Украина инқирози: рус аскарининг унутилган ўлими

- Author, Стив Розенберг
- Role, Би-би-си Москва
Ота–онасининг ҳовлисида Оксана марҳум акаси Константинни хотирламоқда.
У менга акасининг Шимолий Қафқозда ҳарбий хизматлари учун олган медали ва армиядан юборган сўнгги суратини кўрсатади.
"Мана бу расмни биз унинг қабрига қўймоқчимиз", - дейди Оксана.
Константир Москвадан бир неча юз чақирим узоқликда жойлашган бу ҳовлида ўлимидан уч ҳафта олдин ёзги таътилини ўтказганди.
"Константинга телефон қилишди. У ҳарбий қисм командири қунғироқ қилганини айтди. Командир ҳарбий қисмда текширув ўтказилишини ва ҳамма дарҳол бўлинмага қайтиши зарурлигини айтган," - деб эслайди Оксана.
"Акам 23 июнда жўнаб кетди. Уч кундан кейин телефон қилиб, кетаётганини айтди. Унинг овозидан нимадандир қўрқаётганини сездим," - дейди Оксана. - "Мен жануб-ғарбга отланаяпман! Украина жануби ғарбига!" деди у. Мен акам чегарани назарда тутган бўлса керак, деб ўйладим."
"8 августда биз яна телефон орқали гаплашдик. Лекин у, негадир, жуда ҳам шошилаётгандек туюлди менга. Константи ота-онамизга "Ота, она, мен сизларни яхши кўраман. Ҳаммага салом денг. Қизчамни ўпиб қўйинглар..," деди. Сўнгра чегара томон кетди. Билмадим, чегара эдими у жой, ҳарҳолда, акам бизга унга телефон қилмаслигимизни сўради. "Мен ўзим телефон қиламан," деб айтди."
Константин "контрактник", яъни профессионал аскар эди.
Рад этилган ўлим
Қаерда ва қандай қилиб Константин ҳалок бўлгани ҳануз номаълум.
"17 августда харбий коммисар ота-онамникига келиб, акам ўлдирилгани ҳақида хабар етказди, - давом эттиради Оксана. - Унинг айтишича, Украина ҳудудидан отилган снаряд Константин машинасига бориб теккан. Бошқа ҳеч нарса айтмади. Тобут келтирилгач расмийлардан бири акам Украина билан чегарадош ҳудудда ўтказилган ҳарбий машқларда ҳалок бўлганини айтди".
"Айтган гапларингизга ўзингиз ишонасизми?" - деб сўрайди Оксана мулозимдан.
"Йўқ," дейди у.
"Унда нега бундай дейсиз?" - деб сўрайди Оксана.
Бироқ савол жавобсиз қолади.
"Улар бизга уруш бўлмагаётгани ва аскарларимиз Украинада йўқлигини айтишади, - давом эттиради Оксана. - Бироқ унинг ўлимига ким жавобгар? Бу савол мени қийнайди, юрагимни қон қилади."
Россия расмийларининг бу масаладаги мавқеъи ўзгармаган: Шарқий Украинада бирорта ҳам Россия аскари йўқ ва умуман бўлмаган.
Хулоса: Россия Украинага бостириб кирмаган, ҳарбий амалиёт олиб бормаяпти ёда Кремл дастаги билан у ерда уруш олиб борилмаяпти.
Шу билан Россия ўзини бегуноҳ кузатувчи сифатида намоён этмоқчи.
Москва баъзи россиялик аскарлар чегарани кесиб ўтиб, қўлига қурол олганларини тан олса-да, ҳарбийларнинг таътилга чиққан пайтлари жанг қилаётганини таъкидлайди.
Бироқ, сўнги ҳафталарда Россия зобитлари Украинага жанг қилиш учун юборилгани ҳақида кетма-кет хабарлар чиққан.
Россия бўйлаб ҳалок бўлган аскарларнинг дафн маросимлари бўлиб ўтаётгани ҳақида маълумотлар ҳам тарқалган.
Калтаклаш ва тазйиқлар
Бу Россия учун ўта нозик масала.
Оксана билан суҳбатни тугатиб, унинг қишлоғидан қайтаётганимизда ижодий гуруҳимизни ДАН полицияси тўхтатди.
Машинамиз кузовини текширишди ҳамда биздан ҳужжатларимизни сўрашди.
Сўнгра биз 40 чақиримча узоқликда жойлашган Астраханга тушлик қилиш учун равона бўлдик.
Кафедан чиққанимизда, бизни бирдан уч киши қуршовга олишди ва ҳужум қилди.
Видео операторимизни ерга йиқитиб тепкилай кетишди.
Сўнгра унинг қўлидан Би-би-си камерасини тортиб олишди.
Уни ерга уриб синдиришди ва сўнгра ўзлари билан олиб кетишди.
Сўнгра тўрт соат давомида маҳаллий полиция бўлинмасида ўтириб, терговчиларнинг саволларига жавоб бердик.
Унутилган
Аэропортга борарканмиз полицияда сўроққа тутилган пайтимиз машинамизда қолган ёзиб олиш мосламасидаги маълумотлар йўқолганидан хабар топдик.
Асосий компютеримизнинг хард-драйви ва бир неча флэш-кардлардаги маълумотлар бутунлай ўчирилган эди.
Бахтимизга биз сал олдинроқ барча материалларни Лондонга юборишга улгиргандик.
Бироқ, биз тўплаган маълумотларни йўқотиш кимга керак эди?
Оксана террорист эмас, мухолифатчи ҳам эмас.
У истаган нарса - акаси ўлими борасида бор ҳақиқатни билиш.
Оксана Константин қаерда ва қай тарзда ҳалок бўлганини ва уни унутмасликларини хоҳлайди холос.
"Россияни севарди, у шундай ватанпарвар инсон эди,"деб айтади Оксана.
"Акамдек аскарни улар қандай унутишлари мумкин, мен тушунмайман. Уни ўлдиришди, уни ерга кўмишди , энди эса уни унутишяпти.”












