Футбол юлдузлари: рўза билан ўйинни қай йўсин мувофиқлаштириш мумкин?

Рамазон мусулмон спортчиларга, айниқса дунёнинг етакчи футбол лигаларида тўп сурувчи футболчиларга ўзига хос синов ойидир.
Футболчилар ҳам рўза тутишлари ва ҳам жисмоний бардошни талаб қиладиган матчларда иштирок этишга мажбурлар.
Хўш, Рамазон ойида Испания Ла Лигаси ва ё Англия премьер лигасида тўп сурувчи мусулмон футболчилар қандай йўл тутишади?
Британиянинг Индепендент рўзномасида чоп этилган мақола ана шу ҳақда.
Футбол жамоалари ўз ўйинчилари соғлигини ҳар жиҳатдан назорат этишга ҳаракат қиладилар.
Хоҳ жисмоний тайёргарлик бўлсин, хоҳ ейдиган овқат, спортчилар ҳар ҳафта шифокорларнинг махсус кўригидан ўтишга мажбурлар.
Аммо футбол жамоалари баъзи ҳолларда ташқи факторларни ҳисобга олишга мажбурлар.
Рамазон ойи рўзаси ана шу ташқи омиллардан биридир.
Англия Премьер-Лигасида мусулмон футболчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Хўш, футбол юлдузлари қандай йўл тутишади?
Премьер-Лиганинг "Вест Хам" ва "Тотенхам" футбол жамоаларида тўп сурган ва ҳозирда Испаниянинг "Севилья" жамоаси фахрийларидан ҳисобланган Фредерик Кануте 20 ёшида Ислом динини қабул қилган.
Фредерик Кануте ўзининг эътиқоди мураббийлари ва ё жамоадошлари билан бўлган муносабатларига ҳеч қачон таъсир кўрсатмаганини айтади.
"Аммо Рамазон ойида улар мени саволларга кўмиб ташлашади", дейди футбол юлдузи.
Бу аслида яхни нарса. Шу тариқа сен ўз динингни бошқаларга тушунтириш имконига эга бўласан, дейди Фредерик Кануте.
Англия Премьер-Лигаси ўйинларидан олдин пичирлаб дуо ўқиётган мусулмонларни тобора кўпроқ учратасиз.
Коло ва Яҳъё Туре, Николас Анелка, Самир Насрийлар Рамазон ойи улар учун ҳар томонлама синов эканини айтишади.
"Челси" жамоаси ҳужумчиси Николас Анелка Рамазон ойида футбол матчлари бўладиган кунларда рўза тутмаслигини, қарзини кейин адо этишини айтади.
"Рамазон ойида рўза тутган пайтимда тез жароҳат олишимни пайқаганман. Ўшандан буён рўза тутишга қатъий риоя этмайман", дейди Николас Анелка.
"Арсенал" ҳужумчиси Марван Чамах ҳам айни қарашда.
У футбол беллашуви бўладиган кунда рўза тутмаслигини, ҳар бир тута олмаган куни учун бошқа пайт бир кун рўза тутишини айтади.
"Милволл" жамоасининг қанот ҳужумчиси Ҳамид Буазза эса ҳеч нарса уни рўза тутишдан тўхтатиб қололмаслигини айтган.












