Ўзбекистон: 'Қулоқ'лик тажрибаси оммалаштириладими?

Сурат манбаси, anons.uz
Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари ва Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова оилалар устидан назоратни кучайтиришга чақирган.
Бу ҳақда Боситхонова хоним чоршанба куни Фарғона вилоятида ўтган маҳалла маслаҳатчилари билан учрашув чоғида гапирган.
Учрашувда қатнашган фаоллардан бирининг Би-би-сига билдиришича, Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси бу борада Тошкентнинг Чилонзор даҳасидаги маҳалла инспекторларидан бирининг тажрибасини оммалаштириш ҳақида қарор қабул қилган.
Номи тилга олинмаган нозир, мамлакат хотин-қизлари раҳбарининг айтишича, кекса онахонлардан бирини ўзига ёрдамчи қилиб олган.
Нозир ҳар куни бу онахонга қўнғироқ қилиб, "маҳаллада кимнинг уйида нотинчлик бўлганлигини, кимнинг фарзанди икки кундан буён уйга келмаётганлигини, яна кимнинг уйига қанақа меҳмонлар келганлигини" аниқлаб олади.
Исми ошкор этилишини истамаган фаолнинг Би-би-сига айтишича, Боситхонова хоним маҳалла профилактика нозирларига "ҳар бир маҳалладан бир нафардан кекса онахонларни ўзларига вакил қилиб олиш" ҳақида буйруқ берган.
"Ҳар бир маҳалладан бир нафардан кекса онахонларни ўзларингизга вакил қилиб олинглар. Ҳар куни ўша маҳалладаги вакилингизга қўнғироқ қилиб, маҳаллада кимнинг уйида нотинчлик бўлганлигини, кимнинг фарзанди икки кундан буён уйга келмаётганлигини, яна кимнинг уйига қанақа меҳмонлар келганлигини сўраб олинг. Тошкентнинг Чилонзор даҳасидаги бир маҳалла инспектори худди шундай қилар экан, ўша инспекторнинг ишини республикада оммалаштирмоқчимиз", дея Боситхонованинг сўзларидан иқтибос келтиради Би-би-си манбаси.
'Чўриликдан координаторликка'
Бош вазир ўринбосари ўз сўзида маҳаллаларнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими шахсан Президент томонидан жорий этилгани таъкидлаган.
У шунингдек, маҳалла фаолларига ўзларига бириктирилган "ички ишлар ходими, ўқитувчи, меҳнат вазирлиги вакили, тиббиёт ҳамшира"ларининг хизматидан унумли фойдаланишни маслаҳат берган.
"Сизлар энди чўриликдан, югурдакликдан, бўзчининг моккисидек югуришдан координаторликка ўтинглар", дея маслаҳат берган Боситхонова хоним.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисаси аввалроқ мамлакат бўйлаб аёллар учун махсус бассейнлар қуриш ва "миллий ич-кийимлар яратиш" ташаббуси билан чиққанди.
Унинг Фарғона водийсига сафари маҳалла фуқаролар йиғинларига сайловлар ўтаётган пайтга тўғри келган.
Ўзбекистон ҳукумати маҳаллани "муҳим ўз-ўзини бошқарув институти" дея тақдим этиб келади.
Аммо инсон ҳақлари фаолларининг айтишларича, маҳалла фуқаролар йиғинлари амалда ҳукумат, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва хусусан, Миллий Хавфсизлик Хизматининг жойлардаги кўзи ва қулоғи вазифасини бажаради.
2004 йилда Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти ўзбек ҳукумати амалда маҳаллаларни репрессив бошқарув аппаратининг бир қисмига айлантиргани ҳақида ҳисобот чоп этган.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBC UZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг












