“Акамни ҳуқуқбонлиги учун қамоққа ташлашмоқчи”

Сурат манбаси, AFP
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани Ички ишлар бўлими ҳибсхонасида сақланмоқда.
Унинг укаси Шароф Пардаев Би-би-си билан суҳбатда ўз акаси ҳуқуқбонлиги учун ҳокимиятдагиларнинг “қаҳрига” учраганини айтди.
“Кеча уйга келиб, ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилишди. Акамнинг барча қоғозлари, компютер процессори, флешкаларгача олишди. Биз орқасидан бордик. Ярим кечада зўрға овқат киритишга муваффақ бўлдик”, дейди Шароф Пардаев.
Ўктам Пардаев бир йилдан бери ўзига чиқиш визаси берилмаётгани учун мутасадди органлар устидан маҳкамага арз қилган эди.
“Акам ҳуқуқ фаоли, жиноятчи эмас. Унинг айнан ҳуқуқни ҳимоя қилиш фаолияти учун жазолашмоқчи, буни бошқача тушунтириб бўлмайди”, дейди Шароф Пардаев.
Англашилича, Ўктам Пардаев устидан “товламачилик” бўйича иш очилган.
“Бизга телефон қилиб, адвокат олиб келишимизни сўрашди. Ҳозир шунинг ҳаракатидамиз”, дейди Ўктам Пардаевнинг укаси.
Ўктам Пардаев 2012 йилда ҳам ҳибсга олинганди.
Бундан бир йил аввал Би-би-си меҳмони бўлган Ўктам Пардаев, милиция ходимларининг бедодлигини танқид остига олганди.
“ Асосан, маҳкамалар ва ички ишлар идоралари тарафидан одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлмоқда. Кўпроқ маҳкамалар томонидан, деса бўлади. Аксар оддий, пулсиз ва ёки қонунни тушунмайдиган, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган одамларнинг ҳақлари топталаяпти. Лекин уларнинг ҳуқуқларини тиклаётган биронта давлат идорасини билмайман. Давлат идоралари оддий одамларни ҳимоя қилолмаяпти. Вилоятдаги шароит Тошкентдан фарқ қилади. Пойтахтда хорижий дипломатлар ва элчихоналар бор. Бирон фаолга тазйиқ бўлса, элчихона вакиллари етиб келишади ва маҳкамаларда қатнашишга интилишади. Аммо туманлар узоқ ва у ерларга дипломатлар келмаслигини билишади. Шу учун ҳам орган ходимлари бемалол, очиқчасига одамларга ҳам, ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳам зуғум қилишади, тазйиқ ўтказишади”, деган эди жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли.

Ўзбекистон дунёнинг инсон ҳуқуқлари энг кўп топталадиган мамлакатларидан бири саналади.
Ўктам Пардаев ўзига "чиқиш визаси" олиш учун курашаётгани маълум эди.
Айни "чиқиш визаси" эса, фаолларга кўра, мамлакат конституциясига хилоф бир чекловдир.
Бу каби "чиқиш визаси" Ўзбекистондан ташқари дунёнинг энг тоталитар давлатларидан бири саналган Шимолий Кореяда сақланиб қолинган, холос.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












