Киевда меҳрибонликка чорлаган билбордлар пайдо бўлган

Украина пойтахтида Муҳаммад Пайғамбар сўзлари битилган 17 та билбордлар пайдо бўлгани ижтимоий тармоқларда турли фикрларни уйғотган.

"Ердагиларга меҳрибон, адолатли бўлинг, мен сизни мукофотлайман" маъносидаги сўзлар битилган билбордлар Киев шаҳрининг бир қатор кўчаларига жойлаштирилган.

Бу каби акция бундан бир неча йил олдин Қрим пойтахти Симферополда, шунингдек Днепропетровскда Алраиддаги Бутун Украина мусулмонлар маркази ташаббуси билан ўтказилган, бироқ кутилгандек таъсирга эга бўлмаган.

Бу галги ҳаракат муаллифи олдинроқ айтилганидек, "Украина мусулмон ёшлари" исломий жамоаси эмас, Тарас Шевченко номидаги Киев Миллий университети фалсафа факультети магистранти экан.

Бироқ киевлик шарҳловчи Алан Жангожанинг айтишича, аксарият киевликларнинг асосий эътиборлари Украина шарқидаги вазиятга қаратилгани боис, бу галги акция ҳам муаллифлар хоҳлаган натижани бериши қийин.

Украинада ислом мавзусининг кучайгани ва билбордларнинг пайдо бўлишига исломийлар акцияси сифатида қараган баъзи сиёсий гуруҳлар бундан мамлакат сиёсий саҳнасига кириш мақсадида фойдаланишлари мумкин, деб айтади Алан Жангожа.

Аввало ўзининг сиёсий нохолислиги билан танилган Украина провослав церкови томонидан салбий муносабат янграши янгилик эмас.

Бу ҳолатда Муҳаммад Пайғамбар сўзларининг мазмуни эмас, балки уни ахлоқий принциплар сифатида оммага тақдим қилиш тарзи шарқий насронийлик марказларидан бири деб ҳисобланадиган Киевда ўзгача кайфиятни уйғотиши мумкин, дейди кузатувчилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002