Дунёда семизлик ортмоқда

Сурат манбаси,
Британия ва Қўшма Штатларда чоп этилувчи “Лансет” журналига кўра, дунёдаги ҳар ўн нафар катта ёшлининг биттаси ортиқча вазнли ҳисобланар экан.
Лондондаги Империал Коллеж ва Ҳарвард тадқиқотчилари тана масса индекси - инсон организмидаги тана оғирлиги ва бўйига нисбатан ёғ миқдори ва холестерин миқдори ҳамда юқори қон босими даражасини ўрганиб чиқишган.
Тадқиқотлар 1980 йилдан 2008 йилгача бўлган муддатни қамраб олади.
Кўплаб ривожланган мамлакатларда юқори қон босими ҳоллари ва холестерин миқдори камайган, аммо умумий ҳолда дунё бўйлаб ортиқча вазнлилик, яъни семизлик ҳоллари ўсган.
Инсон танасидаги ёғ миқдорининг кўплиги бўйича Британияда истиқомад қилувчи эркаклар Оврўпода олтинчи, аёллар тўққизинчи ўринда туришар экан.
Семизлик ва холестерин миқдорининг кўплиги ва қон босимининг юқори бўлиши юрак касалликларига етакловчи омиллар ҳисобланади.
2008 йил дунёдаги эркакларнинг 10 фоизга яқини (9.8%), аёлларнинг 13.8% ортиқча вазнли деб топилган.
Ушбу рақамлар 1980 йил эркаклар учун 4.8% ни, аёллар учун 7.9% ни ташкил этган.
Тинч уммони оролларидаги мамлакатларда яшовчиларда тана масса индекси энг кўп 34-35 кг/m2 ни ташкил этар экан.
Бу жануби-шарқий Осиё ва Африка мамлакатларига қараганда 70 фоиз юқори деганидир.
Ортиқча вазнлилик бутун дунёда ўсган бир пайтда бадавлатроқ мамлакатларда юқори қон босими ҳоллари ва холестерин миқдори камайган.
Юқори қон босими ҳоллари, масалан, Австралия ва Осиёдаги аёллар ва Шимолий Америкадаги эркаклари орасида кескин тушган.
Жаҳон бўйлаб ҳисоблаганда ҳам юқори қон босими ҳоллари камайгани кузатилган.
Қон босимининг юқорилиги бўйича Болтиқ бўйи, Шарқий ва Ғарбий Африка мамлакатлари олдинги қаторда экан.












