Оврўпо Иттифоқи Украина билан келишув имзолаган

Сурат манбаси, AP
Брюсселда Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари Украина билан яқин муносабатларга оид келишувни имзолаган.
Бу Қрим ярим оролини Россия томонидан қўшиб олиниши ортидан Украинага кўрсатилаётган дастак ўлароқ кўрилади.
Москвапараст президент Виктор Янукович Оврўпо Иттифоқи билан савдо битимини имзолашдан бош тортиши кенг кўламли аксилҳукумат намойишлар ва ўзининг қудратдан четлатилишига етаклаганди.
Жума куни Россия Давлат Думаси Қримни Россия Федерацияси субъекти деб тан олувчи шартномани ратификация қилган.
Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорлик битими Украина муваққат раҳбариятига ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий дастак беришга қаратилган.
Оврўпо Иттифоқи президенти Herman Van Rompuy бу борада бир баёнот тарқатиб, битим "Украина халқининг қадриятлар, демократия ва қонун устуворлигига таянган мамлакатда яшаш истаклари эътирофидир," деб айтган.
Ҳамкорлик шартномаси Оврўпо Иттифоқи Россиянинг Қримни қўшиб олишига қарши жазо чораларини кенгайтиришидан бир неча соат ўтиб имзоланган.
Украина муваққат бош вазири Арсений Яценюк бу Украина учун "тарихий кун" эканини айтган.
"Биз катта Оврўпо оиласининг бир қисми бўлишни истаймиз ва бу битим Украинанинг асл мақсади - иттифоқнинг тўлақон аъзоси бўлиш сари ташлаган илк қадамидир," - деб айтган Арсений Яценюк.
Брусселдаги Би-би-си мухбири Matthew Price айтишича, жума куни имзоланган шартнома ноябр ойида Виктор Янукович рад этган шартнома сингари тўлақон эмас.
Аввалги битимдаги кўплаб моддалар Украинада май ойида бўлиб ўтажак президент сайловига қадар имзоланмайди.
Битимдаги энг муҳим бўлим - Оврўпо Иттифоқи билан савдо шартномаси ҳали имзоланмаган.
Оврўпо Иттифоқи айни ҳамкорлик битимлари собиқ Совет Республикалари - Гуржистон ва Молдова билан ҳам ёзда имзоланиши кутилмоқда.
Айни дамда Россия бош вазири Дмитрий Медведев Украина Қримдаги Россия ҳарбий базаси мақоми ҳақидаги шартномага эҳтиёж қолмагани учун Украинанинг газдан бўлган 11 миллиард доллар қарзини тўлаб қўйиши керак, деб айтган.












