Россия яна Афғонистонга қайтмоқдами?

Сурат манбаси, Others
Расмий Вашингтон Президент Обама 2017 йили президентлигидан кетганидан сўнг Афғонистондаги беш ярим минглик қўшинларни олиб қолиш режаларини эълон қилиши ҳақида ҳабар берди.
Ҳозирда Афғонистонда 10000 га яқин АҚШ аскари хизматда.
Обама жаноблари илгари у ердаги АҚШ ҳарбийлари сонини элчихонада жойлашиш даражасида камайтиришни режалаштирган эди.
Расмийларнинг айтишича, у Афғон армиясини самарали қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги икки томонлама учрашувлардан сўнг шундай қарорга келган.
Афғон армияси ҳозирда Толибон жангариларидан янги таҳдидларга учрамоқда.
Афғонистон шимолида Толибон силжишлари туфайли хавфсизлик вазияти ёмонлашгани Марказий Осиё мамлакатлари ва Россия раҳбарларини ташвишлантирмоқда.
Яқинда Россия Мудофаа вазири ўринбосарининг Тошкентда бўлиб ўтган олий мақом учрашувлари ва Россиянинг Тожикистондаги базасига қирувчи тикучарлар жўнатгани мудофа соҳадаги ҳамкорлик фаоллашганидан далолат бўлиши мумкин.
Россиянинг REGNUM ахборот агентлиги хабар қилишича, Россия мудофа вазирлигининг навбатдаги ҳайъати Ўзбекистон ҳудуди орқали ўз ҳаво-фазо кучларининг учишига рухсат олиш масаласини муҳокама қилиш мақсадида борган.
Қўзатувчиларга кўра, Россиянинг Суриядаги ҳарбий амалиётлари афғон раҳбарларини Яқин Шарқдаги уруш Афғонистон заминига ўтиб кетиши мумкинлигидан ташвишга солиши мумкин.
Россиянинг Афғонистонга эҳтимолий аралашиши Афғон матбуотида ҳам кенг муҳокама қилинмоқда
Россия Афғонистонга қайтмоқдами?
BBCUzbek бу борада Москвалик ҳарбий эксперт Прохор Тебин билан суҳбатлашди.
Прохор Тебин: Ўйлайманки, йўқ. Қайтиб боролмайди. Сиёсий-ҳарбий нуқтаи назардан, бу масала кун ҳозир тартибида эмас. Бироқ Марказий Осиёда барқарорлик вв ҳавфсизликни таъминлаш Россия манфаатларига мос келади. Айниқса Тожикистонда айрим Россия ҳарбийлари жойлаштирилганлари туфайли ва агар Афғонистон шимолий ҳудудларидаги зўравонликлар Тожикистон чегарасидан ошиб, Россия қўшниларига хавф туғдирадиган бўлса, наркотрафик кучайса, ва «Исломий давлат» гуруҳининг унсурлари фаоллашадиган бўлса, бу ҳаракатларга қарши Россия кураш олиб бориши мумкин. Лекин бу кураш, авваламбор, минтақа давлатлари билан тузилган икки томонлама битимлар ва хавфсизлик хизматлари даражасидаги ҳамкорлик асосида олиб борилади. Ва агар Тожикистонда сиёсий ёки ҳарбий инқироз пайдо бўлса, Россия, шубҳасиз, Тожик раҳбариятини Афғонистондан келаётган таҳдиддан муҳофаза қилиш учун қўллаб-қуватлашини фаоллаштириши мумкин.
Би-би-си: Бошқа сўз билан айтганда, Россия Афғонистондаги Толибон ёки бошқа жиҳодий гуруҳларнинг Марказий Осиё чегараларига яқинлашаётганларига эътиборсиз қарамайди деб айтмоқчимисиз?
Прохор Тебин: Табийики, Россия учун афтидан унинг империячиликка оид интилишларидек кўриниши мумкин бўлган бу масала оддий ва кўп чайналган масала. Яъни, ўз миллий хавфсизлигини ҳимоялашга бориб тақалади. Чунки Россиянинг энг узун чегаралари Марказий Осиё билан бўлгани учун, уни ёпиб қўйиш ёки тўсиқлар ўрнатиш ўта қийин ва кўп маблағ талаб қиладиган иш ва умуман, чегарани буткул ёпиб қўйиш мумкин эмас. Айниқса, Россия ташаббуси билан амалга оширилаётган интеграцион жараёнларнинг манзарасида, Марказий Осиёдан келаётган хавфдан ўзини мутлақ сақлаб қолиш сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликка путур етказиши мумкин. Шуни назарда тутиб, Россия учун Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳаёт-мамот масаласидир.
Би-би-си: Россиянинг Афғонистондаги амалиётларга эҳтимолий аралашиши Афғон матбуотида ҳам кенг муҳокима қилинмоқда. Аксар Афғонлар Толибонга Ғарбнинг бўлган муносабатига шубҳа билан қарашади. Яқинда генерал Дўстумнинг Россияга бориб қурол-аслаҳа сўраганини инобатга олсак, Афғон раҳбарлари Россиядан ҳарбий кўмак сўрашлари қанчалик ҳақиқатга яқин?
Прохор Тебин: Эҳтимол, улар сўрашлари мумкин, лекин, қандай ёрдам уларга берилади - бу савол очиқ қолмоқда. Балки, дипломатик алоқалар орқали ёки махсус хизматларнинг ҳамкорлиги фаоллашиши мумкин, бироқ Россия томони учун энг асосий устувор вазифа - бу Тожик-Афғон черасини қўриқлашдир. Қурол-аслаҳа ва тикучарлар билан таъминлаш масаласига келсак, агар Афғонистон бу каби ёрдам учун молиялашни ўз зиммасига ололса, Россия бунга рози бўлади деб ўйлайман.

Сурат манбаси, EPA
Би-би-си: Ўтган ҳафта Россия Каспий денгизидан Сурия томон ракета отганини инобатга олсак, ана шундай ракета ҳужумлари Марказий Осиё томон, дейлик, Афғонистонга қарата амалга оширилиши мумкинми?
Прохор Тебин: Албатта, амалга оширилиши мумкин. Фақат бунинг учун, кемалар ва ракеталарга эга бўлиш керак, ва булар Россияда бор ҳамда Каспий денгизи ва нишонга олинажак иншоотлар орасида жойлашган мамлакатларнинг рухсати керак бўлади. Бироқ, бу ҳақида маълумотлар ёпиқ бўлгани туфайли, бир нарсани аниқ айтиш қийин.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












