Эрон: Ислоҳотчи номзодлар қолмади

Эроннинг энг прагматик сиёсатдонларидан бири сифатида кўрилган собиқ президент Акбар Ҳошимий Рафсанжоний 14 июндаги сайловда президентлик учун кураша олмайди.
Мамлакат Инқилоб Қўриқчилари Кенгаши унинг номзодини президентлик учун яроқсиз, деб топган.
Бироқ бу қарор сайлов жараёнида яна норозилик ва тартибсизликка сабаб бўлиши мумкин. Сабаби - Рафсанжоний тарафдорлари сиёсий жараёнларни тарк этиб, сайловни бойкот қилиш эҳтимоли катта.
Тарафдорлар эса кўпчилик. Улар бир қатор кучлим ижтимоий гуруҳларни, ўрта табақани, тижоратчилар ва диний олимларни ўз ичига олади.
Хуллас, Эрондаги тузум энди ўзи рад этган мазкур ижтимоий гуруҳларнинг ғазабига учрамаслик учун, жуда кучли ҳимоя қалқони яратиши лозим.
Айни дамда, унинг тарафдорлари 78 яшар сиёсатчини нафақага чиқариб, сиёсий саҳнага бошқа етакчини чиқариш устида бош қотиришлари эҳтимоли ҳам айтилмоқда.
Инқилобчидан ислоҳотчига
Жаноб Рафсанжоний - Эрон Исломий Жумҳуриятига асос солган сиёсатдонлардан бири. У 8 йиллик Эрон-Ироқ урушидан мамлакатни олиб чиққан ва кейин қайта тиклаш дастурларига бош-қош бўлганди.
Аммо кейинги йиллари жаноб Рафсанжоний анча мўътадил сиёсатчига айланган ва ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда очиқлик ҳамда юмшоқликка чақириб келаётган эди.
Аммо Эрондаги анъанадор ва ўнг-қанот гуруҳлар бундай ўзгаришларни исташмайди. Шу боис иқтидордаги конвсерватор кучлар ислоҳот ўтказишга уринаётган сиёсатдоннинг мавқеини пасайтаришга бел боғладилар.

Кўпчиликнинг ишонишича, айни шу каби сиёсий сабаблар ортидан унинг ўғиллари ҳам қамоққа ташланган.
Эронда маълумотли ўрта табақа мавқеи кучайиши ортидан мамлакатда ҳам ўзгаришлар юз беради, деган фикрлар йўқ эмас.
Лекин бу каби зиёли табақа сиёсий маънода иҳоталаниб қолиши ҳам мумкин, деган хавотирлар мавжуд.
Узоқ муддат ислоҳотчилар ва анъанадорлар ўртасидаги муҳорабага гувоҳ бўлиб келган Эрон сиёсий саҳнаси сўнгги йиллари кўпроқ иқтисодий муаммолар билан ўралашиб қолди.
Айни дамда, мамлакат ядровий дастури бўйича Ғарб билан юзага келган танглик ҳам ички сиёсатдаги келишмовчиликларни бир қадар эътибордан четга тортган.
Бироқ Маҳмуд Аҳмадинежоднинг қайта сайланиши ортидан тўрт йил олдин юзага келган давомли норозиликлар тўлқини мамлакат ичкарисидаги вазият нозиклигини ҳам кўрсатмоқда.
Шунга қарамай, Эрон Исломий Жумҳуриятида ўзига хос демократик тамойиллар ишлайди.
Дейлик, президент икки муҳлатдан кейин қайта сайлана олмайди. Ёхуд парламент истаган пайти президент қудратини кесишга қодир.
Масалан, ўз даврида ислоҳотпарвар президент Муҳаммад Ҳотамий анъанадорлар мавқеи кучли парламент олдида ожиз қолган ва анъанадор депутатлар қаршилиги боис президентликка келгунча берган ислоҳотпарвар ваъдаларини деярли бажара олмаган эди.
Яқин Шарқни тутган "Араб баҳори" Эронга ҳам кўчиши борасида айрим фикрлар йўқ эмас. Лекин кўпчиликнинг ишонишича, Эронда бунақа инқилоб юз бермаслиги эҳтимоли катта.
Сабаби - мамлакатда муайян демократик тамойиллар ишлайди, араб давлатларидан фарқли тарзда яккаҳоким ҳукмронлар узоқ йиллар Эронни бошқариб келишаётгани йўқ ва давлат раҳбарлари парламент ё халқ олдида ҳисоб бериб боришга мажбур.












