Ўзбекистонлик талаба: Иситмаси чиқмаётган авлод ҳақида

Сурат манбаси, AP
Қадрли дўстим, ўтган галги мактубга сендан олдинроқ, кўплаб ўқувчилар “муносабат” билдириб улгуришди. Куйинчаклик учун бошимда бунақа калтаклар синади деб ўйламагандим, танқид бўлар, муносабат бўлар, муқобил йўлларни излаш уринишлари урчиб қолар, аммо қуруқдан қуруқ қарғишлар, "ношукр” деган тамғалар ёғилишини тасаввур ҳам қилганим йўқ эди!
Билсанг, дўстим, ҳамма изоҳ ёзганлар ҳам ҳақиқатда ҳам бор одамлар бўлмас экан, шунақа “комментатор”лар бор экан, махсус ўтирволиб танқидчиларнинг “танобини тортиб турар экан”...Эй, қойил, одам ҳам шунақа гўл бўладими? Шунақаларни ёллаб турганлар елкаларида бош кўтариб юришадими ва ёки елканинг давоми?!
Қолган сўконғичларга эса, биргина савол - Президент Каримов бир неча бор, ғояларга ғоя билан жавоб бериш ҳақида гапирмаганмиди?
Матбуотда ва журналистларда журъат етишмаслиги ҳақида ҳам бир неча марта танқид қилмаган эдими?
Президентимиз иккиюламачими? Ёлғон гапирадими? Ёшларни фаолликка эмас, гўлликка ва қулликка чорлайдими?
Аммо тирик фикрлар ҳам билдирилди, хурсанд бўлдим, ҳар қалай шоир айтмаб эдими –“Байроқни ўпмай туриб ҳам ватанни севиш мумкин” , деб?
Дўстим, ватан ҳақида тортишганларимиз ёдингдами?
“Оч қорним - тинч қулоғим” деб юрганлардан безиб, ўз ёғимизда ўзимиз қоврулган кунлар эсингдами?
Назаримда, эртага қандай жамиятда яшашимиз ўзимизга боғлиқдай...Масъулият олишдан чўчийдиган, шу куним ўтса бўлди, эртага бир гап бўлар қабилида иш қиладиган ва энг даҳшатлиси, шифокор ҳам, ўқитувчи ва ҳатто муллалар ҳам аслида пора олмасдан рўзғор тебрата олмаслигини табиий деб қабул қиладиган жамиятда яшайверамизми?
Балки етар?!

Сурат манбаси, AP
Балки бу яраларни аста-секин бўлса ҳам очармиз, балки “барака топгур, прокурор ака, сизга давлат берадиган ойликка бунақа иморат қуриб бўлмайди”, деб айтиш, давлат томонидан бу каби ҳолатларни текшириш вақти келгандир?
Бундан бир неча йил аввал акамнинг йўли Дубайга тушганди, ёдингдами, бизникида ўтиргандик сафар хотиралари билан ўртоқлашиб... Уни нима кўпроқ ларзага солгани ҳам ёдингдами? Учоқдаги воқеа... Ёдингга солсам...акамни Дубайдаги ҳаво қўналғасида кутиб оладиган ўртоғи яна бироз турайлик, “Тошкентдан нозик меҳмон бор, салом-алик қилиб қўямиз”, дейди. Акам бу меҳмоннинг кимлиги билан қизиқади. Бир неча бор сўрайди. Акамнинг дўсти ниҳоят ўша нозик меҳмонни кутиб оладиган уч-тўрт кишининг ёнига боради, чиқиш йўлакчасида бир ўзбек йигит кўринади, ҳамма тавозеда, ҳамманинг қўли кўксида... Ниҳоят, кутиб олиш жараёни якунланади, уйга келишади, акамга дўстининг айтишича, бу нозик меҳмон “Тошкентнинг манаман” деганларидан экан... Тоқати тоқ бўлиб, акам, ким экан ўша манаманинг деб жиғийбийрон бўлади. Дўсти жавоб қилади. “Ошна, бу йигит Алматовга яқин, отаси Алматовнинг шофёри, дам олгани келган”, дейди! Кел, изоҳ бермай бу воқеага...
Мана шунақа жамиятда яшаймизми?

