‘Лондонда мусулмон бўлиш осон эмас’
Шабнам Маҳмуд,
Би-би-си, 'Asian Network'

Энг катта мусулмон жамоаси Лондоннинг шимолий-ғарбий Килбурн туманида истиқомат қилади.
Икки боланинг онаси Асма Шайх ҳам улардан бири.
Оилавий тижоратлари бор: Килбурндаги дўконда исломий кийим-бош сотишади.
Унинг айтишича, мусулмонлар билан боғлиқ бирор бир можаро юз берса, савдолари ҳам ўтириб қолади.
“Бу – одатга айланиб қолган. Дейлик, Худо кўрсатмасин, кимнидир бошини танасидан жудо этишса, 7 июл ёки 11 сентябрдаги каби ҳужумлар юз берса, савдомиз ўлади-қолади. Одамларнинг яна бизга ишониб, дўконимизга қайтишлари учун муайян вақт лозим бўлади. Биз ҳам уларни тушунишга ҳаракат қиламиз, нима қилайлик..”, - дейди Асма хоним.
Лекин, унинг сўзларидан аён бўлишича, бу каби воқеалардан фақат тижоратлар зиён кўрмайди.
Асма хоним, ўз навбатида, Лондонда мусулмон бўлиш осон эмас, дейди.
“Мисол учун дўстларимнинг машиналарини расво қилиб кетишган. Вуличдаги бир машъум ҳодиса ортидан, меникининг ғилдираклари остига мих қўйиб кетишган. Ўшанда тўртта ғилдираги ҳам ёрилиб кетганди. Машинамнинг олд ойнасига эса, “Уйингга қайт”, деб ёзиб кетишганди”,- дейди у.

Бугун Лондонда мусулмонларга муносабат қандай, Асма хоним, деб сўрарканман:
“Мен ўзимни ҳеч қачон бамайлихотир ҳис қилолмайман. Ҳар доим ҳушёр бўламан. Одамларга ҳам ўйлаб гапираман. Салом-алик қилишга ҳам ҳадиксираб тураман. Кимдир саломимга олса, мени қабул қилди деб, қувониб кетаман”, - дейди у.
Лондон пойтахт полициясининг айтишича, ўтган йили мусулмонларга қарши жиноятлар 65 фоизга ортган.
Бу каби ҳужумларнинг аксарияти эса, исломий либосда бўлган хотин-қизларга қарши қаратилган.
Шунинг учун ҳам, айрим муслималар нима кийиш, ниқобда юриш-юрмасликдан ҳам ҳадиксираб қолишган.
“Айрим дугоналарим ниқобларидан воз кечишгача боришди. Чунки ҳаммасининг ҳам машинаси йўқ. Одамлар олайиб қарашгани учун эса, жамоат нақлиётларида ниқоб билан юришдан қўрқишган”, - дейди у.
Лекин Асма хоним ўзи ҳеч қачон бундай қилмаслигини айтади.
“Одамлар мени қабул қилишмайди ёки ҳужумга тутишади деб, нега мен ўз ҳаётимни тубдан ўзгартиришим керак. Мен ҳеч қачон бундай қилмайман, ҳижобимдан воз кечмайман”, - дейди у.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002












