқтисодий форумида жаноб Сиси мусулмонларни ўзларининг динлари ҳақида ўйлашга чақирган.
"Ислом, миллиардлаб одамларни эргаштирган бағрикенглик дини, у жиноятчилар ва террористлар томонидан бошқарилмаслиги керак", дейди Сиси.
"Биз мусулмонлар ислоҳотлар ўтказишимиз ва ўзимизнинг келажагимизга юзланишимиз керак. Шунинг учун озчилик томонидан тарихимизни оёқ ости қилишга йўл қўймаслигимиз керак", деган у.
Иордания қироличаси Рания ҳам мамлакатининг ИДга қарши кураши ушбу урушнинг бир қисми эканини айтади Би-би-сига.
"Бу узоқ жараён, биз ҳар томонлама курашимиз керак, бу ерда хавфсизлик даражалари ҳам ҳарбий ва ғоявий курашга каратилиши керак".
"Бу ислом эмас, ва биз динимизни бундай одамлардан қайтариб олиш учун курашишимиз керак", деб таъкидлайди у.
Даҳшат
Ислом давлати албатта қиролича Рания фикрларига қўшилмаслиги тайин.
Британиялик тарихчи Том Холланд сўзларига кўра, исломийлар ўзларини ҳақиқий диний ислоҳотчилар деб кўришади.
"Ислом мураккаб маданият ҳисобланади. У улкан таҳлил, фалсафа ва фанлардан иборат. Бироқ радикаллар асосларини Муҳаммад Пайғамбардан олишмайди".
Генерал Сисининг Давосдаги чиқишига қарамасдан Мисрда аксарият Исломнинг анъанавий қадриятларини юқори қўяди.
Жумладан, ёзувчи Фотима Наёт Қурбон ҳайитида жониворларни қурбонликка келтиришга қарши боргани учун яқинда Исломга ҳурматсизликда айбланиб маҳкамага тортилган.
Варварлик мусулмон оламида турлича муҳокамаларга сабаб бўлди. Бироқ сунний ислом таълимотининг марказларидан ҳисобланган Ал Азҳар университетидан Салим абу Алжалил қасос тўғри бўлганини айтади Би-би-сига.
Бу зўравонликка жавоб, дея у Қуръондан мисол келтиради.
"Буни Аллоҳ айтган. Агар кимда ким жиноят содир этса, у ҳам шу тариқа жазоланиши керак. Агар кимдир инсониятга қарши жиноят содир этса у ҳам шу тариқа жазоланиши керак.
Оддий мусулмонлар уларнинг динлари замонавий жамиятда қандай амал қилишидан хавотирда эканликлари ҳақида мисоллар борми?
Баъзилар бунга йўқ деб жавоб берган, бошқалари буни вақт кўрсатишини айтган.
Сюзанна Эззатга кўра, жангарилар диний тушунчаларнинг замонавийлашиб, ривожланишини ўйламайдилар, улар аждодлари томонидан тайинланган тор ва қаттиқ диний талабларда қотиб қолганлар.
Ашраф Хиндининг таъкидлашича, диний идоралар фақат диний жамият учун манфаатли тузум ва қонунчиликни таъминлашни хоҳлайди.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












