"Ўзбек учоғи Қозоғистон ҳаво кенгликларини бузиб ўтмаган"

Ўзбекистон чегара хавфсизлиги қўмитаси Қозоғистонга Ўзбекистоннинг учувчисиз учоғи учиб ўтганлиги ҳақидаги хабарни рад этди, деб хабар беради РИА агентлиги.
Ўзбекистон чегара хавфсизлиги қўмитаси хабарида айтилишича, "Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабар текширилмаган.
" today.kz"сайтида берилган ўзбек учоғи Қозоғистон ҳаво кенгликларини бузиб ўтганлик хабари ҳақиқатга тўғри келмайди".
Бу борада Ўзбекистон чегара хавфсизлиги қўмитаси расман эълон қилган.
"Қозоғистон давлати чегарасида учоқсиз, ёки бошқа турдаги ҳаво қўшинларига қарши оператив-қидирув воситаларидан фойдаланилмаган".
Бундан олдин Қозоғистон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг учувчисиз учоғи Қозоғистонга ўтгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
"Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари штаби ўзбек учувчисиз учоғи томонидан содир этилган қонунбузарликни тасдиқлаган.
Айни пайтда Қозоғистон ва Ўзбекистон расмийлари ўртасида музокаралар олиб борилмоқда. Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинлари штабининг юз берган ҳодиса юзасидан расмий ахборотни Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигига йўлланган",- деб хабар берган эди Ташқи ишлар вазирлиги воизи Алтай Абибуллаев.
Ҳодисанинг 16 феврал куни Қозоғистоннинг Қорақалпоғистонга чегарадош Манғистау вилоятида юз бергани ҳақида хабар қилинган.
Қозоқ чегарачиларига кўра, Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий чегараси томонидан учиб келган учувчисиз аппарат Қозоғистоннинг Бейнеу посёлкасига яқин ҳудудга ўтган.
Қозоғистондаги КТК телеканали хабарига кўра, "тахминан Ўзбекистонга тегишли бўлган учувчисиз учоқ икки чегара дарвозаси яқинидан учиб ўтган, қайрилиб олган, чегара томонга қараб учиб, қўшни давлат ҳудудида кўздан ғойиб бўлган".
Учувчисиз учоқнинг жуда ҳам пастлаб учгани, шунинг учун ҳам уни Қозоғистон Ҳаводан Мудофаа тизими радарлари илғамай қолгани айтилган.
Номаълум учувчи аппаратнинг Қозоғистон ҳудудида 15 дақиқа давомида парвоз қилиб тургани, уни одамлар мобил телефонларида видеотасвирга олганлари ҳақида хабар қилинган.












