Украина тинчлик режаси муҳокамаси давом этади

Сурат манбаси, AFP

Украина инқирозига барҳам бериш бўйича Олмония, Франция, Россия ва Украина раҳбарлари ўртасида телефон орқали музокаралар бўлиб ўтган.

Меркел, Олланд, Путин ва Порошенко 11 февралда Минскда учрашиб, Украина масаласини муҳокама қилишга келишганлар.

Сурат манбаси, AFP

Бундан олдин Олмония канцлери Ангела Меркел ва Франция Президенти Франсуа Олланд Киев ҳамда Москвада икки давлат раҳбарлари билан учрашгандилар.

Музокаралар давомида ўт очишга барҳам бериш борасида янги тинчлик режаси ўртага қўйилган, бироқ тафсилотлар ҳозирча очиқланмаган.

Франсуа Олландга кўра, тинчлик режаси жумладан, Украина кучлари ва бўлгинчилар назорати остидаги ҳудудда 50-70 км кенгликда буфер зона ташкил қилишни кўзда тутади.

Кремлда Путин билан ўтган жума кунги музокаралар Украина шарқидаги инқирозни тўхтатиш бўйича охирги имкониятлардан бири бўлганини айтган жаноб Олланд.

Франция ва Олмония раҳбарларининг Кремл учрашуви Оврўпо Иттифоқи Россияга нисбатан янги жазо чораларини жорий қилиш борасида бир қарорга келишидан олдин Украинада тинчлик ўрнатиш йўлида қилган ҳаракати бўлди.

Ғарб Россияни Украина шарқидаги бўлгинчиларни қурол-яроғ билан таъминлаш, россиялик ҳарбийларни бу урушга жалб этаётганликда айблайди, Россия буни рад этиб келади.

Сўнгги ҳафталарда Россия “Новороссия” деб атаётган ҳудудларда бўлгинчиларнинг қўли баланд келмоқда.

Шу билан бирга, Меркел охирги кунлардаги дипломатик уринишлар Украина масаласида ижобий ўзгаришларга олиб келишига тўлиқ амин эмаслигини билдирган хавфсизлик масалалари бўйича Мюнхендаги халқаро анжуманда.

АҚШ расмийси Украина ўзини Россия тажовузидан ҳимоя қилишга ҳақли, деб айтган.

Сурат манбаси, Getty

Сурат тагсўзи, АҚШ расмийси Украина ўзини Россия тажовузидан ҳимоя қилишга ҳақли, деб айтган.

Меркел хоним яна бир бор Украина инқирози ҳарбий йўл билан ҳал қилинмаслиги, Минск келишувини амалга ошиши учун қатъий ҳаракатлар зарурлигини таъкидлаган.

АҚШ Украина инқирози дипломатик йўл билан ечилиш тарафдори эканини айтсада, Киевга мудофаа қуроллари етказиб бериш керак дейди.

Оврўпо раҳбарлари бундай вазиятда қон тўкилишлар кучайиб кетишидан хавотир билдирганлар. Россия эса Американинг Украина бўҳронига ҳарбий аралашуви оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантиради.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг жорий йилдаги дастлабки учрашувларида ҳам Украина бўҳрони муҳокама қилинган.

Украинадан келаётган охирги хабарларга кўра, якшанбага ўтар кечаси Украина кучлари ва бўлгинчилар ўртасида артиллерия отишмалари тинмаган. Икки тинч фуқаро ҳалок бўлгани, бир неча киши яралангани айтилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002