Британия юзлаб суриялик қочқинларни қабул қилади

Сурат манбаси, Getty Images
Суриялик "энг кўп ёрдамга муҳтож" қочқинларнинг баъзилари вақтинчалик Британияга қабул қилинадилар. Бу ҳақида Бош Вазир муовини Ник Клегг билдирди.
Унинг айтишича, жинсий зўравонликларнинг қурбони бўлган ёки шундай зўравонлик хавфи остида бўлган қизлар ва аёллар, қийноқлар қурбонлари, қариялар ва ногирон қочқинлар биринчи бўлиб қабул қилинади.
У мазкур амал билан Британия ҳукумати "бошпана билан таъминлашдек анъана"сидан мағрурланиб, уни ишга солаётганини айтди.
Ҳукумат бу қочқинлар сони юзлаб бўлишини кутаяпти, аммо ҳозирча аниқ квота рақамларини белгиламаган.
Британияга қочқинларни жойлаштириш дастури БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги олиб бораётган дастурдан айридир. БМТ дастурига биноан, Олмония 10 минг суриялик қочқинни қабул қилса, Франция 500 нафарини олади.
Ички Ишлар Вазири Тереза Мей кечроқ ҳукуматнинг бу борадаги режаларини парламент аъзоларига тақдим этиши кутилади.
Душанба куни бўлиб ўтган парламент мажлисида депутатлар ҳукуматни БМТ дастурида иштирок этмаётгани учун танқид остига олдилар.
Жаноб Клегг Британия шу пайтгача Сурия инқирози учун 600 миллион фунт стерлинг ёрдам ажратиб, жаҳондаги иккинчи энг йирик донор бўлганини айтди.
"Бироқ, можаро миллионлаб сурияликларни уйларидан қочишга мажбур қилар экан, биз қўлимиздан келган ёрдамни кўрсата олишимизга ишонч ҳосил қилишимиз керак," - деди у.
"Биз дунёдаги энг бағрикенг мамлакатларданмиз, ва ўйлайманки, ёрдам бериш бизнинг ахлоқий масъулиятимиз", - дея қўшимча қилди у.
Би-би-сига маълум бўлишича, Британия суриялик қочқинларга 3 йиллик виза беради.
Ник Клегг қочқинлар виза муддати тугагач, ватанларига қайтишни исташларига ишонишини айтди.












