Ўзга сайёралар ва биз: James Webb телескопининг вазифаси нима ва у қандай ишлайди? Видео - Dunyo Yangiliklar

James Webb телескопи рассом нигоҳида

Сурат манбаси, EUROPEAN SPACE AGENCY/SPL

Сурат тагсўзи, James Webb телескопи рассом нигоҳида
Ўқилиш вақти: 3 дақ

25 декабрда Ер сайёрасида қурилган энг йирик космик телескоп, Жеймс Уэбб, фазога учирилди.

НАСА 10 миллиард доллар сарфлаган бу лойиҳани ишлаб чиқишда 17та давлат қатнашди. Уни фазога учиришгача эса 25 йиллик меҳнат кетди.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Унинг ёрдамида олимлар миллиардлаб йил ўтмишга қарашга ва коинотнинг ёшлигини кўришга қодир бўладилар. Улар Катта портлашнинг чанг-тўзонидан энг биринчи юлдузлар ва галактикалар қандай туғилганини батафсил кўра оладилар.

Ер юзида бошқа қудратли обсерваториялар ҳам кам эмас. Лекин, улар Жеймс Уэбб вазифасини бажара олмайдилар. Гап шундаки, сайёрамиз атмосфераси космик нурларни фильтрлайди ва Ердаги расадхоналарга бу нурлар етиб келмайди.

Алоқадор мавзулар:

Албатта, фазода ҳам телескоплар бор. Уларнинг энг машҳури ва кучлиси - Хаббл. Жеймс Уэбб унинг ўрнини эгаллаш учун яратилган. Лекин, Хаббл буткул бошқа мақсадларда фазога чиқарилганди ва бизга керак жойда жойлашмаган. У Ерга яқин орбитада.

Хаббл қурилмалари фақат кўзга кўринадиган спектрдаги нурларни илғай олади. Бу эса электромагнит тўлқинларнинг бутун диапазонидаги қарийб 2 фоизи, холос.

Кўзга кўринадиган ёғду олис галактикалардан Ергача етиб келмайди. Уни йўлда космик чанг тўзғитиб юборади. Шундай экан, Жеймс Уэбб йироқ сайёраларнинг нурини эмас, иссиқлигини илғаб олади.

Иссиқлик, яъни инфра-қизил тўлқинлар анча узоқроққа тарқалади ва космик чанг булутларини ёриб ўтади. Ва шу йўсин уларнинг ортида нима яширинганини кўришга имкон беради. Буни биз аввал кўрмаганмиз.

Бунинг ёрдамида олимлар коинотнинг энг олис бурчакларини ҳам кўришга қодир бўладилар. У ерлар биздан 13 ярим миллиард ёруғлик йили масофасида жойлашган. Яъни, биз Коинот Катта портлашдан кейин атиги 200 миллион йил ўтиб қандай бўлганини кўра оламиз.

Ўшанда тортишиш кучи космик газлар уюмини энди-энди ўз чангалига олиб, улардан думалоқ шарлар ясаб, булутларни спираль билан ўраётганди.

Миллионлаб йиллар ўтиб, бу шарлар юлдузларга айланган, уларнинг ичларида эса кимёвий элементлар шакллана бошлаган. Бутун сайёрамиз ва, жумладан, инсонлар ҳам шу элементлардан ташкил топган.

EUROPEAN SPACE AGENCY/SPL

Сурат манбаси, EUROPEAN SPACE AGENCY/SPL

Сурат тагсўзи, Телескоп Ариан ракетаси бортида учирилди

Телескоп олис галактикаларнинг нурларини баҳайбат тилла суви югуртирилган ойна ёрдамида йиғади. Унинг диаметри олти ярим метр ва у 18та қисмдан иборат. Айни дамда телескоп қуёш нуридан яхши ҳимояланган бўлиши керак, шундай экан қуёш томонида қурилма бешта юпқа пластик қатламидан тузилган экранни қалқон қилиб олади. Унинг катталиги теннис майдонига тенг.

Бундай гигантни орбитага олиб чиқишга кучи етадиган ракета йўқ. Шу сабаб, телескоп шундай қурилганки, уни ҳудди оригамидек тахлаш ва шу ҳолда «Ариан Беш» ракетасига сиғдириш мумкин бўлди.

Бу мураккаб ва букланган қурилмани очиқ фазода ёйиш учун икки ҳафта керак бўлади. 25 декабрда учирилганидан кейин биринчи бўлиб телескоп ўзини энергия билан таъминлаш учун қуёш панелини ёйди. Телескоп фазога чиққанининг эртасига антеннаси чиқди. У орқали Ердаги диспетчерлар билан алоқа ўрнатилди ва уларга бошқарув топширилди. Сўнг асосий корпусдан ичида қуёшдан ҳимояловчи экран тахланган таглик ажралиб чиқди. Унда қаттиқ Каптон космик пластигидан ясалган бешта қатлам бор.

Экраннинг вазифаси - телескопнинг қизиб кетишига йўл қўймаслик. Акс ҳолда, у олис сайёраларнинг иссиқлигини илғай олмай қолади. Яқин кунларда тилларанг кўзгунинг ён қанотлари навбатма-навбат ростланади ва яхлит ликопчага айланади.

Телескопнинг манзили шундай лойиҳаланганки, у бизнинг сайёрамиз билан биргаликда, ва ҳар доим Ернинг соясида, қуёш атрофида айланади.

NASA/Chris Gunn

Сурат манбаси, NASA/Chris Gunn

Сурат тагсўзи, James Webb фазога чиқишдан олдин Аполло камераларида синовдан ўтди

У манзилга телескоп фақат январь охирида етиб бориши кутилади. Барча жиҳозлар ёйилиб жой-жойига тушишига яна икки ой кетади.

Тарихий маълумотларни йиғишдан ташқари, Жеймс Уэбб олдида яна битта ўта муҳим вазифа бор. Унинг ёрдамида биз биринчи марта Қуёш тизимидан ташқаридаги галактикаларда жойлашган митти экзосайёраларни кўра оламиз ва ҳатто уларнинг атмосфераси таркибини ўргана оламиз.

Ахир, агар миллиардлаб йиллар аввал Ерда ҳаёт пайдо бўлган бўлса, катта эҳтимол билан шунга ўхшаш шароитларга эга бошқа сайёраларда ҳам ҳаёт бўлиши мумкин.

Ҳаёт пайдо бўлиши ва давом этиши учун зарур бўлган шароитларни олимлар аллақачон аниқлаганлар. Энг асосийси, у ерда сув бўлиши керак. Айнан, суюқ ҳолда. Бунинг учун сайёра ўз юлдузидан жуда узоқда бўлмаслиги керак, акс ҳолда суви музлаб қолади. Жуда яқин ҳам бўлмаслиги керак, акс ҳолда сув буғланиб кетади.

Иккинчи жуда муҳим критерия - сайёранинг ҳажми ва массаси. Айнан шу икки нарсага у сайёрадаги тортишиш кучи ва атмосферанинг бор-йўқлиги боғлиқ. Ҳозирча олимларимиз бизнинг Қуёш тизимимизда бизникига ўхшаш сайёрани топа олишмаган. Яъни ҳудди Қуёшга ўхшаган юлдуз атрофида айланадиган Ер сайёрасига ўхшаган бошқа сайёра ҳали топилмаган. Аммо, изланишлар давом этади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek