"Россия қаҳрамони" Скрипалларни заҳарлагани хабар қилинмоқда

Сурат манбаси, Bellingcat / Russia Today
Жорий йилнинг март ойида Британиянинг Солисбури шаҳарчасида россиялик собиқ жосус Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлияни заҳарлаб кетишда айбланаётган эркаклардан бири шахсан Владимир Путиндан шарафли мукофот олган рус ҳарбий зобити экани маълум бўлди.
Шу ойнинг бошида британиялик терговчилар томонидан собиқ жосус ва унинг қизини заҳарлашда айбланаётган икки эркакнинг бири Руслан Боширов исмли кимса эканлиги маълум бўлган эди.
Кейинроқ президент Владимир Путин Бошировни оддий фуқаро, дея иддао қилган. Боширов ва унинг шериги Петров Russia Today телеканалига берган интервьюсида заҳарлаш юз берган вақтда Солибурига сайёҳ сифатида боргани ва шунчаки тасодиф қурбонига айланишганини айтган.
Аммо Bellingcat вебсайти Боширов аслида Анатолий Чепига исмли полковник рутбасига эга рус истихборот зобити эканини аниқлагани ҳақида маълум қилмоқда.
Чепига Чеченистон ва Украинада хизмат қилган ҳамда 2014 йили «Россия Федерацияси Қаҳрамони»га айланган.
Британ расмийлари ҳозирча бу борада бирор изоҳ бермаган, аммо Би-би-сининг Чепиганинг шахси юзасидан ихтилоф мавжуд эмаслигига ишончи комил.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Мария Захарова янги пайдо бўлган иддаоларни қатъиян рад этган ва бу уларни дастаклайдиган далиллар йўқлигини айтган.
Британ махфий истихборот хизмати бўлмиш MI6'га сирларни сотган собиқ рус жосуси Сергей Скрипал ва қизи Юлия жорий йилнинг 4 март куни Новичок нерв агенти билан заҳарлаб кетилган эди. Ота-бола ҳужумдан омон қолган.
Чепига ва унинг Александр Петров номидан фойдаланган шериги сохта ҳужжатлар билан Буюк Британия ҳудудига киргани тахмин қилинмоқда.
Полковник Анатолий Чепига
39 яшар Чепига обрўли рус ҳарбий академияларида таҳсил олган ва ГРУ - Россиянинг ҳарбий истихборот хизматида фаолият юритган.
Фаолияти давомида 20 дан зиёд ҳарбий мукофотларга сазовор бўлган.
У тахминан 2009 йилда Москвага юборилиб, у ерда Руслан Боширов номини олгани ишонилади. Чепига ўтган тўққиз йил давомида айни шу сохта ном остида ишлаб келган.
2014 йил декабрь ойида унга шахсан Владимир Путин томонидан Россия Федерацияси Қаҳрамони шарафи берилади. Махфий маросимларда тарқатиладиган бу медаль, одатда, Россия президенти қўли билан тақдим этилади.
Ҳар йили бир неча шахсгина Россия Қаҳрамони номига эга бўлади. Мукофот берилган вақтга эътибор қилинса, Чепига Украинадаги амалиётлар шарофати билан қаҳрамонга айланганини англаш мумкин.
Чепига ва Петров Англияга 2018 йил 2 март куни Москвадан учиб келадилар. Улар икки кун, жумладан, Скрипаллар заҳарланган куни ҳам, Солибури шаҳарчасида бўладилар.
Сўнг улар айнан заҳарлаш амалга оширилган 4 март куни Москвага қайтиб кетадилар. Иккала эркакка нисбатан Европа Иттифоқи ва Интерпол томонидан қидирув эълон қилинган.
Қонунчиликка кўра, Россия ўз фуқароларини бошқа давлат сўровига биноан экстрадиция қилмайди.
Ўз уйининг эшиги дастагига суриб кетилган ҳарбий даражадаги Новичок нерв агентидан заҳарланган 67 ёшли Сергей Скрипал ва Юлия Скрипал, Буюк Британия даъвосича, Россия ҳукуматининг бевосита кўрсатмаси ортидан ҳужумга учраган.
Бу суиқасд Буюк Британия, хусусан, қатор Ғарб давлатлари ва Россия ўртасида мисли кўрилмаган дипломатик зиддият келиб чиқиши ва халқаро санкциялар жорий этилишига сабаб бўлган.
Чепиганинг ўзи нима дейди?
Британия полицияси Руслан Боширов ва Александр Петров шахсини аниқлаганда, Владимир Путин улар оддий фуқаролар эканини даъво қилган эди.
Эртаси куни, 13 сентябрда Russia Today телеканалида пайдо бўлган жуфтлик ўзини "Солисбуридаги машҳур собор ва унинг 123 метрли минораси"ни кўришга борган ҳамда вазият қурбонига айланган бегуноҳ сайёҳлар сифатида таништирган.
Интервью давомида Боширов - ёки полковник Чепига - ўзи ва жаноб Петров соғлом озиқланиш маҳсулотлари билан бизнес қилиши ҳамда кўнгил ёзиш учун саёҳат қилиб туришини айтган эди.
Улар Скрипаллар ишига алоқадорлиги ва рус махфий хизматларига ишлаши борасидаги иддаоларни қатъиян рад этган.
Бундан ташқари жуфтлик шахсан Russia Today бош муҳаррири Маргарита Симонян томонидан олинган интервью чоғида бундай «ноўрин айбловлар» уларнинг ҳаётини «ағдар-тўнтар қилиб ташлагани»дан нолиган эди.
«Ташқарига чиқишга ҳам қўрқиб қолдик, ўзимиз ва яқинларимиз ҳаётидан хавотирланяпмиз,» деган эди Боширов.
Тереза Мей нима дейди?
26 сентябр куни БМТ минбаридан туриб дунё етакчиларига мурожаат қилган Буюк Британия Бош вазири Тереза Мей Россияни Солисбури воқеаси юзасидан «жирканч ёлғонлар тўқиш»да айблади.
Мей хонимга кўра, «ГРУ жосуслари қўли билан Британия кўчаларида олди-кетига қарамай кимёвий қурол ишлатган» Россия «халқаро тартибларни аёвсиз тарзда поймол қилган.»
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












