Афғонистондаги Британия кучлари 'Сангиндан чиқиб кетади'

Сангиндаги Британ кучлари
Сурат тагсўзи, Сангинда Британиянинг 99 нафар аскари нобуд бўлган

Би-би-сига англашилишича, Афғонистондаги Британия қўшинлари Ҳелманд вилоятининг Сангин минтақаси хавфсизлиги масъулиятини Қўшма Штатлар кучларига топширади.

Британия ҳарбийлиги 2001 йилдан бери мазкур минтақада жуда оғир талофатлар берди: у ерда 99 нафар британ ҳарбийси нобуд бўлди.

Британия Мудофаа вазири Лиам Фокс парламент аъзоларига Сангин назорати АҚШ аскарларига зиммасига жорий йил охирида юкланиши мумкинлиги ҳақида маълум қилиши кутилмоқда.

Ҳарбийликнинг таъкидлашича, мазкур қадам минтақага кўпроқ Америка қўшинларини қайта жойлаштиришни англатади. Бироқ, Толибон буни мағлубият сифатида таърифлаши тайин.

Оғир саволлар Ўтган ой Британия Ҳелманддаги қўшинлар устидан қўмондонликни Қўшма Штатлар генералига топширганди.

АҚШ денгизчи кучлар бўлинмасидан Генерал-майор Ричард Миллс 1 июндан бошлаб Ҳелманддаги НАТО ва Халқаро хавфсизлик ёрдами кучлари назоратини қўлга олган.

Фокс жаноблари Британия Ҳелманд шимоли ва жанубини америкаликларга қолдириб, марказий минтақаларига диққат қаратишини эълон қилиши кутилади.

Би-би-сига маълум бўлишича, қўшинларни қайта жойлаштириш ишларига кўмаклашиш учун Ҳелмандга қўшимча британ кучлари жўнатилади.

Ҳарбийлик манбаларига кўра, техник дастаклар ва хавфсизлик кучлари Қибриснинг Епископи минтақасида жойлашган ҳарбий базасидан келтирилади.

Кобулдаги Би-би-си мухбирига кўра, Сангиндан Британия кучлари олиб чиқилаётган бир пайтда Ҳелмандга қўшимча кучларни жойлаштириш мутлақо вақтинчалик чора.

Би-би-сининг Мудофаа масалалари бўйича мухбири Жонатан Бейлнинг айтишича, Фокс жаноблари бу масала юзасидан ўта мушкул саволларга рўбору келиши тайин.

"Нима учун биз биргина масъулиятни америкаликларга топшириш учун шунча қурбонлик келтирдик", деб сўралиши мумкин", дейди Би-би-си мухбири.

Бундай саволлар, мухбиримизга кўра, фақатгина Сангинда ҳалок бўлган аскарларнинг оилалари томонидан янграмайди.

Мухбиримизнинг айтишича, Мудофаа вазирлиги айни амаллари минтақадан Британия кучларини чиқариб олиш сифатида талқин қилиниши ва ё Америка Британия кучларини бир маънода чиқариб олмоқда деган хулосалардан хавотирда.

Фокс жаноблари эса, Сангин масъулиятини Қўшма Штатлар кучларига топшириш ҳозир минтақа Америка қўмондонлиги остида бўлиб турган бир пайтда кўпроқ маъно англатишини айтиши мумкин.

Айни пайтда у Британия Афғонистондаги мажбуриятлари ва ё эътиборини камайтирмаётганини таъкидлаши кутилади.

Рақиб қавмлар истиқомад қилувчи Сангин тумани Британия ҳарбийлиги Иккинчи Жаҳон урушидан буён бардош берган ўта қақшатқич жангларга саҳна бўлган.

Айни пайтда Ҳелманд шимолидаги ушбу нотинч минтақа гиёҳванд моддалар саноатининг қоқ маркази ҳисобланади.

Вилоятда Британиянинг 8 минг қўшини жойлаштирилган бўлса, Президент Обама у ерга 20 минг нафар АҚШ денгизчи кучларини йўллади.