Америкада ҳакам Масиҳ исмини Мартин қилиб ўзгартирди

Қўшма Штатларда маҳкама ҳаками 7 ойлик чақалоқнинг Масиҳ (Messiah) исмини Мартин дея ўзгартириш ҳақида буйруқ чиқарган.
Ҳакамга кўра, бу ном фақатгина Исо (А.С) пайғамбарга тегишли бўлиши керак.
Масиҳ Дэшон Мартиннинг ота-онаси ўз фарзандлари исми-шарфи бўйича Теннесси штати маҳкамасига мурожаат қилишганди.
Бироқ, Кук округи маҳкама ҳаками Лу-Анн Больюга кўра, асосан насронийлар яшовчи жамиятда мазкур исм боланинг ҳаётида мушкулотлар яратиши мумкин.
Бу ҳақда маҳаллий WBIR-TV канали хабар қилган.
Боланинг онаси Жализа Мартин эса, қарорга қарши шикоят аризаси беришини айтмоқда.
"Ҳакам ўз диний қарашларидан келиб чиқиб, боламнинг исмни ўзгартиришга ҳақли, деб ўйламайман", деб айтган у.
Мартин хонимнинг билдиришича, у учинчи фарзандига айни номни диний эътиқоди боис танламаган.
"Бу, шунчаки, бошқа болаларимнинг Микаҳ ва Мэйсон исмларига мос чиройли жаранглайди", дейди у.
Ижтимоий Хавфсизлик қўмитасига кўра, ўтган йил Қўшма Штатларда 700дан ортиқ чақалоқ Масиҳ деб номланган.
2012 йилда эса, энг оммабоп исмлар рўйхатида Масиҳ 387-ўринни эгаллаган.
Насронийликда Масиҳ Исо пайғамбарга нисбатан қўлланилади. Яҳудийлар эса, ўзлари кутган қутқарувчини Масиҳ дейдилар.
Луғатларда "масиҳ" сўзи қутқарувчи ва ё озод қилувчи шахсни англатиши ёзилган.