Сурат манбаси, none
Миллионлаб ўзбекистонлик Президент айтмиш Россияда кўча супуриб юрибди! Отахон уларни “дангаса” деб, улардан “жирканаман” қабилида гапириб балога қолди, аммо бир томондан Президентни тушунаман, албатта орзу қилади у ҳам, бир ўзбек бўлса, Москвада кўча супурмасин, ризқини ватанда топсин дейди...
Президент борган жойни аввалдан “обод қилиб қўйиб”, суҳбатига фақат “тўқлар” рўпара қилинавергандан кейин, у нима қилсин? Қаердан билсин ҳақиқий аҳволни? Халқ ҳолини билмай ўтган шоҳлар тарихда озми, дўстим?
Айримлар меҳнат муҳожирлари қайтиб ўзимизда ҳам ишласа бўлади деб дакки берибди, хўп, қайтсин ҳам улар, аммо қаерда ишлайди?
Қани иш ўринлари? Иш топган тақдирда ҳам, берадиган маошга яшаш мумкинми? Ёки бунга ҳам кўз юмамизми, қаноат қилсин, шукр қилсин, етади деб ёлғон даъво қиламизми?
Муаммо эса аслида чуқурроқ...Бир учун анъаналарга бориб тақалади, дўстим, аммо афсуски, телевизору радиодан, журналу газетадан ана шу анъаналар миллийликнинг энг олий кўриниши сифатида таърифланади! Рағбатлантирилади! Тўйлар, тўйлар, тўйлар... Кимдир айтди, Тошкентда қуда-андалар тўйдан аввал қўй тортиқ қилса, бу қўйни ЯСАНТИРИБ олиб боришаётган экан! Бундан юз йил аввал Беҳбудийнинг оҳи осмонга ўрлаган эди бу тўйпарастликдан ёзғириб! Юз йилки, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ! Йиллаб йиғилган сармоя маърифат учун эмас, “бировлардан кам бўлмайлик” деган ақида, дабдаба ва манманлик йўлида совурилади!
Бу каби тўйлар миллатнинг анъанаси, фахри эмас, балки энг жирканч иллати экани ҳақида қачон гапирамиз?
Миллат ўлароқ, биз фахр қиладиган турфа хислатлар билан бирга мутлақо, шафқатсизларча жирканадиган иллатларимиз борлиги ҳақида қачон бонг урамиз?
Раҳматли қизиқчи Ҳожибой Тожибоев айтмиш, ҳамма дардимизга ҳам қўй ёғи даво бўлмайди! Қачон иситмалаб ошкор қиламиз касалликларни?!
Муҳожирлар эса...мана қара, ўртача бир оиланинг ойлик даромадини 300 доллар деб олайлик! Бу тасаввуримиздаги оиланинг камида икки фарзанди бор деб фараз қилайлик, энди қўрқмасдан, ана шу ҳисобдан коммунал тўловлар, озиқ-овқат, мактаб учун дарсликлар, кийим-кечак, йўл ҳақи... ва бошқа нарсалар учун харажатларни чиқариб ташлайлик. Қанча қолди? Қанча йиғиш керак уй олиш учун?
Ўн йилда бу даромад билан машина олса бўладими? Миллионлаб ўзбекистонликлар нима учун ватанни ташлаб чиқаётгани ҳақида саволга энг жўн жавобни бердимми?
Ҳамма ҳам вазирликда ишламайди, ҳамманинг ҳам отаси вазирнинг ҳайдовчиси эмас!

