'TeliaSonera" машмашаси: 'Takilant" ҳиссалари қаерда?

"Телиасонера" мобил телефон ширкатининг Ўзбекистон бозорига кириб бориши билан боғлиқ текширув жараёни давом этаётгани айтилмоқда.

Ҳозирда пора бериш ва ноқонунуий молиявий фаолият билан боғлиқ текширув иши Ўзбекистонда Ucell номи билан танилган ширкат тегишли бўлган "Телиасонера" устидан уч мамлакатда, Швеция, Голландия ва АҚШ да кетмоқда.

"Телиасонера"нинг молиявий ҳамкори бўлган "Такилант" ширкати раҳбари Гаяне Авякан Ўзбекистонда қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

"Телиасонера"нинг кириб келишига бош-қош дея кўрилган Гулнора Каримова эса уй қамоғида эканлиги айтилади.

Булардан ташқари текширув жараёнлари ҳақида ҳозирда нима маълум?

Иш юзасидан журналистик текширув олиб бораётган швециялик журналист Ола Вестербергнинг айтишича, текширув жараёни борасида тафсилотлар у қадар кўп маълум эмас, лекин шу йилнинг охирига бориб тугаши тахмин қилинмоқда.

Ола Вестерберг: Швеция текширувчиларининг айтишларича, "Телиасонера" иши бўйича текширув жараёни шу йил охирларига бориб тугалланади. Агарда, шундан сўнг маҳкама жараёни бошланса, менинг тахминимча маҳкама бўлади, демак бу жараён келгуси йил бошларида бошланишини кутишимиз мумкиндир. Текширув жараёни қандай кетаётгани ва қандай босқичда эканлиги ҳақида у қадар тафсилотлар ва маълумотлар йўқ. Энг охирги тафсилотлардан бири бу америкалик текширувчилар "Телиасонера"нинг ҳамкори бўлган "Такилант" ширкатига тегишли банклардаги пулларнинг музлатиб қўйилишини талаб қилишганидир. Бу пуллар аллақаччон Швеция ва Голландияда ўтаётган текширувлар доирасида музлатиб қўйилганди. Энди айтишимиз мумкинки, бу пуллар уч карра музлатилган.

Би-би-си: Америка томонининг бу ишга қандай алоқаси бор, улар нима учун бу пулларнинг музлатилишини талаб қилиб, текширув очганлар?

Ола Вестерберг: Менга маълум бўлишича, бунинг икки сабаби бор. "Телиасонера" Ню-Йорк биржасида қайд қилинмаган бўлса ҳам, АҚШ нафақа жамғармалари ва бошқа сармоядорларнинг бу ширкатда пуллари бўлгани учун ҳам бу иш Америка адлия тизимининг салоҳиятига киради. Яна баъзи маълумотларга кўра, лекин буни тасдиқлашнинг имкони йўқ, гўё "Телиасонера" ва "Такилант" ўртасида ҳисоб-китоблар Америка долларида амалга оширилгани учун ҳам америкалик текширувчилар бу соҳада иш очишлари мумкин экан.

Би-би-си: Швециядаги асосий текширув жараёни тафсилотлари ҳақида нималар маълум?

Ола Вестерберг: Текширув жараёни ҳақида маълумот жуда кам. Текширувчиларнинг айтишларича, улар гумон остидагиларнинг сўроққа тутилиши, маълумот йиғиш ва ҳужжатларни бўлишишда бошқа мамлакатларнинг ҳамкорлигига муҳтожлар. Масалан улар Швейцариядан баъзи ҳужжатларни талаб қилганлар. Лекин бу ўта мураккаб процессуал жараён. Баъзи далиллар тақдим этилган, лекин ҳаммаси эмас. Чунки, менинг тушунишимча, Швейцария қонунларига мувофиқ бошқа мамлакатга тақдим этилишидан аввал ҳар бир ҳужжат ёки далил маҳкама қарори билан берилиши мумкин.

Би-би-си: Ўзбек томони-чи, улар текширувчилар билан не қадар ҳамкорлик қилмоқдалар?

Ола Вестерберг: Менимча ҳеч қандай ҳамкорлик қилаётганлари йўқ. Улар ҳамкорлигининг бирон белгисини кўрганим ёки эшитганим йўқ. Менинг эшитишимча, Ўзбекистон томони дипломатик дахлсизлик сабабини рўкач қилиб, ҳатто Швеция текширувчиларининг Швейцариядан баъзи далилларни олишларига қаршилик кўрсатишган. Бу асосан Гулнора Каримованинг Женевадаги уйида топилган ашё ва ҳужжатлар билан боғлиқ

Би-би-си: Лекин Ўзбекистонда Гулнора Каримова уй ҳибсида эканлиги, "Такилант" ширкати раҳбари бўлган Гаяне Авакян ҳам маҳкама тортилиб, қамоқ жазосига ҳукм қилингани маълум. Ана шу билан Ўзбекистон бу иш бўйича "ўз текширувимизни ўтказдик, айбдорларни жазога тордик, иш ёпиқ энди", деб кўрсатишга уринаётган бўлиши мумкинми?

Ола Вестерберг: Балки Ўзбекистон буни шундай тақдим қилишга уринаётгандир. Лекин ташқи жаҳон буни шундай кўряпти, деб айтмаган бўлардим. Бирон мамлакат расмийлари буни шундай кўраётганлиги ҳақидаги баёнотга биз гувоҳ бўлмадик. Масалан, Швеция учун иш ёпиқ эмаслиги аниқ. "Телиасонера" иши бўйича ширкатнинг уч юқори лавозимли ходими порахўрликда гумон қилиниб, текширувдан ўтказилмоқда.

Би-би-си: "Телиасонера"нинг Ўзбекистондаги бизнесининг 6 фоиз ҳиссалари "Такилант"га тегишли эканлиги айтилганди. Дейлик, ҳозирда "Такилант" амалда мавжуд эмас, лекин бу ҳиссаларга нима бўлди? "Телиасонера" уларни ўзига қайтариб олдими ёки қайта тақсимлаб чиқдими?

Ола Вестерберг: Менинг билишимча ҳиссалар ҳануз "Такилант"га тегишли. Мен яқинда "Телисонера"дан Ўзбекистондаги бизнеси ҳиссалари келтираётган фойдадан бирон дивидендлар тўланганми, йўқлигини суриштиргандим. Улар "йўқ" деб жавоб беришди. Демак, "Талиасонера" ҳам "Такилант" ҳам Ўзбекистондаги бизнесдан фойда олмаяптилар. Фикримча "Такилант"га тегишли ҳиссаларга нима бўлиши борасида ҳеч ким ҳеч нарсани қайта ҳужжатлаштирмаган, ҳамма нарса мавҳумлигича қолаверган. Ҳиссаларга эгалик тизимини ўзгартиришмаган. Бундан ташқари, менга маълум бўлишича, ҳозирда "Такилант" "Телиасонера"нинг Ўзбекистондаги бизнеси бошқарув кенгашида ўз вакилига ҳам эга эмас.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio