Лондонда Марказий Осиё адабиёт фестивали бўлиб ўтади

7-11 ноябр кунлари Лондоннинг Юнус Эмро маркази ва Кембриж университетида "Silk Road Media" нашриёт уйи ва "Hertfordshire Press" билан ҳамкорликда Марказий Осиё китоб форуми ва адабиёт фестивали бўлиб ўтади.
Тадбир шу мавзудаги иккинчи фестивал бўлиб, дастлабкиси ўтган йили Бишкекда ташкил қилинган эди.
Лондон фестивали инглиз китобхонлари учун Марказий Осиё давлатлари адабиётини кенгроқ очиш, шунингдек нашриёт соҳаси вакиллари эътиборини уларнинг имкониятларига қаратиб, дунё бозорига чиқишига кўмаклашиш мақсадларини кўзлаган.
Марказий Осиёдан Эркин Аъзам, Ҳамид Исмоилов, Казат Аҳматов каби ёзувчилар, шунингдек британиялик муаллифлар ўзларининг Марказий Осиёга боғлиқ асарлари билан қатнашадилар.
Совет Иттифоқи қулагач, мустақил республикалар учун иқтисод биринчи ўринга чиқиб, китоб ўқиш ва нашриёт-матбаа масаласи назардан тушгандай бўлди.
Марказий Осиё китоб форуми ташкилотчилари фестивалга ташриф буюрганлар ўзларига нотаниш адабиёт ва адибларни кашф қилишига, хорижий китобхонлар ва нашриётларга муносабат яхши томонга ўзгаришига умид қилади.
Китоб фестивали 7 ноябр куни Юнус Эмро марказида очилиб, Би-би-сида режалаштирилган давра столи атрофида давом этади.
Фестивалнинг тақдирлаш маросими 9 ноябрда бўлиб ўтади.
Марказий Осиё китоб форуми ва адабиёт фестивали "Орзу" театрининг спектакли томошаси билан якунланади.












