Украиналик меҳнат муҳожирлар имтиёзлардан маҳрум бўладилар

Сурат манбаси, Getty
2015 йил 1 январидан бошлаб Россия украиналик меҳнат муҳожирлари учун мавжуд ишлашга рухсат берувчи тизимга ўзгартиришлар киритади.
Федерал Муҳожирлик хизмати раҳбари Константин Ромадановскийга кўра, украиналик фуқаролар бундан кейин ишлаш учун пантентларни жисмоний ва юридик шахслардан олишлари керак.
Бундан ташқари, Россияда 90 кундан ортиқ бўлмаслик тартиби ярим йил давомида қаттиқ амал қилади.
"2014 йилда биз Украина фуқароларига нисбатан ўта либерал тарзда ёндошдик. 2015 йилда биз ўз тартибимизга қайтамиз ва Украина фуқароларига ҳам умумий шартлар доирасида қараймиз", дейди Ромадановский.
"Фақат бунда Украинадан мажбуран чиққанлар ва маълум сабаблар билан қайтолмаганлар истисно бўлиши мумкин", қайд этган у.
Россия Украина билан виза тартибини жорий этиши ё йўқлиги ҳақида хабар бермаган ФМХ раҳбари.
"Биз мамлакатдаги ички можаролар туфайли қийин вазиятга тушган биродар давлат фуқароларига нисбатан мураккаб йўлдан бормоқчи эмасмиз", деб айтади у шунингдек.
Шу пайтга қадар Украина фуқаролари учун имтиёзли муҳожирлик тартиби амал қилиб келган. Улар Россияда 90 кунгача ҳеч бир рухсатномасиз қолишлари ва ишлари мумкин бўлган.
Бу муддатни узайтириш учун украиналиклар Россиядан бир соат бўлса ҳам чиқиб, сўнг қайтиб кира олардилар.
Чегарада украиналиклар ички паспортларини кўрсатишлари кифоя қилган , бу тартиб МДҲнинг баъзи мамлакат фуқароларига нисбатан ҳам амал қилган.
Янги йилдан бошлаб Москва МДҲ давлатлари фуқаролари учун муҳожирлик тартибларини мураккаблаштиради. Энди Белоруссия, Қозоғистон (Божхона иттифоқига қўшилишга тайёрланаётган Қирғизистон)дан ташқари барча қўшни давлат фуқароларига фақат хориж паспорти билан киришга рухсат берилади.
Бу Украина фуқароларига қанчалик таълуқли бўлиши ҳали аниқ эмас.
Ромодановский сўзларига қараганда, Украинадаги вазият боис мамлакатни тарк этган 850 мингга яқин инсон ҳозир Россияда.
Бундан ташқари, мамлакатда жами 2 млн 476 мингдан ортиқ украиналик бор деб кўрилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












