Дўстум: "Менга қарши жанг қилаётганлар - чечен, уйғур, ўзбеклар"

Афғонистон шимолида аксил-ҳукумат Исломий жангариларга қарши курашга бошчилик қилаётган Генерал Абдулрашид Дўстум унга Толибон эмас, Исломий Давлат сафидаги аксар ўзбеклар қарши жанг қилаётганларини айтди.
Би-би-си билан суҳбатда асли ўзбек генерал, Афғонистон вице-президенти Дўстум: "Биз билан урушаётганларнинг кўпчилиги Доишчилар (Исломий Давлат жангарилари), чечен бор, уйғур бор, кўпроқ Ўзбекистондан мухолифлар бор... Бу ерда маҳаллий Толибоннинг 1 минг одами бор, лекин улар менга ўқ отмайди, мен ҳам отмайман", - деди.
"Бу фақат Фарёб вилояти уруши эмас, балки бутун шимол ва бутун Афғонистон уруши", - деди у ва келгуси кунларда минглаб ва юзлаб ўзбек ва бошқа хорижий жангарилар унга таслим бўлишларига ишонишини билдирди.
У, шунингдек, ҳозирда ўзларини ўлдириш билан таҳдид қилаётган ўзбеклар ҳақида сўзлаб берди.
"Фарёб вилоятининг Хўжакенти тумани Таймани қишлоғида уйлар ўраб олинган. У ерда 24-25 ўзбек таслим бўлишса Ўзбекистонга топширилишларидан қўрқиб ўзларига бомба боғлаб олганлар. Улар ўзларини портлатиб юборишларини айтаяптилар. Лекин у ерда 16та оила ҳам бор, аёллар, бола-чақалари бор. Мен учоқ билан у ерга ҳужум қилмасликка буйруқ бердим", - деди Генерал Дўстум.
"Дуо қилинглар"
Айни дамда Би-би-сига Телеграм орқали келган мурожаатномада ўзини Нусратуллоҳ Хуросоний деб атаган киши Фарёбдаги жангда ҳукумат кучларига мағлуб бўлаётганларини айтди.
Мурожаатнома ўзбек тилида ёзилган.
"Фарёб вилоятига Муртадлар бостириб келди. Айни дамда жанглар шиддат билан кечмоқда. Ёрдамга Бодғис вилоятидан мужоҳидларимиз етиб келдилар. Мужоҳидлар қўлида бўлган туманлар бирин кетин қўлдан кетмоқда. Ҳар доимгидек Т.....лар (Толиблар, демоқчи) жангсиз минтақаларни ташлаб қочмоқда. Дуода бўлинглар...."
Нусратуллоҳ Хуросоний 29 июль санаси билан юборган яна бир мурожаатномасида Қундуз вилоятидаги жангларни тасвирлайди.
"Қундуз вилоятининг Қалаизор туманида, Исломий Давлатимизнинг мужоҳидлари душман йўлини яқин қилувчи катта кўприкни портлатиб юбордилар. Ҳозирда Қалаизор туманининг ярми мужоҳидларимиз қўлида қолмоқда. Бундан бир неча кун аввал кечган жангларда биродарларимиздан икки киши шаҳодатга етишди. Эслатиб ўтамиз, Афғонистоннинг мазкур Қундуз вилоятида жамоатимиз қора байроқ остида, (Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари) Усмон Ғозийга итоат қилган ҳолда жанг қилмоқдалар."
Ўтган йил сентябрида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати раҳбари Мужоҳид Усмон Ғозий ўз ҳаракатининг Исломий Халифат билан бир сафда эканини эълон қилганди.
Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Толибоннинг Афғонистон ҳукумати билан олиб бораётган музокараларини қоралаб келади ва ўн кун аввал Толибонни Исломий Давлат сафига қўшилишга ундади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












