Миср АҚШнинг ҳарбий ёрдамларни тўхтатиш ҳақидаги қарорини қоралади

Қоҳира Қўшма Штатларнинг Мисрга 1.3 миллиард долларга тенг ёрдамни тўхтатиб туриш ҳақидаги қарорини танқид қилган.
Миср Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Бадр Абделлати мазкур қарор нотўғри экани ва Миср "Америка босимига таслим бўлмаслигини" айтган.
АҚШ чоршанба куни Миср ҳукуматига ҳарбий ва нақд пул ёрдамларини тўхтатаётгани ҳақида айтганди.
Вашингтон қарори Мисрда бир неча ойдан буён давом этаётган сиёсий бўҳрон туфайли олинган.
Миср армияси президент Муҳаммад Мурсийни июл ойида ағдарганидан буён ҳукумат Мурсий етакчилик қилган ҳизб - "Мусулмон Биродарлиги" фаоллари билан бир неча бор тўқнаш келди.
АҚШ давлат департаменти август ойида Миср ҳарбийлари намойишларни қонли йўллар билан бостириши ортидан Мисрга берилувчи ёрдамни қайта кўриб чиқишга қарор қилди.
Чоршанба куни АҚШ давлат департаменти Мисрга "Апачи" тикучарлари, танк эҳтиёт қисмлари ва "Гарпун" ракеталарини етказиб беришни тўхтатиб қўйгани ҳақида эълон қилди.
Вашингтон расмийлари шунингдек Мисрга 260 миллион нақд пул ёрдами ва 300 миллион қарз кафолатномасини беришни тўхтатганлар.
Вашингтондаги Би-би-си мухбири Ким Гаттаснинг айтишича, ёрдамни тўхтатиш қарори рамзий аҳамиятга эга холос.
Қўшма Штатлар Миср соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига ёрдамларини давом эттираверади.












