Ярим йил ўтди: Украина Россия ҳужуми остидаги мустақиллигини сақлаб қола оладими? Dunyo Yangiliklar

Украинада мустақиллик куни

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Россия ҳужуми остидаги Украинада мустақиллик куни нишонланмоқда.

24 август Украина мустақиллиги куни. Бу кунни мамлакат Россия қуролли ҳужумлари остида нишонлади.

Бир неча кун олдин Украина раҳбарияти аҳолини мамлакат мустақиллигининг 31 йиллиги нишонланаётган кунларда ўта эҳтиёт бўлишга чақирди, шу кунлари Россия ракета ҳужумларини кўпайтириши мумкинлигидан огоҳлантирди.

23 августдан 25 августгача Украинанинг Киев, Харков ва бошқа шаҳарларида оммавий тадбирлар бекор қилинди, комендантлик соатлари жорий этилди.

Алоқадор мавзулар:

Британия бош вазирининг Лондондаги қароргоҳи

Сурат манбаси, Simon Bradley

АҚШ ҳам ўз истиҳборот маълумотларига таяниб Украина йирик ҳужумларга нишон бўлиши мумкинлигини айтди.

Америка ўз фуқароларини Украинадан чиқиб кетишга чақирди.

Президент Володимир Зеленский Украина мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан қилган мурожаатида бундан кейин Украина ён бермаслигини айтди.

Зеленскийнинг видео мурожаати Киевдаги вайрон этилган Россия техникаси манзарасида тасвирга олинган.

Тинчлик эвазига Россияга Украина ҳудудини беришга рози бўлиш янги урушга йўл очишни англатади, деди Президент Зеленский.

2022 йил 24 февралида Россия Украинага бостириб кирди.

Россия урушни уруш деб атамайди, Президент Путин уни "махсус ҳарбий операция" деб номлаган.

Уруш бошланганидан олти ой ўтиб Россия ўз олдига қўйган мақсадга эришолмади.

Танкдаги ҳарбийлар

Сурат манбаси, Reuters

Шу ҳақда ҳисобот чиқарган Буюк Британия Мудофаа вазирлиги разведкаси Кремль мақсадига эришолмаганини урғулаган.

Британ истиҳборотига кўра, Россия армияси салмоқли кучсизланди, аскарларнинг жанговар руҳи тушиб кетган.

Қурол-яроғ, транспорт воситалари ва шахсий таркиб етишмаяпти.

Жангларнинг олти ойи бу уруш Россияга ҳам иқтисодий ва ҳам стратегик маънода қанчалар қимматга тушгани аён бўлди, дейди Британ разведкаси.

Айни пайтда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистонда Украинадаги уруш суръати секинлиги сабаби ҳақида гапирган.

Шанхай Ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар мудофаа вазирларининг мажлисида гапирган Россия мудофаа вазири сўзларига кўра, "махсус операциянинг суръати тинч фуқаролар талофатини камайтириш мақсадида атайин секин олиб борилаяпти".

Украина Россия ҳарбийларини бир неча марта кўп сонли тинч аҳоли ўлимига олиб келган ҳужумларда айблаган.

Бироқ Россия Мудофаа вазирлиги фақат ҳарбий иншоотларни нишонга олаяпмиз, деб келади.

Лекин Ғарб таҳлилчилари фикрича, Россия фронтларда илгари силжий олмай қолганининг асл сабаби Украина қуролли кучларининг қаршилиги ва ёмон логистика дастакловидир.

Украина мустақиллиги куни муносабати билан халқаро миқёсда сиёсатчилар Украинани қўллаб-қувватлаб чиқдилар.

Лондондаги Буюк Британия бош вазирининг қароргоҳи Украина байроқлари рангида безатилди.

Европа Иттифоқи Комиссияси Президенти Урсула вон дер Ляйен, "Европа бугун ва узоқ келажакда Украина билан", деб айтди.

"Биз Украинани қанча керак бўлса шунча қўллаб-қувватлаймиз", деди НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek