Ўзбекистонлик мухлислар Муҳаммад Алини эсламоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Марказий Осиё оммавий ахборот воситалари ҳам жаҳон бокс қироли Муҳаммад Али вафоти муносабати билан қатор мақолалар эълон қилганлар.

Машҳур боксчининг ўлимини аксарият оммавий ахборот воситалари, хусусан Ўзбекистон веб-сайтлари кенг ёритганлар.

Бу хабар ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда.

Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилар Муҳаммад Алининг 1978 йил июн ойида ўша пайтда собиқ Иттифоқ таркибидаги Ўзбекистонга ташриф буюрганини эслаганлар.

Улар Муҳаммад Алининг Самарқандда тушган суратини бўлишиб, "шундай буюк инсоннинг мамлакатларига ташриф буюрганидан фахрланганлар.

Жумладан, Uz.24.uz веб-сайти ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида Муҳаммад Алининг суратини жойлаштириб, "Келинг Муҳаммад Алининг 1970 йиллар охирида Тошкент ва Самарқандга келганини эслаймиз", деб ёзади.

Ўзбек шоу бизнесининг Инстаграмда фаол аъзолари ҳам Муҳаммад Алининг суратларини қўйишган ва улардан бирида "Албатта биз барчамиз Аллоҳга тегишлимиз ва унга қайтамиз", деб изоҳ қолдирилган.

"Жойинг жаннатда бўлсин, афсона", дейилади Фейсбукдаги "Priznavaysya Uzbekistan" гуруҳида чоп қилинган постда.

"У ўзи билан бокснинг сирларини олиб кетди, тинч ёт бизнинг афсонамиз", дейди унга изоҳ қолдирган Behruz Uzbekov .

Аксарият фойдаланувчилар йирик йўқотиш бўлганини айтганлар.

Ислом тарғиботчиси

Сурат манбаси, AFP

Ижтимоий тармоқларнинг бир қанча фойдаланувчилари Муҳаммад Алини Ислом дини тарғиботчиси сифатида юксак баҳолашган.

Фейсбукдаги «Добро пожаловать в Узбекистан" гуруҳи аъзоси Музаффар Мирзаев "Муҳаммад Али шубҳасиз Америка халқи орасига Ислом динини тушунтирган ва тарғиб қилганлардан бири бўлди", деб таъкидлайди.

Жаҳон бокси қироли сифатида тилга олинадиган Муҳаммад Али 74 ёшида оламдан ўтган.

Муҳаммад Алининг ўлими ортидан, дунёнинг ўнлаб номдор боксчилари, турли соҳанинг таниқли инсонлари, минглаб спорт мухлислари таъзия билдирганлар.

Алининг оиласи барчага раҳмат айтиб, марҳум учун дуо қилишларини сўраган.

Шунингдек, Алининг оиласи якшанба куни чиқарган мурожаатга кўра, "марҳум билан дунёдаги ҳар бир киши видолаша олади".

Хабар қилинишича, дафн маросимида АҚШ собиқ президенти Билл Клинтон ва таниқли Ҳолливуд актёри Билли Кристаллар нутқ ирод қилмоқчилар.

Пайшанба куни дастлаб тор доирадаги дафн маросими ўтказилиб, унда Муҳаммад Алининг оила аъзолари ва яқинлари иштирок этишади.

Сўнгра асосий маросим 20 минг инсонни сиғдира оладиган KFC Yum Center ўйингоҳида бўлиб, видолашув тўғридан-тўғри трансляция қилинади.

10 июн, жума куни марҳум ватани Кентукки штатининг Луисвил шаҳридаги "Кейв Хилл" қабристонида тупроққа берилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.