Толибон икки қўриқчининг оёғи ва қўлини кесган

Қўриқчилар ҳозирда Ҳиротдаги касалхонада даволанмоқда
Сурат тагсўзи, Қўриқчилар ҳозирда Ҳиротдаги касалхонада даволанмоқда

Афғонистонда Толибон исёнчилари хорижий қўшинларга ишлаган икки қўриқчининг бир оёғи ва бир қўлини кесиб ташлаганлар. Бу ҳақида Афғонистон полицияси ва қурбонлардан бири Би-би-сига маълум қилди.

Толибон икки кишининг қўл ва оёқларини кесганини тан олди, лекин улар магистрал йўлда ўғирлик билан шуғулланганлари учун жазоланганини билдирди.

Қурбонлардан бири, 25 ёшли қўриқчи Ҳиротдаги касалхонадан гапириб, бир неча кун аввал шериги билан жангарилар томонидан ўғирлаб кетилганини айтган.

"Улар бизга ширкатга бомба жойлаштиришга буйруқ беришди, лекин биз рози бўлмадик", - деди исми шарифи ошкор қилинмаган қурбон.

"Улар сўнгра бизни ўз маҳкамасига олиб боришди ва у ерда ҳакамлар бир оёғимиз ва бир қўлимиз кесилишига қарор чиқарди. Биз қарши чиқдик, фақат пул топиш учун ишлаб юрганимизни айтдик", - деб айтган у.

Ҳирот полицияси воизи қурбонлар оиласи ва маҳаллий аҳолига маълумотига таяниб бу икки киши хорижий қўшинларнинг мол-мулкини қўриқлайдиган хусусий ширкатга ишлаганлари учун нишонга олинганларини билдирган.

Ҳодиса Работи Санги туманида юз берган.

Толибон ўз вебсайтида баёнот чиқариб, икковлон "Исломий амирликнинг туман маҳкамаси"га маҳаллий йўллардаги аҳолининг мулкини ўмарганларига иқрор бўлганларини айтган.

"Пайшанба куни тушда кўплаб маҳаллий аҳоли қаршисида Оллоҳ ва Шариат томонидан изн берилган жазо йўл ўғриларига қарши қўлланди ва барча маҳаллий мусулмонлар томонидан ҳуш қарши олинди", - дейилади Толибон баёнотида.

Толибон Афғонистонни 1996 ва 2001 йил орасида бошқарган ва қаттиққўл Исломий адлия қонунлари, хусусан савалаш, тана қисмларидан жудо қилиш ва қатл этиш усулларини қўллаган.

АҚШ бошчилигида 2001 йилда бошланган ҳарбий амалиёт Толибонни ағдарган, бироқ ҳаракат афғон ҳукумати ва хорижий қўшинларга ҳужумлар уюштириб келади.