Ироқда яна ўнлаб тинч фуқаролар ўлдирилган

Ироқдан келаётган хабарларга кўра, Бағдод жанубидаги аксар сунний мусулмонлар истиқомат қилувчи ҳудудда 25 киши ўлдирилган. Қурбонлардан 5 нафарининг аёллар экани айтилади.
Ироқ полициясининг билдиришича, қуролли шахслар Бағдод сарҳадларидаги Суфия қишлоғига маҳаллий вақт билан тунги соат иккиларда кириб келишган.
Ҳарбий либосда бўлган қуролли шахслар тушган машина ҳам зирҳли автоулов бўлган.
Қуролли шахслар учта ҳовлига бостириб кириб, ўз қурбонларини олиб чиқиб кетишган. Сўнгра эса, отиб ташлаганлар.
Қурбонларнинг бундан икки йил аввал "Ал-Қоида" тармоғи ва унинг жангари иттифоқчиларидан юз ўгирган маҳаллий сунний жангчиларни дастаклаган оилалар аъзолари эканликлари айтилади.
Суфия қишлоғи эса, исёнкорларнинг таянч нуқтаси бўлиб келган аксарият суннийлар яшовчи минтақада жойлашган.
Ўтган яқин ойлар ичида мазкур ҳудудларда шунга ўхшаш яна қатор ҳужумлар ҳам амалга оширилганди.
Уларни "Ал-Қоида" тармоғи ёки унга алоқадор гуруҳлар амалга оширганликлари ишонилади.
Ироқда бўлган мухбиримизнинг айтишича, бундан уч йил аввал билан солиштирганда, Ироқда зўравонликларнинг умумий кўлами бироз пасайган.
Бироқ ўтган бир неча ой ичида аста-секинлик билан бўлса-да, изчил тус олиб бормоқда.












