Каримов Москвадаги парадда қатнашмайди

Сурат манбаси, RIA Novosti
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабаридан англашилишича, Президент Ислом Каримов 8 май куни Москвадаги МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий саммитида иштирок этади, аммо 9 май куни ўтадиган тантанали парадда қатнашмайди.
"Ислом Каримов Россия Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан 8 май куни Москва шаҳрига ташриф буюради ва Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида МДҲ давлат раҳбарларининг учрашувида иштирок этади", дейилади Ташқи ишлар вазирлигининг веб саҳифасида чоп этилган хабарда.
Расмий хабарда жаноб Каримовнинг Москвадаги парадда иштирок этиш-этмаслиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган, аммо ундан ташрифнинг фақат бир кунлик эканини англаш мумкин.
9 май куни жаноб Каримовнинг Тошкентда ўтадиган расмий тадбирларда қатнашиши кутилади.
Чоршанба куни Тошкентда чоп этиладиган "Новый век" рўзномаси Ўзбекистон Президентининг матбуот хизматига таяниб, жаноб Каримов Москвага бормаслиги, 9 май куни Ўзбекистоннинг ўзида ўтадиган тадбирларда фаол иштирок этишини хабар қилган эди.
Иккинчи жаҳон урушида 1.4 миллиондан ортиқ ўзбекистонликлар иштирок этишган, улардан 400 мингдан кўпи ҳалок бўлган, 130 минг одам бедарак кетган.
9 май Ўзбекистонда 1999 йилдан буён Ғалаба куни эмас, балки "Хотира ва қадрлаш куни" сифатида нишонланади.
Шу куни Президент Каримов Тошкентдаги "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулчамбар қўяди ва уруш фахрийлари билан учрашади.

Сурат манбаси, umida ahmedova
Ўзбекистон Президенти Москвада 2005 йилги парадда иштирок этган эди.
Меҳмонлар рўйхати
Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг ўн йиллик саналари Россияда ўзгача тантана билан билан нишонланади.
Бироқ ушбу байрам бу йил анча сиёсий тус олган.
10 йил олдингидан фарқли равишда, бу сафарги парадда иштирок этишни билдирувчи давлат раҳбарларининг сони кундан-кунга камайиб бормоқда.
Шу кунгача 26 давлат раҳбари тантаналарда иштирок этмаслигини билдирган.
Бунга Украинадаги воқеалар ва унда Россиянинг роли сабаб қилиб келтирилмоқда.
Ўзбекистон Украинанинг мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаган ва инқирозни музокаралар йўли билан ечишга чақирган.
Таҳлилчилар расмий Кремл парадга келувчи давлат раҳбарларининг сонини кўпайтириш мақсадида МДҲ давлатларининг норасмий йиғилишини атайин 8 май кунига белгилаганлигини айтишади.
Бироқ МДҲга аъзо 11 давлатдан 3 таси Украина, Молдова ва Ўзбекистон ушбу саммитда иштирок этмаслигини билдирган.
Беларус президенти Александр Лукашенко эса, саммитдан сўнг Минскка учиб кетишини ва мамлакатида 9 май куни бўладиган ҳарбий парадда иштирок этишини айтган.
2010 йилда Тошкентда совет аскари хотирасига қўйилган ёдгорликнинг бузиб ташланиши Москванинг ғазабли муносабатига сабаб бўлган эди.
Расмий Тошкент шўро аскарига қўйилган ҳайкал Иккинчи жаҳон уруши жангчиларининг хотираси тимсоли бўлмагани, балки "бор-йўғи эски тузум мафкурасини акс эттиргани"ни айтган.
Шу йилнинг март ойида Ангрен шаҳридаги Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган ангренликлар хотирасига ўрнатилган ҳайкал ҳам бузиб ташланган.
Расмийлар ҳайкал шаҳарни қайта таъмирлаш меъморчилик режасига тўғри келмагани важидан бузилганини айтишган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
Instagram – BBC UZBEK
Twitter – BBC UZBEK
Odnoklassniki – BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio












