Ўзбекистон Марказий Банки Россия хабарларини "провокация" деб атади

Сурат манбаси, Getty
Россия оммавий ахборот воситаларида, хусусан "Россия-24" телеканали орқали Ўзбекистонда валюта операциялари тўхтатилгани борасида тарқатилган хабарни Ўзбекистон Марказий Банки қаттиқ танқид остига олди.
Марказий Банк расмий баёнот чиқариб, бу хабарларни "уйдирма гап ва қип-қизил провокация" деб атади.
"Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига биноан, амалдаги халқаро операциялар ва улар билан боғлиқ хорижий валюта савдоси чекловларсиз давом этмоқда", - дейилади баёнотда.
Банк баёнотида айтилишича, Халқаро Валюта жамғармаси жорий йилнинг апрель ва май ойларида ўтказган текширувлари Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий мавқеи мустаҳкам эканини тасдиқлаган.
"Ҳозирда расмий алмашув курси 1 долларга 2527 ўзбек сўмини ташкил қилади, Россия канали айтганидек 5000 сўм эмас", - дейилади Марказий Банк раддиясида.
Ўзбекистон Марказий Банки ўз баёноти расмий раддия сифатида Россия оммавий ахборот воситаларида ёритилишини талаб қилди.
Ўтган ҳафта тарқаган хабарларга кўра, Ўзбекистонда юридик шахсларга давлат курсида доллар сотиш тўхтатиб қўйилганди. Ушбу чора тадбирлар қора бозорда кўкка сапчиган долларни жиловлаш учун қилинаётгани айтилган.
Интернет тармоғида Марказий Банкнинг оғзаки кўрсатмаси асосида ҳуқуқий шахсларга ва хорижлик сармоядорларга давлат курсида доллар сотишни тўхтатиб туришни топширгани ҳақида хабарлар чиқди.
Би-би-си билан суҳбатлашган тадбиркорлар бундан олдин ҳам банкдан давлат курсида доллар олиш осон бўлмаганини айтишди.
Бир тадбиркорнинг айтишича, шу вақтгача ҳуқуқий шахслар четдан ускуна келтириш учун ўзининг бизнес режасини кўрсатган ҳолда ва банкка ўзбек сўмини қўйган ҳолда доллар олган.
"Лекин бу жараён жуда ҳам қийин эди. Пулни олиш учун ҳамкоримиз бир йил кутди. Шу вақт давомида унинг миллий валютадаги пули банкда турди. Бир йилдан кейин давлат курсида 100 минг доллар олди. Пулнинг ишлатилмасдан банкда туриши тадбиркор учун жуда катта салбий ҳолат. Чунки бизнесда пулингиз айланиб турмаса иш орқага кетади", - дейди тадбиркор.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












