Мурод Жўраев озод этилди

Сурат манбаси, ezgulik
Ўзбекистоннинг энг узоқ қамоқда қолаётган сиёсий маҳкумларидан бири Мурод Жўраев озод қилинган.
Бу ҳақда инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти хабар тарқатган.
“Эзгулик”нинг матбуотга тарқатган баёнотида айтилишича, Мурод Жўраев Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги Чирчиқ қамоқхонасидан озодликка чиқарилган.
“Мурод Жўраевнинг озод қилиниши жараёнида маҳкумнинг оила аъзолари, “Эзгулик” жамияти фаоллари иштирок этишди. Муассаса маъмурияти томонидан оила аъзолари ва ҳуқуқ фаолларига топширилган 21 йиллик маҳкум Мурод Жўраев она юрти Қашқадарё вилоятига жўнаб кетди. Унинг соғлиғи, кайфияти яхши”, дейилади баённомада.
Ўзбекистон ҳукумати ҳар гал АҚШ ва Ғарб давлатлари билан муносабатлар нисбатан илиқлашганида мамлакатдаги таниқли сиёсий маҳкумларнинг айримларини озод этиб туради.
Бу эса, кузатувчиларга кўра, Тошкентнинг Ғарб билан ўзига хос сиёсий “олди-берди”сига айланиб қолган.
Сал аввалроқ Ўзбекистонга АҚШ Давлат котиби Жон Керри сафар қилган ва хабарларга кўра, расмий Тошкент билан музокаралар давомида инсон ҳуқуқлари масаласига ҳам тўхталган эди.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Мурод Жўраевнинг қамоқдан чиққанини олқишлаган, келажакда бошқа сиёсий маҳкумлар ҳам озод этилишига умид билдирган.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро Хюман Райтс Уотч ташкилоти Мурод Жўраевнинг қийноққа солингани, қамоқ муддати асоссиз узайтирилгани юзасидан чуқур текшириш ўтказишни Ўзбекистон ҳукуматидан талаб қилган.
Ўзбекистонда сиёсий маҳкум оз эмас

Сурат манбаси, Google map
Баъзи хабарларда, Самарқандда Жон Керри билан кечган музокараларда Президент Каримов айрим сиёсий маҳбуслар масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини билдиргани хабар қилинганди.
Қўшма Штатлар Ўзбекистон қамоқхонасидаги журналистлар Муҳаммад Бекжон, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Саййид ҳамда Аъзам Фармонов ва Аъзам Турғунов каби ҳуқуқ фаолларини озод этишга чақириб келади.
Моҳиятан диний айбловлар билан қамоққа ташланганлар сони ҳақида эса аниқ маълумот йўқ.
Сўнгги ойларда, ҳуқуқ фаолларига кўра, Ўзбекистон бўйлаб яна қама-қамалар тўлқини бошланган.
Мустақил журналистлардан бирининг айтишича, ўнлаб ўзбекистонликлар диний экстремистик гуруҳларга аъзолик ва уларни қўллаб-қувватлаш айблари билан қўлга олинган.
Ўзбекистон қамоқхоналарида муттасил қийноқ қўлланиш ҳолатлари мамлакатни бутун дунёга танитган салбий сифатлардан бири саналади.
Энг узоқ ўтирган маҳкум

Мухолифатдаги "Эрк" партияси аъзоси бўлган 63 ёшли Мурод Жўраев 1995 йилда давлат ҳокимиятини ағдаришга уринишда айбланиб, 12 йилга маҳкум этилган.
Унинг қамоқ муддати уч марта узайтирилган.
Шу йил бошида Мурод Жўраевни Чирчиқдаги қамоқхонада бориб кўрган аёли Холбика Жўраева турмуш ўртоғи соғлиги ёмонлашгани сабаб меҳнатдан озод қилинганини айтган эди.
Рафиқаси унинг доимий бош оғриғи ва ҳолсизликдан азоб чекаётгани, ҳамма тишлари тўкилиб кетганини айтган.
1980 йилларнинг иккинчи ярмида Мурод Жўраев Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳар ижроия қўмитаси раиси лавозимида ишлаган, бу йилларда Президент Ислом Каримов Қашқадарё вилоятини бошқарган.
Мурод Жўраев ҳали Борис Елциндан ҳам илгари коммунистик партиянинг Муборакдаги бошланғич ташкилотини тарқатиб юборган.
У 1990 йилда сайланган Ўзбекистон парламенти депутати бўлган.
Яқин ўтмиш ҳикояси - Паҳлавон Содиқ, BBCUZBEK.COM
"Эгилмаган, букилмаган, синмаган!
1999 йил кузида Олий Судда Тошкент портлашлари юзасидан суд мажлисларидан бирига Мурод Жўраевни қўлларида кишан билан гувоҳ сифатида олиб келишди. Мен Мурод акани, то ҳакам исми-шарифини эълон қилмагунича танимадим. Охирги марта уни 1994 йилда Туркияда кўрган эдим. Озиб-тўзиб кетган, фақат қулоқлари қолган эди, холос. Концлагердаги маҳбусларга ўхшар эди. Ҳақиқатда ҳам концлагер номини олган Жаслиқдаги қамоқхонадан олиб келинганди, адашмасам. Ҳакам исм-шарифини тасдиқлагандан кейин ундан: "Муҳаммад Солиҳни танийсизми?" деб сўради. Мурод ака "танийман", деганидан кейин "қандай одам?" деб савол берди. Мен ҳозир томоша бошланса керак, Мурод акани Муҳаммад Солиҳни ёмонлаш учун олиб келишган, деб турган эдим, Мурод Жўраев вазмин, ҳорғин бир овозда "Мен таниган Муҳаммад Солиҳ миллатпарвар, ватанпарвар ва демократ одам" деб жавоб берди. У "демократ" сўзига алоҳида урғу берди. Чунки Муҳаммад Солиҳ террорчи сифатида айбланаётган эди. Ва "мени тўғри тушунинглар, мен 1994 йилдан бери қамоқдаман, ундан кейин ҳеч ким билан кўришмадим", деб қўшимча қилди. Ҳакам гапни узатиб ўтирмади ва "олиб чиқиб кетилсин" деди. Мурод Жўраевнинг гувоҳлигидан ҳафсаласи пир бўлганини яшириб ҳам ўтирмади. Қайтага буни залда ўтирганларга кўрсатишга ҳаракат қилди. Мен суд жараёнларини кўп кўрган ва қамоқхоналардаги аҳволни яхши билсам ҳам, Мурод аканинг ҳолати менга ёмон таъсир қилди. Кўзимга ёш келди. Бошқалар кўриб қолмасин, дея тез-тез юриб, суд залидан чиқиб кетдим. Анча пайтгача ўзимга келолмай юрдим. Мурод ака ундан кейин ҳам қарийб 16 йил ўтирди. Эҳтимол, ана шу сўзлари учун ўтирди. "Ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди", деган мужмал гап бор. Буни Абдулла Орипов "Ҳақиқат эгилади, букилади, синмайди, аммо эгилиб, букилганда қобирғалари синиб кетади" деб янада мужмаллаштирган. (Шоир буни 1987 йилда Наврўзни ёмонлаб қўйиб, кейин замон ўзгаргач, яна уни яхшилаш учун айтганди). Аммо мен ҳақиқатнинг эгилиб, букилиб, ўзбекча айтганда, қуллуқ қилиб, чой ташиб юришини тасаввур ҳам қилолмайман. Ҳақиқат эгилмайди ҳам, букилмайди ҳам, синмайди ҳам. Зотан, эгилиб, букилса, албатта синади. Бунга Мурод аканинг шунча йиллик қийноқ ва исканжалардан сўнг, Васила опага суяниб бўлса ҳам, қаддини тик тутиб тургани мисол. Аммо халқимизда бундан мантиқлироқ бошқа бир гап бор экан. Буни 2013 йилда қамоқдан чиққан Мамадали Маҳмудовни кўргани борганимда кашф қилдим. Мамадали акани Жиззахнинг чекка бир қишлоғидан яқин қариндошлари-ўзлари тенги бир аёл киши кўргани келди. Ва сўрашаркан, биринчи айтган гапи "ўша ерларнинг шўр тузини ялаб келдингизми?" деган гап бўлди. Менга бу сўрашиш жуда қизиқ, айни пайтда жуда ҳам ўринли туюлди. Халқимиз қанчалик доно! Чунки 17 йил қамоқда ўтириб келган одамдан "яхши келдингизми?" деб сўраш ғалати. Аммо "шўр тузларни ялаб келдингизми?" деган гап жуда мантиқли эди. Мурод ака ҳам 21 йил давомида не-не қамоқхоналарнинг шўр ва заҳарли тузларини ялаб келди..."
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












