Обидхон қорига қарши суиқасд: Швецияда янги маҳкама

Сурат манбаси, none
Швециянинг Остершунд шаҳар маҳкамасида асли ўзбекистонлик таниқли имом Обид қори Назаров жонига қасд қилишда айбланаётган шахс – 37 ёшли Юрий Жуковский устидан маҳкама жараёни бошланди.
Ўзбекистон фуқароси бўлган Юрий Жуковский жорий йилнинг 25 августида Россиядан Швецияга экстрадиция қилинганди.
Обид қори Назаров 2012 йилнинг феврал ойида Швеция шимолидаги Стромсунд шаҳарчасида ўз уйи йўлагида номаълум қуролли шахс томонидан отиб кетилган.
Бунинг ортидан ҳозир 57 ёшда бўлган Обид қори Назаров миясидан оғир жароҳат олган, кома ҳолатига тушган ва ҳануз касалхонада экани айтилади.
Бугун душанба куни Остершундда маҳкамаси бошланган Юрий Жуковский эса, швед ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ана шу суиқасд амалининг бевосита ижрочиси сифатида гумон этилмоқда.
Маҳкама жараёнида ҳимоячиси билан бирга отаси Обид қори Назаровни намоён этаётган ўғли Довудхон Назаровнинг Остершунддаги маҳкама биносидан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, суд ўта кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида бошланган.
Жараён очиқ ўтаётган маҳкама биносига катта сондаги полиция кучлари жалб этилган ва ичкарига кириб-чиқаётган ҳар бир киши улар томонидан синчиклаб текширилмоқда.
Довудхон Назаровга кўра, Остершунддаги маҳкама жараёни катта қизиқишга сабаб бўлгани боис, уни кузатишга келганлар учун хонада жой камлик ҳам қилган.
Суҳбатдошимизнинг айтишича, Юрий Жуковский устидан маҳкама жараёнининг илк куни қоралов томонининг ўз ихтиёрида бўлган далилларини тақдим этиши билан бошланган.
“Ўзбекистон, Ўзбекистондаги сиёсат, тузумнинг кайфияти, хоҳиш-истаги, мусулмонлар ва ўзлари – отаси Обид қори Назаров оиласига ўтказилган тазйиқлар ҳужжат-далиллар билан келтириб ўтилган”.
“Асосий далиллар сифатида “Хьюман Райтс Вотч”га ўхшаш халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотларининг йиллик ҳисоботлари тақдим этилган”.
Довудхон Назаровга кўра, танаффусдан сўнг суиқасд амалининг асосий ижрочиси сифатида гумон этилаётган шахс – Юрий Жуковскийнинг айбини исботловчи техник далилларни тақдим этиш бошланади.

Сурат манбаси, none
“Булар: Унинг Швецияга бир неча марта келиб кетганлиги, қаерда бўлганлиги, қандай келиб кетганлиги ва ҳоказо...Унинг фотосуратлари, камераларга тушиб қолган ҳолатлари, унинг ҳаракатлари, Стромсунддаги бўлганига оид далиллар”, - дейди у.
Маҳаллий вақт билан эрталабки соат 10:00 да бошланган маҳкама жараёнининг биринчи босқичи икки соат давом этган ва шундан сўнг тушлик учун танаффус эълон қилинган.
Бугунги жараённинг яна икки-уч соатча давом этиши ва аср пайтига бориб якунланиши кутилмоқда.
2012 йилда ҳам Швециянинг Остерснуд шаҳрида Обидхон қори Назаровга қарши суиқасд амалига алоқадорликда айбланган ўзбекистонлик эр-хотин устидан маҳкама иши бўлиб ўтганди.
Аммо Швециянинг ҳар икки (шу жумладан, аппеляцион маҳкамаси)ҳам якунида Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларни оқлашга қарор қилганди.
Довудхон Назаровнинг айтишича, Юрий Жуковскийнинг маҳкама иши жума кунига қадар давом этади ва ўзларига тақдим этилган барча далилларни қайта кўриб чиқишлари қўшимча вақт талаб қилгани боис, ҳакамларнинг якуний ҳукми яна бир неча кунга чўзилиши мумкин бўлади.
Беш кунлик маҳкама жараёнида айбланувчи, гувоҳлар, хусусан Обид қори Назаровнинг ўғли кўрсатмалари тингланиши кутилмоқда.
Обидхон Қори Назаров жонига суиқасд уриниши юзасидан олиб борилаётган сўнгги тергов жараёни яқинда ўз ниҳоясига етган ва Швеция прокуратураси “Юрий Жуковскийга қарши қатъий далиллари” борлигини билдирганди.
Гумондорга қарши айбловлар расман шу йилнинг 15 ноябр куни илгари сурилганди.
37 ёшли Жуковский жиноятга алоқаси борлигини рад қилган, бироқ 2012 йилда, яъни айнан жиноят содир этилган вақтда Обид қори яшаган Стромсунд шаҳрида бўлганини тан олган.
Ўзбекистон ҳукумати Швеция прокуратурасининг бу ишга шарҳ бериш илтимосини бир неча бор рад этган.

Ўзбекистонлик таниқли имом Обидхон қори Назаров тўққиз йил муқаддам Швециядан бошпана олган.
Орада муҳожиратдаги ўзбекистонлик фаоллар ва мухолифат вакиллари имомга қарши суиқасд айбдорларини топиб, жазолаш талаби билан дунёнинг қатор давлатларида бир неча бор норозилик намойишлари ҳам уюштиришган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












