Киев газ нархи бўйича Москва билан судлашмоқчи

Сурат манбаси, Reuters

Украина Энергетика ва кўмир саноати вазири Юрий Проданнинг огоҳлантиришича, Россия газ нархини аввалги даражага туширмас экан, Киев Стоҳолм халқаро маҳкамасига мурожаат қилади.

Украина ҳукумати Россияни газ ҳақини кескин ошириб, иқтисодий агрессияга ўтишда айблаган ва Россия қўйган янги нарх билан келишиб бўлмаслигини айтган.

"Сиёсий босим ўтмайди, биз 500 доллар нархни қабул қилмаймиз", деб айтган Украина муваққат бош вазири Арсений Ятсенюк ҳукумат йиғилишида.

Ятсенюкнинг қайд этишича, олдин белгиланган минг кубометр газга 268 доллар мувофиқлаштирилган бозор нархи бўлиб, унга қайтилган тақдирда расмий Киев олдинги қарзларини тезликда тўлашга тайёр ва Газпромдан бу борада жавоб кутади.

"Россия ҳарбий агрессия воситасида Украинани ишғол қилолмади, энди улар иқтисодий агрессия орқали Украинани босиб олмоқчилар", дейди жаноб Яценюк.

Сурат манбаси, Reuters

Шу ҳафтада Украинага газ ҳақи "Газпром" томонидан икки марта оширилди.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Украина учун газнинг янги нархи минг кубометрга 485 доллар этиб белгиланганини эълон қилди.

Бунга сабаб, Украина томонининг газ қарзларини узиш бўйича мажбуриятларини бажармаганлиги ва Харков шартномаси- Россиянинг Қора денгиз флоти бўйича Украина билан келишуви тўхтатилгани деб изоҳлади Медведев.

Шанба куни "Газпром" раҳбари Алексей Миллер Россия март ойида Украинага етказилган газ учун ҳозиргача бир доллар ҳам олмаганини урғулаган.

Москва айни пайтда нафақат газнинг нархини кўтаради, балки "Харков келишуви" учун чегирмани ҳам қайтариб олмоқчи. "Газпром"нинг ҳисобича, Украина асосий қарзларидан ташқари 11,4 миллиард доллар тўлаши керак бўлади.

Шу билан бирга, Россия газ ширкати Оврўпо мамлакатларига юбориладиган газдан Украина "виртуал усул" билан ушлаб қолиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Украина Энергетика вазирлиги бу борада Россиянинг хавотирларига асос йўқлиги, Киев ўзидаги мажбуриятларни тўлиқ бажариши, Россия газининг Овропага транзити бекаму кўст амалга оширилишини айтади.

Юрий Проданга кўра, Киев Россия билан газ можаросини музокаралар йўли билан ечилишига умид қилаяпти.

2013 йил Майдондаги намойишларнинг энг қизғин палласида "Газпром" "Нафтогаз Украини" учун газ ҳақини 400 дан 268,5 долларга туширган. Президент Путин буни "биродар Украин халқига ёрдам" дея атаганди.

Бироқ Виктор Януковичнинг қудратдан ағдарилгани орқасида Москва ва Киев муносабатлари кескин ёмонлашди.