Россия: Москвада Ғалаба куни, Путин Мирзиёевни ҳам табриклади

Москва

Сурат манбаси, Alexei Druzhinin

Россия раҳбари Ғалаба куни билан аллақачон анча-мунча президентларни табриклашга ҳам улгурди. Россияда йилдан йилга уруш қатнашчилари сони камайиб бораётганига қарамай, бу йил ҳам байрам кўлами, дабдабаси ва харажатларига зўр берилди.

Ўзбекистон бу санани ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов ташаббуси билан, йилларки, Хотира ва Қадрлаш куни сифатида байрам қилиб келади.

Президент Шавкат Мирзиёев аллақачон пойтахт Тошкентдаги Хотира майдонига ташриф буюрган. Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйган.

Маълум бўлишича, Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири Тошкент ботаника боғида бўлиб ўтади.

Ўтган ой охирида Ўзбекистон Президенти "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармонни ҳам имзолаган.

Унга кўра, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига бу йил 7 500 000 сўм миқдорида бирйўла пул мукофоти берилиши кўзда тутилган.

Уруш қатнашчилари сони Ўзбекистонда ўтган йили 1168 нафар бўлса, бу йил улардан 878 тасининг ҳаёт экани айтилади.

Шавкат Мирзиёев

Сурат манбаси, President.uz

Россияда «Ғалаба куни»: Фахрийлар камайиб, дабдаба ортмоқда - «Ғалаба учун 160 доллар»

Россия 74 йилдирки, 9 май кунини 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида Қизил Армия ва совет халқининг Германия нацистлари устидан қозонилган Ғалаба куни сифатида кенг нишонлайди.

Йилдан йилга уруш қатнашчилари сони камайиб бораётганига қарамай байрам кўлами, дабдабаси ва харажатлари ортиб бормоқда.

«2019 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, Россияда деярли 75,5 минг нафар Улуғ Ватан уруши қатнашчиси яшайди», дея маълумот берди Россия Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазирлиги расмий сайтида.

Президент Владимир Путин 24 апрелда Россиядаги уруш қатнашчиларини ўртача 10 000 рубль (160 АҚШ доллари атрофида) миқдоридаги бир марталик мукофот пули билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Пойтахтдаярим миллиардлик тантана

Москва

Сурат манбаси, Mikhail Metzel

Уруш фахрийлари давлат бюджетидан ажратилаётган маблағ жами 750 миллион рубль атрофида бўлиб, бу миқдор ҳудудларга турлича тақсимланган.

Масалан, москваликлар 10 минг рубллик мукофот билан 500 миллионни пойтахтнинг ўзида қолдираётган бўлса, Россиянинг чекка ҳудудларидаги уруш қатнашчиларига берилаётган мукофот пули 5000 рубль билан чекланган.

«Ғалаба куни» дабдаба билан нишонлаш ҳаражати уруш қатнашчиларига кўрсатиладиган эҳтиромдан бир неча маротаба ортиқ бўлмоқда.

Дейлик, пойтахт Москванинг ўзига бу йил байрамни катта тантана билан нишонлаши учун ярим миллиард рубль сарфланмоқда. Ўтган йили Москвада байрамни нишонлаш 615 миллион рублга тушган бўлса, 2017 йилда 507 миллион рубль ҳаражат қилинган эди.

Москвадаги ҳарбий парад учун 470 миллион рубль ажратилган.

Байрамдаги қуёшли кун ҳам анчагина қиммат туради. Россия булутларни ҳайдаб, очиқ ҳавони таъминлаш хизмати 410 миллион рублга баҳоланади. Айтиш керакки, бу маблағ 9 май куни учун ажратиладиган энг йирик харажатлардан бири бўлиб, унга 10 та самолёт жалб этилади.

Қизил майдонни безатиш ва байрам мушаклари 55 миллион рублга тушмоқда.

Хиёбонлар ва майдонлардаги тадбирлар ва дастурлар учун 40 миллион рубль сарфланса, «Ўлмас полк»ни ўтказиш учун 13 миллион рубль ишлатилади.

Россия гўёки дунёга ўз қудратини намойиш этиш учун «Ғалаба куни»да ҳарбий намойиш ўтказишга алоҳида эътибор қаратади.

Бу йилги парадда 13 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилар, 130 та техника, 70 дан ортиқ самолёт ва вертолетлар иштирок этиши кутилган.

Аммо, Москвадан олинган хабарларга кўра, ноқулай об-ҳаво боис, ҳаводаги намойишлар бекор қилинган.

Аҳолининг 52 фоизи байрам қилмайди

Москва

Сурат манбаси, Valery Sharifulin

Миллионлаб одамлар кўчаларни тўлдириб, байрамдан хурсандлиги кўринади, аммо бу ҳолат бутун Россия бўйлаб дегани эмас.

Умумроссия Жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (ВЦИОМ) маълумотига кўра, 52 фоиз россияликлар Ғалаба кунидаги намойиш ва байрам тадбирларда қатнашмайди. Уларнинг 20 фоизи уруш қатнашчиларини табрикламоқчи ҳам эмас. 17 фоизи бу кун Россияда бўлишни ҳам истамайди.

«Май байрамлари»даги қатор дам олиш кунлари сабаб кўплаб россияликлар чет элларга кетишни ёки шовқиндан қочиб, табиат қўйнига дам олишга чиқишни афзал кўради.

«Ғалаба куни»ни нишонлашга ярим миллиард рублни ҳаржлаётган Россиянинг байрамига сабабчи фахрийлари ва кексалари бугун қандай яшамоқда?

Россияда ўртача нафақа миқдори 8 500 рубль атрофида.

68 ёшли Алла Николаевна ўзининг «Нафақахўр кундалиги»да ўзининг 13 000 рубллик нафақасининг 5000 рубли уй-жой, коммунал каби мажбурий тўловларга, 4000 рубли озиқ-овқатига, уч минги кундалик эҳтиёжларига кетиши ва орттиришга 1000 рубль пули қолишини ёзди.

Айни пайтда Россияда 42 миллиондан зиёд кишилар кексалик нафақасида.

Кейинги йилларда Россияда тобора оммавийлашиб бораётган «Ўлмас полк» намойиши қатнашчилари орасида ҳам нафақадагилардан кўра, асосан ёшларни кўриш мумкин.

«Нима учун «Ғалаба куни»ни бунчалик дабдаба билан нишонлашимиз керак?», дейди россиялик шоир Антон Черный.

«Афсуски, душман 1945 йилда йўқ қилинмаган, у бугун ичимизда, биз билан бирга. У бизнинг устимиздан, Иккинчи жаҳон уруши фахрийларининг устидан ҳар қанақасига кулмоқда».

Россия эса йилдан йилга зўр бериб, намойиш ўтказишда давом этмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek