Путин 'афтидан' Литвиненконинг ўлдирилишини маъқуллаган

Сурат манбаси, Getty
2006 йилда собиқ жосус Александр Литвиненконинг ўлдирилиши, "афтидан" Президент Владимир Путин томонидан маъқулланган.
Британиядаги расмий тергов ана шундай хулосага келган.
Жаноб Литвиненко 2006 йилда заҳарли радиоактив полониум-210 моддаси билан заҳарланишидан бир неча кун ўтиб, вафот этган эди.
Президент Путиннинг ашаддий танқидчиси бўлган 43 ёшли Литвиненко заҳарли моддани чой билан бирга ичган, деб ишонилади.
Россиялик икки шахс- Андрей Луговой ва Дмитрий Ковтун қотилликда айбланган.
ФСБнинг собиқ зобитлари бўлган ҳар икки шахс айбловларни рад этишади.

Сурат манбаси, Getty
Ҳакам Сэр Роберт Оуэн икки гумондор, афтидан, Россия жосуслик хизмати-ФСБнинг кўрсатмаси асосида иш кўрганликларини айтган.
Сэр Роберт ўз ҳисоботида Президент Путин билан бирга ФСБ раҳбари Николай Патрушев номини алоҳида ажратиб кўрсатган.
"Ихтиёримдаги барча далил ва таҳлилларни инобатга олган ҳолда, шундай хулоса қиламанки, ФСБнинг Литвиненкони ўлдириш амалиёти афтидан, жаноб Патрушев ва шунингдек, Президент Путин томонидан маъқулланган", - деб айтган британиялик ҳакам.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги Британиядаги тергов хулосасини "сиёсий жиҳатдан нохолис ва шаффоф эмас", дея баҳолаган.
"Соф жиноий ишнинг сиёсийлаштирилгани ва икки томонлама алоқаларга соя солганидан таассуфдамиз", - деб айтган Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова.
Россиянинг Лондондаги элчиси Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилган.
'Путин буюрган'
Аввалроқ Литвиненко оиласининг адвокати қотилликни Путин буюрганига шубҳа йўқлигини айтган эди.
Адвокат Бен Эммерсоннинг айтишича, Россия ҳукуматининг бу қотилликдаги роли "ишончли тарзда исботланган".
Эммерсонга кўра, Кремл Литвиненконинг ўлдирилишини истаган ва бунинг учун зарур захираларни ажратган.

Сурат манбаси, Reuters
Шунингдек, адвокат илмий экспертиза собиқ жосусни Дмитрий Ковтун ва Андрей Луговой ўлдирганларини исботлаганини айтган.
"Путин борган сари "яккаланиб қолаётган кичик мустабид ва руҳий жиҳатдан беқарор ҳукмрон"га айланиб боряпти", - деб айтган ҳимоячи ўтган йилнинг июлидаги маҳкама тингловида.
Унинг айтишича, Россия президенти ва унинг атрофидагилар "уюшган жиноятга бевосита аралашганлар" ва "уларнинг йўлида турган ҳар қандай одамни ўлдиришга тайёрлар".
"Агар Россия ҳукумати айбдор бўлса, демак Путин айбдор. Яъни, у ўз қўли остидагилар учун масъул демоқчи эмасман, балки унинг ўзи уни ва унинг бандитларини фош қилган душманини йўқ қилишга шахсан буйруқ берган демоқчиман", - деган у.
Марҳумнинг беваси Марина Литвиненко "қотиллар ва уларнинг хўжайинлари фош қилинди", деб айтган.
Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғи ФСБ ва ҳокимиятнинг юфори доираларидаги коррупцияни фош қилмоқчи бўлган.
"Унинг амаллари сотқинлик деб кўрилди ва бунинг учун у билан даҳшатли йўлда ҳисоблашишди", - деб айтган Литвиненко хоним.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












