Нарендра Моди Марказий Осиё бўйлаб сафарда

Сурат манбаси, none
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Ўзбекистонга етиб борган.
Бу Моди жанобларининг Марказий Осиё давлатлари ва Россияга 8 кунлик расмий сафари илк манзилидир.
Ҳиндистон Ички ишлар вазирлигига кўра, мақсад мазкур давлатлар билан савдо, иқтисод, энергетика ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришдир.
Тошкентда ҳам Ҳиндистон Бош вазири Президент Ислом Каримов билан учрашади ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид асосий келишувларни имзолаши кутилади.
Кейин Нарендра Моди Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистонга ҳам боради.
Шунингдек у Россияга сафар қилиб, Уфада ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти йиғинида ҳам иштирок этишни режалаган.
Саммитда Ҳиндистоннинг ШҲТга аъзо бўлиб кириши кутилмоқда.
Ҳозирда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонни ўз ичига олган мазкур ташкилотда Ҳиндистон кузатувчи мақомига эга.
Бундан олдин, Ҳиндистон Покистон ва Эрон билан бирга ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кириш истагини изҳор қилганлари ҳақида хабар қилинганди.
Шунингдек, Нарендра Моди Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка давлатлари иштирокидаги иқтисодий саммитда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистонга сафар
Бош вазир Фейсбукдаги саҳифасида Марказий Осиёга сафари ҳақида ёзар экан, Ҳиндистоннинг ушбу давлатлар билан алоқаларини кучайтириш ниятида эканини айтган.
Нарендра Моди Президент Ислом Каримов билан учрашиши ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид муҳим келишувларни имзолаши ҳақида билдирган.
"Сафарим Марказий Осиёдаги энг аҳолиси кўп мамлакат - Ўзбекистондан бошланади. Ҳиндистон ва Ўзбекистон яқин стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбекистонда Президент Ислом Каримов билан музокаралар олиб бораман ва биз мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга оид асосий келишувларни имзолаймиз. Биз Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларимизни кенгайтиришни, савдо ва иқтисодий ришталарни кучайтиришни истаймиз..." деб ёзган Ҳиндистон Бош вазири Фейсбукдаги саҳифасида.
Шу ўринда Моди жаноблари Президент Каримовнинг Ҳиндистонга беш бор, жумладан тўрт марта Президент сифатида борганини эслатади.
Ўзбекистон раҳбарининг Деҳлига сўнгги сафари 2011 йилда бўлганди.
"Маълумки, ҳинд фильмлари, тили ва мусиқаси Ўзбекистонда жуда машҳур. Ўзбек радиоси 2012 йилгача 50 йил давомида ҳинд тилида эшиттириш узатган", дея қўшимча қилган Нарендра Моди.
У ўз ташрифи давомида ҳиндшунослар, ҳинд тилини ўрганувчи талабалар ва ҳинд жамоаси вакиллари билан учрашиши ҳақида ҳам айтган.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди "Ўзбекистонда 3000 дан ортиқ ҳиндлар" яшашини ҳам қайд этган.
Ўз ўрнида, жаноб Моди ўз сафари ҳинд−ўзбек муносабатларини янада ривожлантириш йўлида йирик қадам бўлишига умид билдирган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
Skype - bbcuzbekradio












