Болтиқбўйи нимаси билан ўзбекларга жозибали?

Сурат манбаси, Thinkstock

"Панама ҳужжатлари" номи билан дунёга танилган ҳужжатларнинг эълон қилиниши айрим Ўзбекистон фуқароларини ҳам ташвишлантириб қўйгани аниқ.

Шу кунларда эса Латвияда ноқонуний пулларни "ювишга" қарши "уруш" бошлангани хабарлари тарқалмоқда, собиқ СССРнинг Болтиқбўйи мамлакатларига ўзбекистонликлар ҳам "кўнгил қўйганлари"га анча бўлган.

Эътибор тушган банклардан бири ABLV Bankдир.

ABLV Bank Латвиянинг энг йирик ва мустақил банкларидан бири.

Унинг мижозлари Болтиқбўйи мамлакатлари ва МДҲ таркибидаги Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг бадавлат кишиларидир.

Кузатувчиларнинг айтишларича, узоқ йиллардан бери бадавлат Россия, Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон фуқаролари Оврўпога эркин чиқиш учун тахминан 80 минг Еврога Латвиянинг резидентлик мақомига эришиш мақсадида Рига ва Юрмалада кўчмас мулклар сотиб олишган.

Иккала тараф ҳам бу пулларни сармоя деб кўрганлар.

Бироқ 2014 йилнинг сентябрида Латвияда кўчмас мулкни сотиб олиш учун "ставка" 250 минг Еврога оширилди.

Кўпгина ҳашаматли уйларни сотиб олган ўзбекистонликларнинг сони ҳам кам эмаслиги айтилади.

ARCO REAL ESTATE ташкилоти халқаро департаментининг бошлиғи Олеся Богодистая сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқаролари Латвияда кўчмас мулк сотиб олган Россия ва Хитой фуқароларидан кейин сон жиҳатидан учинчи ўриндалар.

Унинг айтишича, 2013 йилда Россиядан қарийб 2000 ариза тушган бўлса, Хитойдан 278, Ўзбекистондан эса 171 ариза уй сотиб олиш учун қабул қилинган.

Анчадан бери ABLV Bank мижози бўлган ва Тошкентда жойлашган Ўзбекистон тадбиркорларидан бирининг айтишича, Ўзбекистондан туриб офшор ширкатини очишнинг энг осон йўли бу - Тошкентдаги банкнинг ваколатхонасига мурожаат қилишдир.

Банкка айрим маблағ тўланганидан кейин банк ходимлари бир ой ичида дунёнинг хоҳлаган бурчагида офшор ширкатини очиб беришади.

Улар Ўзбекистон тадбиркорларига Гибралтар, Вирджиния ороллари ва Буюк Британия каби давлатларда қайд этилган юзга яқин мавжуд ширкатлар рўйхатини тақдим этишади.

Агар мижоз ўзи хоҳлаган ширкат номини танласа, унда хизмат учун ҳақ янада ҳам кўпаяди.

Шу сабабдан, ўзбек тадбиркорининг айтишича, ABLV банк билан онлайн пул ўтказмалари ва уларни конвертация қилиш учун ишлаш жуда қулай бўлган.

Эҳтимолки, ABLV банкнинг Ўзбекистон мижозлари хорижий шериклари билан бизнес олиб боришлари учун бошқа йўл қолмагани сабабидан Латвия банкларига мурожаат қилишга мажбур бўлгандирлар.

Аммо шу билан бирга ноқонуний йўлда олиб чиқилган пулларнинг Латвиядаги банкларга бориб тушаётгани эҳтимоли ҳали ҳам сақланиб қолаяпти.

Ўзбекистондаги ички вазиятни кузатиб бораётган фаолларнинг айтишларича, ўзбекистонлик амалдорлар ва корчалонлар сўнгги ўн йил ичида ўз қариндошлари ёки ишонган одамлари орқали маблағларни Латвия банкларига ўтказиб келадилар.

Сўнг бу маблағлар ҳар хил схема ва тужжорий шартномалар шаклида бошқа мамлакатлардаги банк ҳисобларига ўтказиб юборилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг