"Савицкий музейи етим бўлиб қолди"

Сурат манбаси, savitskymuseum
Нукус шаҳрида жойлашган ноёб Савицкий коллекциясининг тақдири унинг раҳбари уч ой аввал ишдан четлатилганидан бери, ноаниқ қолаяпти. Мариника Бабаназарова 30 йил давомида Сталин қатағонлари давридан бери йиғилган санъат асарларидан ташкил топган коллекциянинг ўзига хос қўриқчиси, кафили дея кўриларди.
Бироқ август ойида ҳукумат томонидан тайинланган комиссия текширувлар ўтказиб, баъзи асарлар ўғирланган дея хулоса қилди ва жиноий иш очилди. Лондонда кеча бу музей ва унинг собиқ раҳбари тақдири <link type="page"><caption> борасида йиғин бўлиб ўтди.</caption><url href="https://www.youtube.com/watch?v=-qUu6zNIW90" platform="highweb"/></link>
<link type="page"><caption> (Видеолавҳа билан танишиш учун шу линкни босинг)</caption><url href="https://www.youtube.com/watch?v=-qUu6zNIW90" platform="highweb"/></link>
Би-би-си йиғин ташкилотчиси, Сорос жамғармаси вакили Алишер Илҳомовдан йиғинда нималар борасида сўз кетганини сўради.
Илҳомов: Тадбирда биз аслида Савицкий коллекцияси нималардан ташкил топганини билмаслигимиз айтилди. Унда намойиш қилинган фильмда бу музейда 44 минг санъат асари борлиги айтилади. Лекин, булар графика ва тасвирий санъат асарлари деб ишонилади. Бошқа маълумотларга кўра эса, Қорақалпоқ амалий санъат асарлари билан қўшиб саналса, у ерда 90 мингга яқин асарлар сақланади. Чунки Савицкий бу коллекцияни аввало айнан Қорақалпоқ амалий санъати билан бошлаган, ва сўнгра тасвирий санъат асарларини йиға бошлаган. Бу коллекциянинг кўлами борасида фақат фаразлар келтирилаяпти ва биз бу музейда нималар мавжуд эканини билмаймиз! Ўша 44 минг тасвирий санъат асарларининг ҳам оммага ва экспертларга фақат 3-4 фоизи таниш, холос. Бу 3-4 фоиз асарлар энг машҳур санъат асарлари бўлиб, улар тез-тез халқаро кўргазмаларга қўйилган. Чоп қилинган каталоглар, альбомлар ва кўргазмалар асосида биз бу коллекциянинг фақат кичкина қисми ҳақида билимга эгамиз. Тадбирда қатнашган мутахассислар Светлана Горшенина ва Борис Чуховичларнинг айтишларича, барча асарлар бўйича очиқ каталог йўқ.

Би-би-си: Нима учун бундай каталог йўқ? У тузилмаганми?
Илҳомов: Сабаблари ҳақида гапириш қийин, чунки очиқчасига бу саволни ҳеч ким кўндаланг қўймаган. Нима учун музей асарларнинг фотосуратлари билан электрон каталог тузмади? Ахир бу каталоглар асосида экспертлар иш олиб бориши мумкин эди ва у коллекция хавфсизлигининг кафолати бўлиши мумкин эди. Шахсан менинг фикримча, сабаби шуки, узоқ вақт давомида кўп асарларнинг эгалари ким эди деган масала ноаниқ қолаётганди. Чунки, маълумки, Савицкий 1984 йилда вафот этганда, у пайтда катта миқдор деб кўрилган 1,5 миллион рубл бу асарларнинг эгаларига ҳали тўланмаганди. Мариника Бабаназарованинг вазифаси нафақат бу асарларни асраш, балки эски қарзларни тўлаш ҳам эди. Бунга ҳам кўп вақт кетган бўлса керак. Ундан ташқари, асарлар кўплиги туфайли уларни рўйхатдан ўтказишга ҳам узоқ вақт кетгандир. Чунки, ҳар бир санъат асарига карточка тузилиши керак, унда асарнинг қисқача таърифи берилиши керак, реставрация қилиш керак, чунки уларнинг баъзилари шунга муҳтож. Лекин, мана шундай фотосуратли каталогнинг йўқлиги бутун коллекцияни ожиз қилиб қўймоқда. Гап шундаки, бу коллекция шахсиятларга асосланган, яъни сиёсий тизим эмас, балки аввалига Савицкий, кейин эса Бабаназарованинг шахсий саъй-ҳаракатлари асосида сақланган. Қарзлар тўланган, янги бино барпо этилган, ишчи жамоага маош тўланган, маърифий ишлар олиб борилган. Ҳозирда мана шу шахсий омил шундай қўпол бир тарзда четга сурилаётган бир пайтда, бу музей етим бўлиб қолаяпти ва унга ҳар ким кўз олайтириши мумкин. Балки бу асарлар энди сохталарига алмаштирилар, балки хорижга олиб чиқиб кетилар. Буни бартараф қиладиган механизм йўқ. Ўғирликка қарши кафолат бўла оладиган каталог ҳам йўқ.

Сурат манбаси, savitskymuseum
Би-би-си: Назарий жиҳатдан, бу коллекциядаги асарларга хорижда талаб нақадар катта бўлиши мумкин?
Илҳомов: Ҳозирда Марказий Осиёнинг авангард услубидаги асарлар тобора кўп танилиб бораяпти. Бу коллекциянинг энг уникал ва энг ноёб қисми айнан Марказий Осиё авангард асарларидир. Унга талаб мисли кўрилмаган даражада ошиб бораяпти. Бу ҳақида тадбирда Борис Чухович ҳам гапирди. Унга кўра, хорижда Виктор Уфимцев, Усто Мўмин, Александр Волков асарлари қиймати бир неча йил ичида бир неча ўн баробар ўсган. Масалан, 2008 йилда 5-6 минг доллар турган асар, бугунда 50 минг долларга сотилади. Волковнинг бир асари аукционда ярим миллион долларга сотилди. Бу муаллифлар асарлари ҳали миллионлаб долларга ҳам сотилади. Масалан, бугун Пикассонинг асари 67 миллионга сотилди. Бу нархлар мислсиз равишда юқори бўлади. Марказий Осиё авангардининг келажаги ҳам шундай бўлади, чунки уни ҳали яқиндагина билиб олишди. Тадбирда намойиш қилинган "Манъ этилган санъат саҳроси" фильми ва Мариниканинг саъй-ҳаракатлари туфайли жаҳон бу коллекция ҳақида билимга эга бўлди, унинг қадрини билиб олди. Аммо, айни дамда, бу коллекционерлар ва галереяларнинг талабини ҳам оширди. Хавф шуки, бу коллекция давлат тасарруфида бўлгани учун, уни назорат қилувчи мулозимлар ва идораларда нафс васвасаси уйғониши мумкин. Улар бу асарларни олиб чиқиб жаҳон бозорида сотишга қизиқиб қолишлари эҳтимолдан холи эмас. Чунки бундай ҳоллар муқаддам бир неча бор рўй берган. Ўзбекистонда Нукус музейи, ва умуман музейлар устидан жамоатчилик назорати йўқ.

Сурат манбаси, Marinika Babanazarova
Би-би-си: Мариника Бабаназарованинг тақдири борасида сизга нималар аён? У уй ҳибсида экани борасида хабарлар чиққанди.
Илҳомов: У ҳозир Тошкентда ва прокуратурага кўрсатма бериши кутилаяпти. Жиноий ишни эса Миллий Хавфсизлик Хизмати очган. Мана шу фактнинг ўзи ҳам аниқ ишора берадики, иш ортида қандайдир мулозимлар ёки Қорақалпоғистон маданият вазирлиги эмас, балки Миллий Хавфсизлик Хизмати ўзи турибди. Мариниканинг соғлиги ёмонлашган, у яқинда 10 кун даволаниб чиқди. Афтидан унга мамлакатдан чиқишга рухсат йўқ. У ҳам ўз тақдири ва музей тақдири нима бўлишини кутаяпти. Бу тақдир ва келажак жуда туманли, мавҳум бўлиб кўринаяпти. Бешта асар гўёки ўғирлангани борасида хулоса чиқарган сохта комиссия эса ўз ишини қайта бошлаган ва ҳамма унинг якуний ҳисоботини кутаяпти. Ҳамма шаффофликни истайди. Чунки бу комиссияга кирган одамлар санъат экспертлари эмас. Улар ўша ўғирланган дейилаётган асарларни билишмайди, у асарлар муаллифлари ишлари билан таниш эмаслар. Бундан Мариникани четлаштириш буюртма асосида қилинаяпти деган хулоса келиб чиқади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












