Миср армияси 'тинч намойишлар'га рухсат берди

Сурат манбаси, c
Жума куни ағдарилган Президент Муҳаммад Мурсий тарафдорларининг норозилик чиқишлари кутиларкан, Миср армияси "тинч намойишларга рухсат бериши"ни айтган.
Янги муваққат Президент Адли Маҳмуд Мансур "халқнинг ҳақиқий иродаси"га таянган сайловлар ўтказишга ваъда берган.
"Мусулмон Биродарлари" раҳбари Жеҳад ал-Ҳаддад янги тузум билан ҳамкорликдан бош тортган.
Мисрнинг биринчи эркин сайлаб қўйилган раҳбари Муҳаммад Мурсий ва "Мусулмон Биродарлари"нинг бошқа қатор юқори мартабали аъзолари ҳибсда қолишаётир.
Жума куни эрта соатларда Синай ярим оролида исломий жангарилар армия ва полиция назорат-ўтиш нуқтасига уюштирган ҳужум оқибатида бир аскарнинг ҳалок бўлгани хабар қилинган.
Шунингдек, Мисрнинг Ғазо бўлгаси ва ал-Ариш аэропорти яқинидаги назорат нуқталари ҳам ҳужумга тутилган.
'Диктатурага қайтиш'
"Мусулмон Биродарлари"нинг Озодлик ва Адолат партияси ташқи сиёсат бўйича котиби Муҳаммад Соудан ҳарбийларнинг ҳаракати Мисрни "диктатура тузумига қайтариши"ни айтган.
"Одамларни маҳкама ҳукми ёки прокурорнинг буйруғисиз ҳибсга олиш бошландими, бу- демократиядан узоқлашиш дегани", - деб айтган жаноб Соудан Би-би-си билан суҳбатда.
Исломий партиялар коалицияси - "Қонун устуворлиги учун Миллий Коалиция" ўз тарафдорларини жума намозидан кейин армиянинг амалларини қоралаш учун оммавий норозиликларга чақирган.
Сўнгги зўравонликлар бошланган якшанба кунидан буён 50 киши ҳаётдан кўз юмган.
Мурсий тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида тўқнашувларнинг давом этишидан хавотирлар ортиб бормоқда.












