Космик зиддият: Нега Хитой Илон Маск фазога чиқарган Старлинк сателлитларидан шикоят қилди? Dunyo, Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Хитой ўз фазо станцияси Старлинк интернет хизматларининг сунъий йўлдошлари билан тўқнашишига оз қолганидан шикоят қилиши ортидан, Старлинк эгаси Илон Маск танқидлар остида қолди.
Расмий Пекиннинг айтишича, Хитой фазо станцияси бу йилнинг ўзида икки марта Старлинк билан тўқнашиш хавфи остида қолган.
Алоқадор мавзулар:
БМТ фазо агентлигига юборилган бу шикоятлар асосидаги ҳодисалар ҳали мустақил манбалардан тасдиқланмади.
Старлинк - Илон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан юритилувчи сателлит интернет тармоғи.
Бу тармоқ ўз фойдаланувчиларига икки қутбдан ташқари дунёнинг ҳар қандай жойида интернетга уланиш имконини беришини айтади.
Старлинк мижозлари Dishy McFlatFace номли жиҳозлар орқали интернетга улана оладилар. Бу жиҳознинг нарҳи - 500 доллар.
Айни дамда Маскнинг электрик Тесла автомобиллари Хитойда қаттиқ текширувларга учраяпти.
"Маск - АҚШнинг қуроли"
Хитой Бирлашган Миллатларнинг Ташқи фазо масалалари идорасига бу ой топширган ҳужжатига кўра, ҳодисалар 1 июль ва 21 октябрда юз берган.

Сурат манбаси, Getty Images
"Хавфсизлик мақсадларида, Хитой космик станцияси тўқнашувни бартараф этувчи чораларни кўрди", дейилади агентлик сайтида чоп қилинган ҳужжатда.
SpaceX ҳозирча Би-би-сининг бу ҳодисалар борасидаги саволларига жавоб бергани йўқ.
Шикоятлар жамоатчиликка очиқланиши ортидан, Илон Маск, Старлинк ва АҚШ Хитойнинг (Твиттерга ўхшаш) Вейбо микроблог платформасида кескин танқидларга учрадилар.
Вейбодаги бир саҳифа Старлинкни "фазодаги ахлат уюми" дея таърифлади.
Бошқаларига кўра, Старлинк сателлитлари "Американинг фазодаги ҳарбий қуроллари", "Маск эса АҚШ ҳукумати ва армияси яратган янги қурол"дир.
Яна бошқаси ёзишича, "Старлинкнинг хавфи борган сари аён бўляпти ва уларнинг бизнес амаллари инсониятга қимматга тушади".
Шунингдек, Хитой АҚШни фазовий битимлардаги мажбуриятларни менсимасдан фазогирлар ҳаётини хавф остига қўйишда айблади. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги воизи Жао Лижиан Хитой АҚШни масъулиятни ҳис қилишга чақираётганини айтди.
Олимлар фазодаги тўқнашувлар хавфидан огоҳлантириб келадилар. Улар ҳукуматлардан Ер сайёрасини айланаётган 30 мингта сунъий йўлдошлар ва бошқа қолдиқлар борасидаги маълумотларни бир-бирларига очиқлашларини сўраган.
SpaceX Старлинк тармоғи фаолияти доирасида аллақачон фазога қарийб 1900 сателлитни чиқарган ва яна минглаб сателлитларни олиб чиқишни режалаган.
Ўтган ой АҚШнинг Наса фазо агентлиги космосдаги қолдиқлар туфайли Халқаро фазо станциясидан ташқарисида олиб бориладиган ишларни тўхтатиб қўйди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