Сурат манбаси, Getty
Ғарбдан эса...минг сўкмайлик, минг бурнимизни уйнинг шифтига қадар кўтаришга ҳаракат қилмайлик, ҳали кўп нарсани ўрганишга тўғри келади, бир пайтлар булар бизнинг бобокалонларимиздан ўрганишга ор қилмаган! Шунинг учун ҳам гуллаб-яшнамоқда тиббиётидан тортиб, замонавий технологияларига қадар... Ҳар нарсани сассиқ дейишга ўргатилган бурунларни кесиб ташласа ҳам бўлаверади!
Масалан, илм-фанга эътиборни ўрганайлик! Телевизордан ё концерт, ё сериал ва ё ваъзхонлик қилмасдан, илмий, ҳужжатли ва дунёқарашни кенгайтирадиган, дунёбохобар қиладиган кўрсатувларни намойиш қилайлик. Бу унчалик қийин иш эмас. Ҳатто жуда осон, ақлли ёшларнинг бештаси танлаб олинади, ўнлаб ҳеч кимга кераги бўлмаган таҳририятдан атиги биттаси қисқартирилади ва пул шу ёшларга берилади!
Бу ерда талабанинг фикру хаёли ўзи истаган соҳанинг энг илғор вакили бўлиб етишмоқлик, биласанми, агар ўрганмаса, дарсини қилмаса, отаси вазирнинг ҳайдовчиси бўладими, ҳатто вазир бўладими, фарқи йўқ, диплом олиш имконсиз!
Энг яхшиси яна биласанми нима, иқтидорли ёшлар учун грант берилади, давлат деярли фоизсиз кредит беради, ёрдам пули ажратади...Чунки халққа хизмат қиладиган ҳукумат мамлакат ободлигининг гарови ростдан ҳам ёш авлод эканини билади, шунга чин дилдан ишонади, қолаверса ана шу ишонч, ўз давлатини сарбаланд кўриш сиёсатнинг устунига айланган.
Шунинг учун ҳам бу ерда сайлов вақти одамлар партияларнинг дастурамалида таълим тизимига доир нима бор экан, фарзандларимиз келажаги учун қандай хизмат қилар экан деб обдон текшириб, кейин овоз беради!
Бизда қанақа? Сайловдан аввал биласан ким ютишини, қаерда бўлмагин қаршингга тури кўп бўлса ҳам, моҳияти бир хил “номзод”лардан “танлов” имконияти берилади!
Ғарбда ҳам ҳаммаси бинойидек эмас, аммо ўрганадиган томонларимиз тиқилиб ётибди, ҳеч қурса маиший порахўрликни йўқотишган бу ерда!
Албатта, чет эллардан келган талабалар учун вазият бошқачароқ, бошида ҳатто қийин бўлади, чунки янги муҳит, янги қадриятлар... Чунки ватанда ўқиш тизими мутлақо бошқача, айрим ҳолатларда мантиқсиздир!
Масалан, келажакда ўз соҳангга мутлақо алоқаси бўлмаган фанлардан имтиҳон топширасан ва ёки шу фанни ўқишинг шарт. Бир ўйлаб кўргин, шунда ҳам фақат бизнинг курсга қанча талаба ўз кучи билан кирган эди?
Ўз кучи билан барча фанлардан ҳам имтиҳон топшириб чиқар эдими?
Нима қилиш керак?

Сурат манбаси, none
Тинчлик бўлса, омонлик бўлса, шукр, қора қозоним қайнаб турибди деган ишчини ҳам, вазирни ҳам ишдан олиш керак!
Ўзинг ўйлаб кўр, бунақада тараққиёт бўладими?
“Бола-чақа бор” деб баҳона қилаётган минглаб, балки юз минглаб ва миллионлаб миллатдошу диндошларимиз ҳеч қурса ...шу бола-чақасини ўйлаб кўрадими?
Тинчлик бўлса, омонлик бўлса, ҳа қора қозоним қайнаб турибди дейдиганлар бизда вагони билан топилади.
Салгина бошқача гапириб қўйсанг, тамом, ношукр, агар танқид қилиб қўйсанг “хоин”га айланасан!
Очиғи дўстим, агар хоинлик менинг мана шу куйинишларим билан ифодаланса, ҳа, мен хоинман!
Омон бўл,
Муҳожир дўстинг
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












