Россия собиқ жосусга уюштирилган эҳтимолий суиқасд борасида 'ҳеч қандай маълумот'га эга эмаслигини айтмоқда

Сурат манбаси, Reuters
Россия Англиянинг Солисбури шаҳарчасида хушсиз ҳолда топилган собиқ жосус воқеаси ҳақида 'ҳеч қандай маълумот'га эга эмаслигини маълум қилди.
Британия фойдасига жосуслик қилишда айбланган россиялик Сергей Скрипал якшанба куни Солисбури шаҳарчасидаги савдо маркази ўриндиғида 33 ёшли қизи Юлия Скрипал билан биргаликда ҳушсиз ҳолда топилган. Илк тахминларга кўра, ҳар иккала шахс ҳам номаълум модда орқали заҳарланган.
Кремл ушбу ҳодисани текшириш ишларида Британия полицияси билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирди.
Британия полицияси собиқ жосус ва унинг қизини беҳуш йиқилишга сабаб бўлган моддани аниқлашга уринмоқда.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков расмий Москва ҳодисани текшириш ишларида кўмак беришга тайёрланаётганини маълум қилган.
«Биз бу ҳодисани фожиа сифатида баҳолаймиз, лекин бизда унинг сабабларини очиқлашга имкон берадиган бирор маълумот йўқ,» деган Песков.
Солисбури шаҳарчаси жойлашган Вилтшайр графлиги полицияси баёнотига кўра, ота ва қиз шаҳарчадаги «Maltings» савдо маркази ўриндиқларидан бирида ёнма-ён ҳолда топилган. Уларда бирор очиқ жароҳат аниқланмаган, лекин полиция суиқасд эҳтимолини ўрганиб чиқмоқда.
Бош констебл ёрдамчиси Крейг Ҳолденнинг айтишича, ота-бола номаълум модда билан заҳарлангани гумон қилинмоқда.
Жаноб Ҳолденга кўра, полиция ҳозирча бу ҳодисани аксил-терроризм доирасида ўрганмаяпти, лекин кўплаб махсус хизматлар жараёнда иштирок этиб, ҳар қандай ҳолатга шай турибдилар.
Айни вақтда савдо маркази яқинидаги «Zizzi» ресторани атрофи хавфсизлик чораси сифати полиция томонидан ёпиқлигича қолмоқда. Ҳозирча қўлланилган заҳарли модданинг кенг оммага хавфи даражаси маълум эмас.
Сергей Скрипал ким?

Сурат манбаси, Reuters
Россия ҳарбий истихборот хизмати собиқ зобити, полковник Сергей Скрипал 2006-йил Британия фойдасига жосуслик қилиш айби билан 13 йилга озодликдан маҳкум қилинган эди.
У Европада фаолият юритаётган рус жосуслари шахси ҳақидаги маълумотларни Британия махфий истихборот хизмати - МИ6га беришда айбланган.
2010 йил июнида АҚШда сақланаётган 10 нафар рус жосуси эвазига озод қилинган тўрт маҳбус ичида бўлган Скрипал, кейинроқ, Буюк Британияга юборилади.
Ҳозирда Скрипал ва унинг қизи Солисбури касалхонасида интенсив равишда даволанмоқда.
Шаҳар марказидаги бир қанча нуқталар полиция томонидан ўраб олинган ва махсус кийимдаги ходимлар эҳтимолий заҳарли моддани зарарсизлантириш мақсадида кўчаларни ювиб чиқмоқдалар.
Газниқоб таққан махсус кийимли ишчилар жуфтлик топилган жой атрофини синчиклаб ўрганиб чиқмоқда.
Қўшниларнинг маълум қилишича, якшанба куни Скрипал уйини ўраб олган полиция ҳали ҳам ўша ерда қолмоқда.
Қўшниларга кўра, Скрипал очиқкўнгил шахс бўлган, бир неча йил олдин рафиқасидан айрилган.
Ҳодисага гувоҳ бўлган Фрея Черч Би-Би-Сига шундай дейди: «Катта ёшли эркак ва ёшроқ аёл ўриндиқда ёнма-ён ўтирарди. Аёл юзи билан эркак томон эгилиб қолган, жонсиздек кўринарди. Эркак осмонга қараганча қўлларини ғалати силкитарди.»
«Уларнинг кўриниши шунчалик ёмонлигидан мен қандай ёрдам беришни ҳам билмай қолдим.»
Айрим кузатувчилар собиқ рус жосусининг номаълум модда билан эҳтимолий заҳарланиши ҳодисасини 2006 йилдаги Александр Литвиненко воқеаси билан менгзамоқда. Ўшанда россиялик диссидент, собиқ истихборот зобити Литвиненко Лондонда чойга қўшилган радиоактив модда билан заҳарланган эди. Ҳодиса юзасидан ўтказилган мустақил текширув Литвиненкога уюштирилган суиқасд шахсан Владимир Путин ижозати билан амалга оширилган бўлиши мумкин, деган хулосага келганди.
Россиянинг Буюк Британиядаги элчихонаси вакили Скрипал ҳодисаси бўйича шундай изоҳ берди: «Тилга олинган шахснинг на яқинлари, на ҳуқуқий вакиллари ва на Британия ҳукумати мазкур воқеа юзасидан элчихонага мурожаат қилмади.»
Александр Литвиненконинг беваси Марина Литвиненко куни кеча содир бўлган ҳодисани 'дежавю' (бирор ҳодисага олдин ҳам гувоҳ бўлгандек ҳис қилиш) деб атади ва сиёсий бошпана олганларни янада 'еҳтиёткор' бўлишга чақирди.
«Бу ҳодиса Буюк Британиядан сиёсий бошпана олган шахслар хавфсизлиги ҳақида қанчалик жиддий бош қотиришимиз зарурлигини кўрсатади,» дейди Литвиненко хоним.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












