Эронда Ҳасан Руҳонийнинг президентлик сайловида қозонган ғалабаси нишонланмоқда

Туркияга янги намойишлар тўлқини хавф солиб турганда, қўшни Эронда минглаб инсонлар мўътадил ислоҳотчи Ҳасан Руҳонийнинг президентлик сайловида қозонган ғалабасини нишонлашмоқда.
Бугун эълон қилинган расмий маълумотга кўра, Ҳасан Руҳоний жума куни бўлиб ўтган сайловда овозларнинг ярмидан кўпроғини олган. Бу сайловнинг иккинчи даврасига ҳожат қолмаганини англатади.
Август ойининг учинчисида янги сайланган президент 3 парламент ўнгида қасамёд этади ва ўз вазифасини бажаришга бошлайди.
Пойтахт Теҳрон кўчалари Ҳасан Руҳонийнинг сайлов олди кампанияси рамзи ҳисобланган - қизил рангга бўялган. Барча Ҳасан Руҳоний ғалабасини қутламоқда.
Теҳронлик ёшлар ислоҳот талабидаги шиорларни ва янги президентнинг номини жўр бўлиб қичқиришмоқда. Полиция бу тантаналарга қўшилмасдан, кузатиб турибди.
"Мен анчадан буён ўзимни бунчалар бахтли ҳис қилмагандим. Алалоқибат улар бизнинг хоҳишимизни инобатга олишди", - дейди Мина исмли қиз.
2009 йилги сайловларда мухолифат раҳбари Мир Ҳусейн Мусавий ғалабаси башорат қилинган, бироқ кейинчалик ҳукумат Маҳмуд Аҳмадинежод ғалабага эришгани эълон қилди.
Сайлов натижаларининг қалбакилаштирилишига қарши норозилик намойишлари куч билан бостирилди. Ислоҳталабларнинг кўпи, жумладан президентликка икки номзод, қатағонга учради.

Эроннинг янги сайланган президенти ўз ғалабаси ортидан халққа баёнот тарқатди. Ушбу баёнотда жаноб Руҳоний ўз ғалабасини "демократия, ҳамкорлик ва очиқ мулоқотни ҳурмат қилувчилар учун янги имконият эканини айтди".
"Яратганга шукр, ақл ва мўътадиллик Эронда ғалаба қилди. Демократия ва очиқликка асосланган мамлакатлар энди Эрон халқига ҳурмат билан юзланиши ва Исломий республика ҳақ-ҳуқуқларини тан олиши зарур", - деб айтди Ҳасан Руҳоний.
Жаноб Руҳонийнинг сайловолди кампаниясида ташлаган шиорларидан бири бу - ядровий дастур туфайли Эронга нисбатан ишлатилаётган жазо чораларини бекор қилиш бўлганди.
Эронда жаноб Руҳонийнинг ғалабаси тантана қилинаркан, Оқ Уй бунга муносабати ўта эҳтиёткор бўлди. Эрон халқига табрик йўллаш билан бирга Америка Эроннинг ядровий дастури боғлиқ муаммолар ечими йўлида Эрон билан тўғридан-тўғри мулоқотга тайёр эканини билдирди. Оқ Уй вакили янги президентни сайлашда Эрон халқининг кўрсатган матонат ва иродани алоҳида қайд этди.
Франция ҳукумати ҳам Эроннинг янги раҳбарияти билан ҳамкорликка тайёр эканликларини билдиришди.
Британия Ташқи Ишлар вазирлиги янги сайланган президент идорасини "янги йўлдан борпишга" чақирди ва Теҳроннинг ядровий дастури ва мамлакатдаги инсон ҳақлари аҳволидан хавотирда эканини билдирди.
"Эрон ядровий дастурдан воз кечиши ва терроризмни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши шарт", - дейилади Исроил Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.
Россия президенти эса Эрон янги президентини янада яқин ҳамкорликка чақирган.
Халқаро ҳамжамиятнинг жаноб Руҳоний ғалабасига анчайин эҳтиёткорлик билан муносабат билдиргани, кузатувчилар фикрига кўра, Эронда ҳақиқий ҳокимият руҳоний раҳбар ва унинг анъанадор тарафдорлари қўлида қолаётгани билан изоҳланади.












